Қисқа сатрларда

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

Шавкатжон Абдураззоқов: «Фестивалга тайёргарлик ишларини тезроқ якунлаш керак!»

14 May, 2024, 02:57

Қишлоқ хўжалиги

Эрта экиш – ҳосилдорлик гарови

  • 03.Марта.2022
  • 621

Вилоятимизда чигит экиладиган майдонларда намлик етарли даражада бўлишини таъминлаш пахтакорларнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Туманларнинг турли тупроқ-иқлим шароитларида пахта етиштиришда сунъий равишда суғормасдан  кўзланган ҳосилни олиб бўлмайди. Бундан ташқари, ҳудудларда сув манбалари чегараланган. Шунинг учун чигитни ернинг табиий намига ундириб олишда   сувдан тежамкорлик билан оқилона фойдаланиш  муҳим аҳамият касб этади. Бунда тупроқнинг 8–10 см. юза қатламида бороналашни мақбул муддатда ўтказиш айни муддао. Агар бу тадбир барвақт ўтказилса тупроқнинг зичлашишига олиб келади, аксинча, кечикиб ўтказилганда эса тупроқ юзасида нам етишмаслигидан тўлиқ ниҳол олишнинг имкони бўлмайди, кўчат сийрак бўлиб қолади.
Ер тайёрлашда оптимал муддатни  билиш учун дала ичига кириб, тўлиқ бир кетмон чопиб, чопилган ердан қўлга бир ҳовуч олиб эзилса, лой ёки пахса ҳолатига келса ерга ташлаганингизда майдаланиб кетмаса, ер етилмаган бўлади. Агар олган тупроғингизни қўл ичида эзилгандан сўнг ерга ташланганда майдаланиб кетса, ерни тайёрлаш учун бобо деҳқонларимиз тили билан айтганда оптимал муддат бўлади.
Ер етилиши билан маъданли ўғитлардан фосфор ва калий картограммага асосан солиниб, борона тиркалган ҳолда чизел қилинади. Экиш олдидан ҳам бир марта борона қилиб, мола босилади. Агар экишгача далада бегона ўтлар кўп бўлса, ер чизелланади, борона қилиниб, бегона ўтлардан тозаланади ва мола босилиб чигит экилади.
Экиш олдидан тупроққа ишлов беришда ҳолатига қараб қуйидаги тадбирлар амалга оширилади: шўрланмаган, бегона ўтлардан тоза майдонлар бир вақтнинг ўзида бороналанади ва текислагич агрегатлар ёки мола ёрдамида текисланади. Бегона ўтлар босган майдонларда бороналар воситасида кўп йиллик илдизлари тозалаб чиқарилади. Юзада қолган илдизлар эса қўлда терилиб, ёқиб юборилади. 
Эрта баҳорги бороналаш муддати тупроқнинг механик таркиби, об-ҳаво шароити ва тупроқнинг етилишига қараб белгиланади. Ёғингарчилик кам бўладиган ҳудудларда бороналаш февралнинг иккинчи ярми - мартнинг бошларида, бошқа ҳудудларда мартнинг иккинчи ярмида ўтказилади. 
Бороналаш тупроқ юза қисмининг майда донадор бўлиши, намнинг узоқ сақланиши ҳамда зарарли тузларнинг юқори қатламларга кўтарилишининг олдини олиши баробарида бегона ўтларга қарши курашда яхши самара беради. Эрта баҳорги бороналаш бир марта, фақат айрим ҳоллардагина ер бети қаттиқ қатқалоқ бўлиб қолганда иккинчи маротаба ўтказилади.
Пушта олиш ишлари экиш схемаларидан келиб чиқиб 25-28 см. чуқурликда ўтказилади. Кузда минерал ўғитлар солинмаган бўлса,  пушта олиш билан бирга фосфорли ва калийли ўғитлар берилади.
Маълумки, дунё бўйича ғўзанинг 100 дан ортиқ касалликлари учрайди ва ушбу касалликлар таъсирида етиштириладиган ҳосилнинг 10–20 фоизи ва ундан ҳам кўпроғи йўқотилади. Вилоятимизда ғўза касалликларидан: бактериялар қўзғатадиган гоммоз ва замбуруғлар қўзғатадиган илдиз чириш, вертициллёз ва фузариоз, вилт касалликлари тарқалган.
Пахта тозалаш ёки уруғлик чигит тайёрлайдиган заводлардан келтирилган тукли чигитларни экиш олдидан намлашга катта аҳамият бериш керак. Чигитни намлаш ишлари табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади. Тукли чигитнинг 1 тоннасини намлаш учун 600 литр сув сарфланади.
Тупроқ турлари ва механик таркибига қараб чигит экишнинг энг маъқул чуқурлиги 4–5 см., секин қизийдиган оғир тупроқларда 3–4 см. бўлиб, тукли чигитлар гектарига 45–55 кг., туксиз чигитлар 25–30 кг. экилса, тўлиқ ва соғлом кўчат олишни таъминлайди.
Чигит экиш ишлари тўлиқ тугатилиши учун далалар чети, симёғоч ва ўқариқлар атрофи ҳам қўлда экилган бўлиши керак. Шундагина барча майдонларда тўлиқ гектарлар ҳосил қилинади.
Экиш мавсумини юқорида келтирилган тавсияларга амал қилган ҳолда қисқа муддатда ва сифатли ўтказиш ғўзадан эртаги ва мўл ҳосил олишга замин яратади.
Дала шароитида чигитнинг тўлиқ тушиши ва унинг кўмилиш чуқурлиги фермер ёки назоратчи агроном томонидан доимо кузатилиб борилиши шарт. Бу талаблар бажарилмай, экиш сифати бузилса, сеялка даланинг ўзида қайтадан созланади.

Абдуфаттоҳ ЗУННУРОВ,
вилоят агрохизматлар маркази раҳбари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь