Қисқа сатрларда

Икки йилдан бери алимент тўламаётган қарздор топилди

Бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликлар ундирилмоқда

Солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир

Янги таъмирланаётган йўлда транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 21 мингтадан 40 мингтага оширилади

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

04 May, 2024, 03:20

Қишлоқ хўжалиги

Учқўрғонда машиналар теримга шай

  • 17.Августа.2022
  • 574

Ҳадемай, пахта мавсуми бошланиб, далаларда етиштирилган «оқ олтин»дан хирмон кўтарилади. Йил бўйи қилинган меҳнатнинг ҳосилини ёғин-сочин кунларга қолдирмай териб олиш энг муҳим босқич, албатта. Авваллари ортиқча харажатлар эвазига   ҳашарчилар жалб қилинар ва  асосий ишларининг ўлда-жўлда қолишига сабаб бўларди. Кейинги йилларда эса замонавий пахта териш машиналарининг харид қилиниши оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда.

Ўтган йили Учқўрғон туманидаги кластерда иккита ва фермер хўжаликлари ихтиёрида  ҳам шунча пахта териш машинаси бор эди.  Бу йил мазкур кластер корхонаси  томонидан 138 миллиард сўмдан ортиқ  маблағ эвазига АҚШда ишлаб чиқарилган 25 та замонавий пахта териш машинаси ҳамда мамлакатимизда тайёрланган 50 та трактор тиркамаси харид қилинди.

– 27 та  (иккита фермер хўжалигига қарашлиси билан жами 29 та) машинанинг  ҳар бири кунига ўртача 10 гектар майдондаги ҳосилни йиғиштириб олса,  270 гектар ердаги пахта терилади, – дейди  кластер корхонасининг транспорт бўлими бошлиғи Комилжон Тожиқулов. – Мавсум давомида эса 221 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 5 минг 305 гектардаги ҳосилни машиналар  ёрдамида теришни режалаштирганмиз. Бунинг учун барча  имкониятимиз етарли. Айни вақтда ҳайдовчи-механизаторлар малакасини оширмоқдамиз.

– «Ўзагроинспекция» туман бўлими томонидан олиб келинган пахта териш машина ва тиркамалар давлат рўйхатидан ўтказилиб, тегишли давлат рақамлари ҳамда техник паспортлари ўз вақтида берилди, – дейди инспекция туман бўлими катта инспектори Музаффар Ўрмонов. – Шу билан бирга, туман бўйича ҳар бир ҳудудда ғўза дефолиацияси ва пахта йиғим-теримида қатнашадиган техникаларни мавсумга тайёрлаш ишлари якунига етказилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, машина теримининг афзаллиги нафақат иқтисодий, балки ижтимоий кўрсаткичлар, натижаларда ҳам ўзини намоён этади. 200 тонна пахта етиштирган фермер хўжалигида 134 нафар ёрдамчига эҳтиёж қолмайди. Уларнинг ишини икки нафар механик-ҳайдовчи бажаради. Ҳамма ўзининг юмуши билан шуғулланади. Энг муҳими, битта фермер хўжалигидаги пахта йиғим-терим  25–30 кунда эмас, 7–10 кунда якунланади. Ҳосил тез йиғиб-териб олинади, кузги шудгор мақбул муддатларда сифатли бажарилади. Ғалла ва оралиқ экинларни эрта муддатларда экиб, қийғос кўкартириб олишга эришилади.

Илҳомжон МУСАЕВ,
«Ўзагроинспекция» вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси бош инспектори.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь