Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 11:35

Қишлоқ хўжалиги

ШАРҚ МЕВАХЎРИ: УНИНГ ЗАРАРИДАН ОМОН ҚОЛАЙ ДЕСАНГИЗ, ЭРТА БАҲОРГИ АГРОТЕХНИК ТАДБИРЛАРНИ КЕЧИКТИРМАНГ

  • 10.Февраля.2021
  • 871

Шарқ мевахўри (Grapholitha molesta Busck.) Insecta  синфи, Lepidoptera туркумининг барг ўровчилар Tortricidae оиласи, Grapholita авлодига мансуб ички карантин ҳашарот ҳисобланади. Бу  зараркунанда илк бор Хитой ва Корея давлатларида аниқланган бўлиб, зараркунанда сифатида эса биринчи бор 1899 йилда Японияда тан олинган. Ўзбекистон ҳудудига эса 1980 йилда кириб келган.

Шарқ мевахўри асосан шафтоли ва бошқа уруғли ҳамда данакли дарахтларга, уларнинг меваларига шикаст етказади. Новдаси зарарланган шафтоли ва бошқа дарахтларнинг ўсиш меъёри ўзгаради, зарарланган мевалар эса истеъмолга ярамайдиган ҳолатга келади.

Бу ҳашарот меванинг ички қисмига ўрнашиб олади, ичи ва уруғларини кемириб, яроқсиз ҳолатга келтиради. Шафтоли кўчатларини зарарлаш давомида кўчат танаси ичида 12-15 см. узунликда йўл очади, натижада кўчат ички томонидан сўлиб барглари тўкилиб кетади. Бу жараён дарахтнинг ўсишини секинлаштиради ва кучсизлантиради. Бу эса меваларнинг тўкилишига ва ҳосилдорликнинг 40-50 фоиз пасайишига олиб келади. 

Личинкалар пишиқ ипак-пилла ичида дарахтлар танасида ва пўстлоқлар орасида тупроқдан 5-50 см. баландликда қишлайди. Ёзги пиллаларни меваларда, дарахт таналарида, кўчатларда ва бошқа жойларда учратиш мумкин. Ғумбаклик даври 10 кунни ташкил қилади. Ҳаво ҳарорати 15°С бўлганда капалаклар уча бошлайди. Қишлашга кетишдан олдин имаголари пайдо бўлгандан 2-5 кун ўтгач, ҳаво ҳарорати 15°С дан ошганда тухум қўя бошлайди. Тухум қўйиш даври 7-10 кун давом этади. Қишловга кетадиган авлодларининг тухумини урғочи капалак шафтоли баргининг орқа томонига, олма ва беҳида эса баргнинг устки қисмига қўяди. Ёш шафтоли ва нок кўчатлари баргларига, ёзги авлодлари тухумларини мева бандларига ёки косачаларига жойлайди. Битта урғочи капалак 200-400 тагача тухум қўяди. Тухумлардан 6-8 кундан кейин личинкалар чиқади ва ёш ўсимликларнинг ички қисмини кемириб, 8-12 кундан кейин ғумбакка айланади. Кейинги авлод личинкалар ҳам худди шу тарзда зарарлашда давом этади. Бир йил давомида об-ҳаво шароитига қараб 4-7 та авлод беради. Бир авлоднинг тўлиқ ривожланиши 30 кун давом этади. 
Зараркунандага қарши курашишдан аввал мевали дарахтнинг зараркунанда жойлашиб олган қисми аниқлаб олинади ва унга қарши курашиш ишлари олиб борилади. Шарқ мевахўри Ўзбекистон ҳудудида ички карантин зараркунандаси ҳисобланиб, унга қарши кураш ишларини олиб бориш алоҳида аҳамиятга эга.

Мевали дарахтларни шарқ мевахўридан ҳимоя қилиш тизими қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

Агротехник тадбирлар: Дарахтларнинг қуриган шохларини кесиб ташлаш, зарарланган новдаларни олиб ташлаш ва эски пўстлоқларидан тозалаш, дарахт танасига тутқич белбоғлар боғлаш, қатор ораларига ишлов бериш.

Биологик кураш усуллари: Асосан энтомофаглар қўлланилиб, шарқ мевахўрига қарши курашда трихограммадан  фойдаланилади. Трихограмма  паразит энтомофаг ҳисобланиб, у шарқ мевахўрининг тухумида паразитлик қилади. Табиатда унинг яна кўпгина табиий кушандаларини ҳам учратиш мумкин.

Кимёвий кураш усуллари: Шарқ мевахўрига қарши кимёвий курашда қуйидаги препаратлар сепилади: Децис 2,5% эм.к. (0,5-1,0 л/га.)  Ўсимликнинг ўсув даврида бир мавсумда икки марта  пуркалади. Карбофос 50% эм.к. (3.0 л/г.) Ўсимлик ўсув даврида икки марта пуркалади, ҳосил териб олинишидан 20 кун олдин тўхтатилади. Фуфанон 57% эм.к (1,0-3,0 л/г.) Ўсимликнинг ўсув даврида 0,1%ли эмульсия ҳолида пуркалади. Ҳосил йиғиб олинишига 20 кун қолганда тўхтатилади. Сепиш тартиби вақт билан белгилаб қўйилиши зарур, бу усул билан янги чиқиб келаётган личинкаларни ёш новдаларни емириб киришларидан ҳамда янги меваларнинг ранги ўзгаришидан олдин нобуд қилиши кўзда тутилади.

Карантин тадбирлар: Шарқ мевахўри аниқланган ҳудудларда ўсимликлар карантини давлат хизмати томонидан карантин эълон қилинади ва зараркунандани бошқа ҳудудларга тақалмаслиги ва уни йўқотиш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Мевали боғларни ҳашаротга қарши кимёвий воситалар билан ишлашдан 2-3 кун олдин асалари уялари, томорқадаги сабзавот, полиз ва бошқа экинларини заҳарли кимёвий воситалардан ҳимоя қилиш чораларини кўришлари учун аҳоли огоҳлантирилади. Кимёвий  воситалар  билан ишлов бериш, ҳосил йиғиштириб олинишига камида 30 кун қолганда  тўхтатилиши  лозим.

Қаҳрамон НИЗОМОВ,

Наманган вилояти ўсимликлар карантини давлат инспекцияси инспектори.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь