Қисқа сатрларда

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

02 May, 2024, 11:09

Иқтисодиёт

Хуфиёна иқтисодиёт – тараққиёт тушови

  • 15.Декабря.2023
  • 140

Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги Фармонида «Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш» йўналишида «Яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш орқали солиқ базасини қўшимча кенгайтириш имкониятидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим вазифа сифатида белгиланган.

Бу борада вилоятимизда тизимли иш ташкил этилиб, муаммоли масалалар жойида ҳал этилиши билан бир қаторда ноқонуний фаолият турларини ҳам тартибга келтириш доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Жойларга чиққан ҳолда, бизнес юритувчиларга қонуний фаолият олиб бориш юзасидан мутахассислар тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бормоқда. Аммо «Гуруч курмаксиз бўлмас», деганларидек амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилмай, ноқонуний бойлик орттириш йўлидаги шахслар ҳам учраб турибди.

– Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бўлими, вилоят солиқ бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқий органлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган назорат тадбирларида алкогольли ва тамаки маҳсулотларининг савдоси бўйича «Ўзимдан бошқа ҳеч ким сезмайди» қабилида иш тутаётган сотувчилар аниқланди, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Алишер Бойхонов. – Масалан: Наманган шаҳрининг А. Навоий кўчаси ҳудудида фуқаро М. А. томонидан давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний равишда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланишига чек қўйилди. Ундан тегишли тартибда 15 турдаги 1 минг 242 қути 19 миллион 581 минг сўмлик сигареталар далилий ашё сифатида олиниб, далолатнома расмийлаштирилди. 

Наманган шаҳрининг Уйчи кўчаси ҳудудида фуқаро Ҳ. М. ҳам қонуний тартибда ҳужжатларсиз алкоголь маҳсулотлари сотиб келган. Унинг ушбу қинғир фаолияти юзасидан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, фуқарога тегишли бўлган 40 турдаги 6 миллион 926 минг сўмлик «оқ ажал» ашёвий далил сифатида вақтинча сақлаш учун олинди.

Сайёр солиқ текширувларида Уйчи туманидаги Навоий маҳалласи, «Боғи Эрам» кўчасида яшовчи Б. С. Боғ маҳалласи «Уфқ» кўчасида; Наманган туманидаги Хўжақишлоқ маҳалласи «Деҳқонобод» кўчасида яшовчи А. А. Шодлик маҳалласи ҳудудида; Чортоқ тумандаги Наманган маҳалласи ҳудудида фуқаро А. Б. ҳозирга қадар ҳеч қандай ҳужжатларсиз, давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда аҳолига алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларини сотиш билан шуғулланиб келишгани аниқланди.

Мазкур ҳолатлар бўйича маҳсулотлар далилий ашё сифатида холислар иштирокида масала қонуний ҳал этилгунга қадар вақтинча сақлаш учун махсус дўконга юборилди ҳамда маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 ноябрь ҳолатига ўтказилган рейд тадбирларида 269 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, улардан 1516,9 миллион сўмлик товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинди. Шундан 16 таси ноқонуний алкоголь маҳсулотларини сотиш, 39 таси китоблар савдоси, 19 таси  нефть, 41 таси тамаки, бештаси яширин цех ташкил этиш ва 64 таси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланди.

– Республикамизда жорий этилган «Солиқ-ҳамкор» махсус ахборот тизими мамлакатда амалга оширилаётган хуфиёна савдо айланмасига чек қўйиш, «яширин иқтисодиёт»га қарши кураш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Бу тизим асосида бугунги кунга қадар жамоатчилик томонидан  солиқ идораларига доимий хабарлар етиб келмоқда, – дейди вилоят солиқ бошқармаси масъул ходими Улуғбек Иномов. – «Солиқ-ҳамкор» тизими орқали жорий йилнинг январь-октябрь ойларида вилоятда жами 633 киши томонидан йўлланган 3 минг 218 та мурожаат тўлиқ ўрганилиб, шундан 1 минг 567 таси юзасидан сайёр солиқ текширувлари ўтказилди. Ҳозирда 108 таси бўйича ўрганишлар давом этмоқда. Бундан энг аввало, ҳалол ва виждонли тадбиркорлар сафини кенгайтириш, қолаверса, бюджет тушумларини кўпайтириш кўзда тутилган.

Вилоятда жами 46 та бозор ва савдо комплекси бўлиб, шундан 36 таси деҳқон бозори, 10 таси савдо комплексини ташкил этади. Умумий савдо ўринлари сони 14 минг 882 та, шундан 2 минг 56 таси турғун савдо шохобчаси, қолган 12 минг 826 таси савдо растасидан иборат. Турғун савдо шохобчалари ва савдо расталаридан банд этилганлари 10 минг 31 тани, уларда фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони 6 минг 266 тани ташкил қилади. Вилоят солиқ бошқармасининг тегишли буйруғига асосан бозорлар ва савдо комплексларига бошқарма ҳудудий солиқ инспекцияларидан 52 нафар масъул ходим бириктирилган.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан онлайн-виртуал кассаларидан фойдаланиш аҳволи шу йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, 8 минг 781 та субъектдаги 10 минг 573 та фаол бўлган онлайн назорат касса машинаси мавжуд. Шундан 9681 таси ёки 92 фоизи бир ойлик даврда ишлаб турган, 892 таси ёки 8 фоизи бир ой ва ундан ортиқ муддатда фойдаланилмаган кассаларни ташкил этмоқда. Қўлланилган молиявий жарималар бўйича жорий йилнинг октябрь ойи учун 1185 миллион сўм белгиланган прогноз кўрсаткичлари 1283,5 миллион сўмга ёки 108 фоизга ижроси таъминланди.

Президентимизнинг 2023 йил 10 февралдаги «Тадбиркорлик субъектларини тоифаларга ажратиш мезонлари ҳамда солиқ сиёсати ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида онлайн видео камераларни солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш юзасидан вилоятда фаолият кўрсатаётган 127 та автомобилларга газ (метан) тўлдириш шохобчаларидан 115 тасидаги ёки 90,6 фоиз камераларни интеграция қилиниши таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, «Хуфиёна иқтисодиёт» – тараққиёт йўлидаги тушов. Шу маънода, мамлакат иқтисодиётининг асосий «локомотиви» саналган солиқ базасини шакллантиришда «яширин иқтисодиёт»ни камайтириш муҳим аҳамият касб этади. Жамиятда ҳалол, виждонли, рақобатбардош тадбиркорлар ҳар қанча кўпайса, иқтисодий фаровонлик ортиб бораверади. Айни шу муҳим омилдан келиб чиққан ҳолда, Наманганда солиқ идоралари томонидан Янги Ўзбекистоннинг 2030 йилга мўлжалланган тараққиёт стратегияси диорасида фискал барқарорликни таъминлаш ва давлат мажбуриятларини самарали бошқариш борасида тизимли ишлар давом эттирилади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь