Қисқа сатрларда

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

Шавкатжон Абдураззоқов: «Фестивалга тайёргарлик ишларини тезроқ якунлаш керак!»

14 May, 2024, 03:00

Қишлоқ хўжалиги

Томорқа – ҳам фаровонлик, ҳам саломатлик манбаи

  • 05.Марта.2022
  • 812

Чуст  туманидаги 4 минг 800 гектар ер майдони томорқабоп. Хўш, улардан қандай фойдаланилмоқда?
Масалага Ғова қишлоғи мисолида ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик. Деҳқончилик қилиш борасида отни ҳаммадан олдин қамчилайдиган ғоваликлар аллақачон амалий ишларни бошлаб юборишган.  Ҳавонинг бироз илиқ келиши эртанги кун умидида баҳорни соғинган  омилкорларни ҳаракатга келтирди. Ариқ-зовурларни тозалаш, томорқаларига маҳаллий ўғит чиқариш, боғлардаги дарахтларга шакл бериш  каби юмушлар  бажариб бўлинди ҳисоб. 
Қишлоқдаги  3690 та  хонадонда 18 мингга яқин  аҳоли  истиқомат қилади. Деҳқонлар ихтиёрида   380 минг гектар томорқа бор. 
Қайси касб эгаси бўлмасин, ташкилот раҳбарими ёки муассасада ишлайдими, қатъий назар, отамерос – деҳқончилик билан шуғулланади. Улар ерни эъзозлаб, унумли фойдаланиш ҳадисини олишган. Суяги меҳнатда қотган,  деҳқончиликнинг нонини еб катта бўлишган, деган таърифлар айнан ғоваликларга нисбатан берилган десак, муболаға бўлмайди. 
Омилкорлар охирги йилларда  томорқадан ҳатто, уч мартагача  ҳосил олишга эришмоқдалар. Февраль ойидаёқ ерга картошка уруғини қадаган деҳқон ёзнинг илк кунларида пишиб етилган ҳосилни  кавлаб олгач,  ўрнига кечки экин экишга киришади.  Бу жараёнда албатта, янги картошка ҳосилининг майдасини экиб чиқади. Бу усул деҳқонлар тилида «обизак» дейилади. Иккинчи ҳосил йиғиштирилиб, тагидан униб чиқиб бўйи бир қаричга етган янги картошка ниҳоли пуштада қолади.  Кунлар совиб, ҳатто, қор ёққунга қадар парваришланади ва ноябрь ойида кавлаб олинади.
Бу усулни дастлаб Қўрғон маҳалласида яшаган Шарифжон ота Одилов  бир неча йил олдин ўз томорқасида синаб кўриб,  юқори натижага эришган экан. Эндиликда бу тутумдан фойдаланиш жараёнида деҳқонлар албатта, отанинг меҳнатларини эътироф этиб, уни хотирлайдилар. 
– Ортиқча меҳнат ҳам, маблағ ҳам, ҳатто, парвариш ҳам талаб этмайдиган бу усулдан  эндиликда деярли барча деҳқонлар фойдаланмоқда, – дейди меҳнат фахрийси Мақсудхон ота Эшонов. – Яна бир фойдали томони, деҳқон эрта баҳорда уруғлик картошка сотиб олиш  ташвишидан холи бўлади.

Ким билан суҳбатлашмайлик, албатта 20 – 50 миллион сўмдан орттириб соф фойда олиши ҳақида айтади. Демак, «Меҳнатнинг таги роҳат», деганлари  шу. Қайси бир хонадонга кирманг, кичкинагина бўлса-да иссиқхонаси бор. Кўкатлар, резавор маҳсулотлар, помидору бодринглар, ҳаммаси ўзимиздан чиқади. Ортиб қолса, бозорга ҳам олиб чиқамиз. Шахсан бизнинг хонадонимизда  бир сотихли иссиқхонамиз бор. Лимон кўчатларини парваришлаяпмиз. Бу йил иккинчи марта ҳосилга кирди. Ҳозиргача бир миллион сўм даромад олдик.  Кўчатлар остига резаворлар, турли кўкатлар экамиз. Турли мевали дарахтлар, узумлар бор. Қишлоқ шароитида яшаб, чорвачилик билан шуғулланмасак, бўлмас. Соғин сигирдан тортиб ҳатто, товуқларгача парваришланади. Хонадон ободлиги – рўзғор бутлиги шундан.
Бугун Ғовада ҳам турмуш тарзи бошқача. Рўзғоридан орттириб, уй-жойларини замонавий тарзда қайта қуриб, яйраб яшаётган замондошларимизни  кўриб кўнгил яйрайди. Кун ора тўй-тантана қилаётган қишлоқ аҳли рўзғоридаги  бекамликдан  шукроналик  ҳисси билан яшамоқда. 

Шоҳида ДАМИНОВА, 
Ғаффор РАСУЛОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь