Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

28 April, 2024, 04:44

Қишлоқ хўжалиги

Кучимизга куч қўшиб қайтдик

  • 03.Октября.2022
  • 801

Саховат фаслида йиғим-терим айёми қизғин. Ана шундай масъулиятли дамларда шижоат, фидойилик билан ҳосил йиғаётган пахтакорларга, бободеҳқонларга «Ҳорма, бор бўл» демоқлик ва меҳнат завқини ҳис қилмоқлик учун бир гуруҳ журналистлар,  сўз қадрини осмон билган қалам аҳли 2 октябрь санасида Мингбулоқ далалари томон отландик.

Рости, гап жамоа билан сафарга чиқишнинг гашти бўлакча. Айниқса, ижодкорлар ҳар бир воқеликдан маъно қидиришади. Шу боисми, ҳар гал янги-янги таассуротларга бой бўлади, бу юришларимиз...

– Терим илғорига шахсий совғам бор, – дейди бош муҳарриримиз Акрамжон ака Сатторов жамоамизни руҳлантириб. – Шоирларимиз мушоирага тайёрланиб олинглар. Сизлар нафақат ижодда, балки шахсий ташаббусларда ҳам биринчи бўлишингиз керак. Вилоятнинг бош газетаси ходими деган унвонингизни оқлайсиз! 

Бу шунчаки талаб эмас, муҳарриримизнинг ишончини оқлашимиз ҳам керак, деган фикрлар ўтади хаёлдан.

Тумандаги  номдор фермер Машраббой Акбаровнинг пахта даласига тушибоқ,  танти деҳқоннинг мўъжизакор олтин қўлларига ҳавасимиз келди. Оппоқ пахталар оқ гулзорни эслатади, гўё. Тарози босадиган, чаман-чаман пахталар «мени ол», дея ўзига чорлаб турибди. Пахтазор майдони ҳамкасбларимизнинг қуёш нурлари ва гўзалликдан баҳраманд бўлиб, кимўзарга пахта теришга чорлади. Шеърлар, куй-қўшиқлар, ҳангомалар авжига чиқди.

– Шаҳарнинг сершовқин ҳаётидан чалғиб, кенг далаларга чиқишнинг ўзгача гашти бор. Ташвишларни унутасан, табиат билан сирлашасан. Ижодий ишларингга оддий одамлар орасидан илҳом оласан, – дейди фахрий журналист Раҳимжон ака Ирисов. – Ҳамюртимиз, жадид шоир Усмон Носир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида илмий изланишларим якунига етди. Яқинда ушбу мавзу бўйича  диссертация ёқлайман. Шоир музейини яратиш ишлари якунига етди. Ҳаммангизни ушбу музейга таклиф этаман. 

Пахтазордаги учрашув баҳона устознинг янги ташаббуслари, лойиҳаларидан хабардор бўлдик. У кишининг шаҳарга етгунча Усмон Носир, Абдулла Ориповдан шеърлар ўқиши ёшларга катта ибрат мактабини ўтади, десак муболаға эмас.

Фермер Машраббой ака меҳмоннавозликни ҳам ўрнига қўйди. Самимий суҳбатлар чоғида 90 гектар майдоннинг 47 гектарида пахта экилгани, бир уринишдаёқ маррани забт этиб, сентябрнинг ўрталаридаёқ режани бажарганини билиб, табрикладик. Замонавий дала шийпони атрофига 15 сотих жойга узумзор барпо қилибди. Балиқчилик, чорвачиликдан ҳам хабари бор Машраббой аканинг зотдор қорамоллари дастлаб 30 бош экан, бугун улар сони 60-67 бошга етибди. Фермернинг «Даладан дастурхонга ҳам, қозонга ҳам маҳсулот ўзимиздан», деганидан  у кишининг ишнинг кўзини биладиган, ташаббускор эканига иқрор бўлдик.

Журналистлар ташаббусидан вилоятимиз раҳбари Шавкат Абдураззоқов, Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев хабар топишиб, далага келди. Бундан биз бироз хижолат бўлсак-да, лекин қалам аҳлига эътибор қаратаётган, улар меҳнатини қадрлаётган вилоят ҳокимимиздан миннатор бўлдик. 

Табиат қўйнидан яхши кайфият билан автобусда яна шаҳарга қайтар эканмиз, ҳамманинг  кўзларида қувонч бор эди. Айниқса, жамоамиз хурсанд. Шу кунларда вилоят ҳокимлиги томонидан матбуот уйимиз таъмирланиб, янги, замонавий бинода иш бошлаймиз. Бу эса кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,
«Наманган ҳақиқати» махсус мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь