Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

28 April, 2024, 09:25

Қишлоқ хўжалиги

Меваларингизни олма қуртидан асранг!

  • 18.Сентября.2022
  • 422

Олма қурти (Саrpocapsa pomonella) танга қанотлилар туркумига, барг ўровчилар оиласига мансуб ҳашарот. Ўрта Осиё олма қурти уруғли мева дарахтларининг, айниқса олма, қисман нок ва беҳининг асосий зараркунандасидир. Олма қурти олма ва нок ҳосилининг тахминан 50 фоизга зарар етказади. Ҳар йили унинг зарарлашидан меваларнинг тугунчаси ва ғўр меваларнинг анчагина қисми тўкилиб кетади.

Олма қурти тушган мевалар кўпинча чириб кетади ва уларни сақлаб бўлмайди. У баъзан ўрик ва олхўрини ҳам зарарлайди. Бу қурт меванинг эти ва уруғи билан озиқланади. У олманинг эртапишар навларининг 30-40 фоиз, ўртаги ва кузги навларининг 40-50%, энг қимматбаҳо, кечпишар навлари мевасининг 80-90 % қисмини зарарлайди.

Олма қурти республикамизнинг Фарғона водийси вилоятларида 3 марта, тоғ ва тоғолди туманлари шароитларида 2 марта авлод бериб ривожланади. Битта авлоди 4 ёшни бошдан кечиради.

Капалагининг узунлиги 18-21 мм келади, қанотлари тўқ кулранг, тухуми думалоқ оқ рангли, катталиги 1 мм атрофида. Қуртининг узунлиги 17-19 мм бўлиб, оч сариқ рангдан то оч пушти ранггача, ғумбаги эса 9-12 мм узунликда жигарранг тусда бўлади (4- расм). Олма қурти озиқланиб бўлгандан сўнг пилла ўраш учун яширин жойга – дарахтнинг пўстлоғидаги ёриқлар, коваклар, илдиз атрофи ва қисман дарахт тагидаги тупроқ қатламларига тушади ва шу пилла ичида қишлайди. Баҳорда биринчи капалагининг учиш даври “Ренет Симиренко” навли олмалар гуллаб бўлган вақтга тўғри келади. Шундан кейин 6-7 кун ўтгач, капалаги ғуж-ғуж бўлиб учиб чиқади. Иккинчи авлод берадиган капалагининг оммавий учиш даври олма гуллагандан 45-48 кун, учинчи авлодиники эса 92-96 кундан кейин бошланади.

Эрта баҳорда ҳаво ҳарорати 10°С дан юқори бўлганда ғумбакка айланади. Олма гуллаган вақтда ғумбакдан капалаклар учиб чиқади, қоронғи тушганда улар асосан дарахтлар атрофида учиб юради.

Республикамизнинг тоғолди ҳудудларида ёз анча салқин бўлади. Шунинг учун биринчи авлод берадиган капалагининг учиш даври “Ренет Симиренко” нави гуллаб бўлгандан 10-12 кундан кейин, иккинчи авлод капалагининг учиш вақти эса 55-60 кун
ўтгач бошланади.

Капалаги бир нечта (ўртача ҳисобда 50 тагача) тухум қўяди. Тухумдан чиққан қуртлар меванинг эти ва уруғи билан озиқланади. Қуртларнинг 60-80 фоизи мева ичига гул косачаси орқали ёни ва пастки юзасидан киради. Қуртлар мева пўсти остига кириб, мева этидан камера очади ва унинг ичида бирмунча вақт озиқланиб туради. Сўнгра уруғ уяси остидаги томирлар тугуни орқали уруғ уясига ўтади, мева сиртидан томирлар тугунига ўтиш учун бурама йўл очади. Ҳар бир қурт 25-30 кун давомида озиқланади.

Қурт ривожланиш даврининг охирида мевадан чиқиб, ғумбакка айланиши учун пастки шохларнинг асоси ёки дарахтлар танасига ўрмалаб боради. Олманинг қурт чиққан жойи кўпинча чириб кетади, олма ичига кирган тешиги эса пўкак бўлиб қолади.

Ҳосил йиғиб-териб олинганда мева ичида қолган қуртларнинг кўпчилиги ғумбакка айланиш учун мева ичидан чиқади.
Олма қуртининг капалаги фойдали ҳарорат йиғиндиси 100°С бўлганда (энг пастки нуқтаси 10°С) уча бошлайди, 170°С (150-190°С) даражага етганда ёппасига учади. Фойдали ҳароратлар йиғиндиси 230°С бўлганда биринчи насл қуртлари тухумдан
чиқади. Агар унга қарши кураш олиб борилмаса, 90 % гача мева зарарланиши мумкин.

Ерга тўкилган меваларни узлуксиз териб йиғиштириб олиниши керак. Олма териб олиниб солинадиган идишлар (қоп, яшик, тахта ва б.) далада қолдирилмаслиги зарур.

Дарахтлар танасининг атрофи юмшатилиши, тана ва ён шохларнинг кўчган пўстлоқлари шилиб ташланиши керак. Асосий ва ён таналарга қоплар ва махсус қоғозлардан ясалган белбоғлар боғланиб, вақти-вақти билан улар текширилади, йиғилган қуртлар йўқотиб турилади.

Боғларга фойдали ҳашаротларни кўпроқ жалб қилиш мақсадида нектар берувчи ўсимликлар экилиб, биологик йўл билан курашилади. Тухум қўя бошлаган пайтда ва ундан 6 кун ўтказиб, 3 марта трихограмма тарқатилади. Фойдали ҳароратлар йиғиндиси (10°С дан юқори) тахминан 230°С даража бўлганда биринчи марта кимёвий ишлов берилади.

Олмазорларни мевахўр қуртдан ўз вақтида ҳимоя қилиш мақсадида зараркунанда капалагининг учиш муддати аниқлаб турилади. Олма дарахтининг ривожланиш даври кузатиб борилиб, феромон тутқичлар (феромонлар – синтез қилинган жинсий аттрактант) илиб қўйилади. Улар ёрдамида олма мевахўрларининг учиш давомийлиги аниқланади ва ҳимоя чораларини ўтказиш муддати белгиланади. Феромон тутқичлар дастлаб олманинг гуллаш арафасида қўйилади. Шунда капалакларни баҳорги учиши мумкин. Феромон тутқичлар 3-5 гектарга 1 тадан осиб қўйилади. Улар орасидаги масофа 50 метрдан бўлиши керак. Феромон тутқичлар ҳар беш кунда текшириб турилади. Бир ой ўтгач, феромон тутқичлар янгиланади. Агар 5 кун ичида ҳар бир феромон тутқич билан ўртача 5-10 тадан капалак тутилса, ўша боғда зараркунандаларга қарши кимёвий ишловларни бошлаш мумкин бўлади.

Биринчи ишлов бериш “Ренет Симиренко” ва “Розмарин” навлари гуллаб бўлгандан кейин, иккинчиси биринчи ишловдан 12-15 кун ўтгач, учинчиси олма гуллагандан бир ярим ой ўтгандан сўнг ўтказилади. Мевалари эрта пишиб етиладиган “Самарқанд
тўнғичи”, “Тошкент Боровинкаси” каби навлар фақат икки марта дориланади.

Мевали боғларга яқин жойларга тут дарахтлари экилган бўлса, ипак қуртлари тут барги билан озиқланиш даври тугагандан кейин боғларга дорилар сепиш мумкин. Бунда дастлабки пуркаш ишлари олма дарахтлари гуллаб бўлгандан 45-47 кун, иккинчиси биринчи ишловдан 12-15 кун ўтгач ўтказилади.

Зараркунандаларга қарши курашда қуйидаги препаратлардан бири қўлланилади: карбофос ёки бензофосфат, золон (100 л сувга 200-300 г ҳисобида). Препаратлар уларнинг турига ва боғнинг ёшига қараб, 1 гектар боғга 2,5-4,5 кг ҳисобида сарфланади.

Перетроид туркумига оид препаратлардан – Фьюри 0,25 л/га, Талстар 0,4-0,6 л/га, Нурел-Д 0,6-2 кг/га (100 л сувга 50-60 г ҳисобида) – пуркалади.

Борди-ю, олма боғларида мева каналари ҳам кўпая бошласа, у ҳолда каналарга қарши препаратлар (олтингугурт, омайт, пликтран) эритмаларини ҳам қўшиб ишлов бериш мумкин.

Ҳаваскор боғбонлар томорқа шароитида ўстирилган олма дарахтларига юқорида кўрсатилган муддатларда карбофос ёки бензофосфат (золон) препаратининг 20 г ни 10 л сувда эритиб пуркашлари яхши натижа беради. Шунингдек, тамаки қайнатмасидан фойдаланса ҳам бўлади. Бунда 1 кг тамаки чиқиндиси 10 л қайноқ сувда бўктирилади ва бир суткадан кейин сузиб олиниб, унга 2 баробар миқдорда сув қўшилади. 10 л қайнатмага 40-50 г совун қўшгандан сўнг эритма пуркаш учун тайёр бўлади.

Томорқа шароитида кимёвий препаратларни камроқ ишлатиш мақсадида биопрепаратлар ва тутқич белбоғлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун 10 л сувга 50 г энтобактерин препарати ва 5-10 г карбофос қўшиб эритма тайёрланади.
Натижада кимёвий эритма 50-75% кам сарфланади. Белбоғ сифатида эса ўрама ёки қатлама қоғоз, яхшиси қоп ёки бошқа матодан фойдаланиш мумкин. Белбоғ боғланган дарахт танасини ўраб турса бас, олма қурти уни оралиғига кириб, пилла ўрайди. Белбоғ олма гуллагандан 15-20 кун ўтгач боғланади. У дарахт танасининг ўртароқ қисмига ўралади ва устидан каноп билан бўшроқ қилиб боғлаб қўйилади. Бундан мақсад белбоғ тагида кўпроқ олма қурти тўпланишига эришишдир. Белбоғ боғланадиган жойдаги пўстлоқнинг қуруқ пўстлоқлари сидириб ташланади. Белбоғ ҳафтада бир маротаба ечиб олинади. Тўпланган қуртлар йўқ қилингач, яна боғлаб қўйилади. Шунингдек, тўкилган олмалар кечқурун териб олинади. Уларда учраган қуртлар қириб ташланади.

Э. УСМОНОВ,

М. АБДУМУТАЛОВ,

Наманган вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Наманган ТИФ инспекторлари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь