Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 05:56

Қишлоқ хўжалиги

Катта оқтовликлар томорқадан қандай фойдаланмоқда?

  • 14.Марта.2023
  • 827

Норин тумани Катта оқтовлик маҳалласида 2079 нафар аҳоли истиқомат қилади. 428 та хонадоннинг 200 тасида иссиқхона қурилган. Аҳоли асосан  помидор, бодринг, булғор қалампири, карам ва бошқа экинлар кўчатлари етиштириш билан шуғулланади. Аҳолининг томорқадан унумли фойдаланиши, маҳалладаги бешлик: раис, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори  фаолиятининг шахсий намунаси бўйича ўрганишларда бунга гувоҳ бўлдик. 

Муроджон Холбоев хонадонида бир сотих майдонда иссиқхона ташкил қилинган. Эътиборимизни тортган жиҳати, иссиқхоналар маҳаллий ёғочдан қурилгани бўлди. Бундай типдаги иссиқхоналар ҳамёнбоплиги билан кўпчиликка манзур бўлмоқда. Дейлик, уч сотих майдонда иссиқхона барпо этиш учун темир маҳсулотига 7-8 миллион сўм маблағ кетса, ёғочдан қурилган иссиқхонага  1 миллион 200 минг сўм етади. Бу эса маҳалладаги кўплаб оилаларда иссиқхоналар қуришга катта имконият яратмоқда. Деҳқоннинг иссиқхонасида айни пайтда помидор, булғор қалампири кўчатлари етиштирилмоқда. Иссиқхонадан бир йилда уч бора ҳосил олиш имкони бор. Кўчатлар апрель ойи бошларига тайёр бўлади. Ундан кейин помидор ва бодринг етиштирилади. 

Шу маҳаллада яшовчи Шокиржон Мирзааҳмедов 2 сотихли иссиқхонасида айни пайтда помидор, булғор қалампири ва қалампир кўчатлари етиштирмоқда. Кўчатлар етилиши билан маккажўхори, учинчи ҳосилга эса исмалоқ экмоқчи. Маккажўхори чорва учун асосий озуқа ҳисобланади. Оиланинг даромади фақат иссиқхонадан эмас. Ўнта қорамол, 20 та қўй йилдан-йилга кўпайиб, рўзғор камига ярамоқда. Шокиржон ака биргина иссиқхонанинг ўзидан 30 миллион сўм даромад олишни кўзлаб турибди. Ўтган йили асалари боқишни ҳам йўлга қўйган эди, бугунга келиб 6 та асалари оиласи бор. Шокиржон Мирзааҳмедов «Бердиқулов ота» фермер хўжалигида сувчи бўлиб ишлайди. Турмуш ўртоғи Гулчеҳра опа ва фарзандлари ҳам  унга барча ишларида кўмакдош.

Қосимжон Собиров бир неча йиллардан буён Россияга бориб, қурилишда ишлаб келар эди. Маҳалла раисининг таклифига биноан Қосимжон қишлоғига қайтиб, иссиқхона фаолияти билан астойдил шуғуллана бошлади. Маҳалладошларидан иссиқхонада маҳсулот етиштириш агротехникасини обдон ўрганди. Ҳовлисидаги етилиб турган теракларни кесиб, иссиқхона учун керакли хомашё ҳам ўзидан чиқди. Беш сотих иссиқхонада помидор, бақлажон, булғор қалампири етиштиряпти. Ўтган йили тадбиркор 40 миллион сўм даромад кўрган бўлса,  жорий йилда 50 миллион сўм даромад олишни кўзлаб турибди.

Катта оқтовлик маҳалласини туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Валишер Нуралиев, «Маҳалла» жамоат фонди туман бўлими раҳбари Қобилжон Қўчқоров билан айланганимизда барча хонадонларда баҳорги юмушлар бошлаб юборилганига гувоҳ бўлдик.  Дарахтлар оқланиб, кўчалар ободонлаштирилмоқда. Баҳор қуёши заминга тафт беришни бошлаб, ер етила бошлагач, томорқаларга экинлар экилади.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь