Қисқа сатрларда

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

03 May, 2024, 08:58

Қишлоқ хўжалиги

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

  • 11.Марта.2024
  • 31

Гилос – кўпчилик севиб истеъмол қиладиган мева. Гилос меваси ўзининг витаминларга бойлиги билан ҳам ажралиб туради. Бу мева организмимиз учун муҳим бўлган кальций, темир, магний, фосфор, калий, натрий минералларига бой.

Одатда гилоснинг икки тури мавжуд: ширин ва аччиқ (нордон). Ширин гилос ҳўл мева сифатида истеъмол қилинса, аччиқ гилос эса асосан пишириқларда ва консервалашда ишлатилади. Гилос дарахти ўта нозик бўлиб, турли касалликлар (монилиоз, бактериал некроз, цитоспороз, илдиз бўғзи) туфайли осонгина нобуд бўлиши мумкин.

Гилос дарахтларини парваришлаш мушкуллигини инобатга олган ҳолда, уларни яхши намлик ўтказувчи ва сунъий равишда кўтарилган тупроққа экиш тавсия қилинади. Аччиқ гилослар ўз-ўзини чанглатиш хусусиятига эга, аммо ширин гилослар яхши ҳосил бериши учун чанглатувчи навлари билан бирга экилиши керак.

Кўчатларни экиш учун қуёш нури кўп тушадиган жой танлаш зарур. Гилос дарахти бир кунда камида 6 соат қуёш нурига тўйиниши лозим.

Улар мунтазам туман тушиб турадиган ҳудудларда яхши ўса олмайдилар. Айниқса, ёз мавсумида тушадиган туман уларни қуёшдан тўйинишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Дарахтга сийраклаштириш, қаватлаш усулида шакл берилади, ён шохлари 2–3 қават қилиб қолдирилади. Қуёш нури дарахт ичига яхши кириши учун ҳар йили ўсган шохлари 10 фоизга қисқартириб буталанади. Дарахтларнинг қариш даврида 4–5 ёшли шохлари кесилиб кўпроқ ёшартирилади. Агар куртак ҳаракатга келишидан олдин 3 фоизли ва гул тўкилгандан сўнг 1 фоизли бордо суюқлиги билан ишлов берилса, гилос дарахтларида кўп учрайдиган бактериал рак (елим чиқиш) касаллиги олдини олиш мумкин.

Гилос дарахти кўп сувга чидамсиз ҳисобланади. Кўп суғориш илдиз чириши ва бошқа касалликларларга чалинишига сабаб бўлади. Сувни яхши ўтказмайдиган тупроқлар гилос дарахти илдизлари учун муаммо туғдиради. Шунинг учун, оғир тупроқ шароитларида дарахтлар атрофида сув кўлмаклаб (йиғилиб) қолиши хавфи олди олиниши керак. Ёз давомида дарахтлар ривожланишини таъминлаш учун ариқ билан суғорилса, ҳар 10 кунда бир марта ёки томчилатиб ҳар 2 кунда бир суғориш мақсадга мувофиқ.

Ўсиб-улғайган гилос дарахтлари кенг тарқалувчи илдиз системасига эгаликлари боис, уларга деярли ортиқча ўғит солиш талаб қилинмайди. Уларнинг тез ўсиш хусусиятини инобатга олган ҳолда, қайси пайт қўшимча ўғит талаб қилинишини аниқлаш мумкин. Дарахт новдаларининг учи йилига 25 сантиметрдан кам ўсиши ўғитга бўлган талаб мавжудлигини билдиради. Қўшимча озуқага талаб борлигини билдирувчи бошқа белгилардан яна бири баргларнинг олдинги йилга нисбатан кичикроқ бўлишидир. Ёзнинг ўртасига келиб муддатидан олдин сарғайиши ҳамда куз келмасидан аввал тўкилиши бўлиши мумкин. Бу каби ҳолатлардан ташқари ҳолларда гилос дарахтларига ўғит солиш маслаҳат берилмайди. Акс ҳолда, дарахтлар жадал ўсиб кетади ва бу ҳосилнинг камайишига сабаб бўлиши мумкин.

Гилос асосан кеч баҳорда пиша бошлайди. Меваларни банди билан териш шарт, акс ҳолда улар ўз сифатини тезда йўқотади. Мева бандини унга зарар етказмасдан новдага тегиб турган еридан узиб олинади.

Я. ТУРСУНБОЕВ,

Наманган вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Наманган ТИФ инспектори

Энг кўп ўқилганлар

Календарь