Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

30 April, 2024, 01:43

Қишлоқ хўжалиги

«Бизнинг анорзоримизни совуқ урмади» – дейди чустлик миришкор боғбон Илёсжон Мансуров

  • 21.Ноября.2023
  • 310

Чуст туманининг Қайирма қишлоғида шундай бир хонадон бор-ки, ундан эрта-ю кеч меҳмонларнинг қадами узилмайди. Биров хонадон соҳиби Илҳомжон билан мириқиб суҳбатлашиш учун келса, бошқаси у кишидан бола тарбияси, уй-рўзғор ташвишига оид бирор масалага жавоб излаган бўлади.

Изланиш, ҳаракат қилиш, ўқиш ва ўқиганни уқиш – Илҳомжон учун бир умр ҳаёт шиори бўлиб келди. У киши бутун умрини эртамиз эгаларининг илмли-билимли бўлиб вояга етишлари учун сарфлади. Касбига бўлган жонкуярлиги, ҳар бир мавзуга янгича руҳ, ёндошувларга бой анъанавий, ноанъанавий ва замонавий ахборот технологиялари асосида дарсларни ташкил этиши билан ўқувчиларида фанга бўлган муҳаббатни янада оширди. Дарсдан бўш пайтларида эса турмуш ўртоғи, бир ўғил ва уч қизини ёнига олиб анор-у ўриклар кўкка бўй чўзган боғда меҳнат қилди. 

Ҳозирда Илҳомжон нафақада бўлса-да, ҳамон тинмаяпти. Ёнига ўғли Илёсжон ва набиралари ҳам қўшилган.

– Дадам олий маълумотли бўлганлари боис доим биз фарзандларининг ҳам ўқишига алоҳида эътибор қаратдилар, – дейди Илёсжон Мансуров. – Мен ҳам 2000-2004 йилларда Наманган муҳандислик-педагогика институтининг механика факультетида ўқидим. Диплом олганимдан сўнг, Чустдаги машина-трактор паркида мутахассислигим бўйича ишладим. Ҳозирда эса уч гектарлик боғимизда иш билан бандман.

И. Мансуровнинг айтишича, боғда саккиз юз туп анор, юз туп ўрик парваришланаётган экан. Икки йил олдин яна бир гектар ерда хурмозор барпо этишибди.

– Ўтган йилги аномал совуқ оқибатида кўпчиликнинг хонадонидаги анор кўчатлари қуриб қолди, сизда эса шохлари ҳосилни кўтаролмай турибди-я, – деб сўраймиз Илёсжондан ҳайратимизни яширолмай.

– Болалигимдан дадамга ёрдам бериш учун боғда ишлаб юрганимда ҳар йили куз ойларида анорни кўмиш шартлигини уқиб олгандим, – дейди боғбон йигит жилмайганча. – Ҳозир ҳам уларнинг ортиқча шохларини кесиб, бутаб, боғлаб, аввалроқ сув қўйилган эгатларга кўмишни бошлаб юборганмиз. Фақат шундагина янги йилда ҳам мўл ҳосил олишимиз мумкин-да. Умуман олганда, анордан мўл ҳосил олишнинг яна бир қанча талаблари бор: юқоридагиларга қўшимча равишда вақтида сув бериш, қурт ва бошқа ҳашоратларга қарши дорилаш каби машаққатларни енгиб ўтилсагина кўзланган даромадга эга бўлиш мумкин.

Илёсжон билан яна анча суҳбатлашдик. У эрта баҳор ва кеч кузда маҳалладан ҳашарчиларни чақириб, қўлларига нақд пул бериб одам ишлатишини, топган маблағини фарзандларининг яхши таълим олиши, уй-жой таъмирига сарфлаётганини, яқин келажакда ота-онасини муқаддас Ҳаж зиёратига олиб боришни ҳам мақсад қилганини айтди. Гапининг охирида эса яна қуйидагиларни қўшиб қўйди:

– Сўнгги йилларда юртимизда улкан ўзгаришлар юз берди. Айниқса, ёшларга берилаётган имкониятларни ҳар қанча таърифласа арзийди. Менинг ҳам бир ўғлим ва икки қизим бор. Улар ҳозирда мактаб ўқувчилари бўлишса-да, келажакда олий маълумот олиб, шу муқаддас заминимиз равнақи учун ҳисса қўшадиган инсон бўлишга аҳд қилган ҳолда фақат аъло баҳога ўқишмоқда. Дарсдан бўш пайтларида эса боғда менга ёрдам беришяпти. Зеро, меҳнатнинг таги роҳатлигини ҳозирданоқ яхши англаб етишган.

Мансуровлар боғида етиштирилган ўн беш тоннадан ортиқ анор ва ўриклар эса нафақат бизнинг, балки қўшни давлатлардаги бозорларнинг тўкинлигига хизмат қилмоқда.

Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь