Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 11:37

Иқтисодиёт

Ҳунаридан ризқи унаётган чустликлар

  • 13.Августа.2022
  • 668

Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш борасида Чуст туманида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Резаксой маҳалласи мисолида бу ишларнинг амалий исботига гувоҳ бўлдик. Қайси кўчага кирманг, қайта қуриш, бунёдкорликларнинг устидан чиқасиз. Эски уйлар ўрнини замонавий лойиҳадаги янгилари эгаллаяпти. 

Тадбиркору ҳунармандлар турли маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини, гузарларни, кўримсиз бинолар ўрнига замонавий лойиҳадаги кўп қаватли уйларни қурмоқда. 

– Берилаётган имкониятлар, имтиёзлар бизни ҳам руҳлантириб, ҳаракатга солиб қўйди, – дейди Холмамат Тўйчиев. – Маҳалла ҳуснини бузиб турган қаровсиз ерни туман ҳокимлиги қарори билан хусусийлаштириб, қурилиш ишларини бошлаганмиз. Биринчи қаватдаги хоналарни  маҳалла фуқаролар йиғини учун  мослаштирдик. 

– Бино ҳақиқатан ҳам маҳалламизга нафақат кўрк бағишлади, ҳатто,  бизга ҳам анчагина қулайлик яратилди, – дейди маҳалла раиси Аҳмаджон Эрматов. – Илгари пастқамгина, тор хонада ишлаган бўлсак, бугун барча шароитлар муҳайё қилинган мана шу шинам жойда фаолиятимизни давом эттиряпмиз. Ҳар бир ходим замонавий анжомлар билан жиҳозланган хоналарда яйраб ишлаяпти. Кўриб турганингиздек, бинонинг иккинчи қаватида қурилиш ишлари давом эттириляпти. Бу ерда тадбиркоримиз томонидан болажонларимиз учун замонавий лойиҳа асосида 75 ўринли боғча барпо этиляпти. 586 хонадондаги 3160 нафар аҳоли истиқомат қиладиган маҳалламизда бунга эҳтиёж катта. Узоқ йиллар давомида мактабгача таълим ташкилотида фаолият олиб борган  Гулчеҳра опа Тўйчиева давлат шерикчилик асосида «Аҳроржон» ва «Гулёра» номли болалар боғчасини ташкил этган. Уларнинг сонини яна биттага кўпайтириш мақсадида яна 75 ўринли янги боғча қурилишини бошлаб юборишди. 

Фаоллар билан Ёшлик кўчасида истиқомат қилувчи   Камола Муродованинг хонадонида бўлдик. «Аёллар дафтари»га киритилган  Камола ҳам қўли гул тикувчи. Болалигидан шу касбга қизиқиб, ҳунарнинг сир-асрорларини холаси Зулфия опадан ўрганган чевар қиз  буюртма асосида болалар ва аёллар либослари тикиб, элга хизмат қилди. Эндиликда  эса чойшаб ва кўрпа-тўшаклар тикиш билан банд экан. 

– Тайёрлаган маҳсулотларимизни Чустдан ташқари Тўрақўрғон, Поп ва Мингбулоқ туманларидаги бозорларга ҳам олиб чиқамиз. Мижозларимиз сони кўпайиб, буюрма асосида ишлаяпмиз, даромадимиз ҳам шунга яраша. Шукр, ҳунаримиз ортидан ризқимиз ҳам унаяпти, – дейди суҳбатдошимиз.

Истиқлол кўчасидаги Ғанижон Юсупов хонадонига борганимизда яна бошқача манзарага дуч келдик. Оиланинг тўнғич фарзанди Иброҳимжоннинг саъй-ҳаракати билан ҳовлининг бир четига тикув цехи қурилибди. 30 ўринли цехга турли маркадаги йигирмага яқин тикув дастгоҳлари ўрнатилган. Оила бекаси Маъсуда опа бошқараётган «Иброҳимжон-Истиқлол» корхонасида асосан «Аёллар дафтари»га рўйхатга киритилган 12 нафар ишсиз аёл-қиз жалб этилган. Бизни қувонтирган нарса шу бўлдики, оилавий корхонада хонадондаги етти нафар аъзонинг бари шу иш билан банд. Ҳаттоки, 9 ёшли Моҳларойимнинг тайёр маҳсулотларга бисер қадаётганлигини кўриб, ҳавасимиз келди. Махсус мослама ёрдамида чаққон ҳаракатлар билан ишлаётган жажжи чевар қизнинг иш жараёнини кузатдик.

– Бувижонимнинг бажарган ишларини кузатиб турсам, оддийгина бўлиб туюлди. Мен ҳам синаб кўрмоқчи бўлиб ишлатиб кўрдим. Ишимдан қониққан бувим шу жараённи бажаришимга рухсат бердилар, – дейди у «қандай ўргандинг, қийин эмасми?», деган  саволимизга жавобан. – Қўлингиздан чиқаётган бир-биридан чиройли кўйлакларни кўргач, меҳр билан ишлагингиз келавераркан. Тўғри, майда иш, лекин жудаям завқли. 

Қўшни хонага ўрнатилган  мослама ҳам диққатимизни тортди. 

– Бунда маҳсулотларга турли суратлар, ёзувлар муҳрланади, – дейди Иброҳимжон савол назари билан қараганимизни сезиб. – Бошқариш  мураккаброқлиги учун асосан бу дастгоҳда ўзим ишлайман. Ишлаб чиқарган маҳсулотингиз бозор талабига жавоб бермаса, харидорга манзур бўлмаса, ижобий натижа кутиш бефойда. Шунинг учун буюртма асосида Қўқон шаҳридан олиб келдим. Маҳсулотларимизни ички бозорга олиб чиқаяпмиз. 

15 турдаги аёллар ва болалар кийимлари ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тикувчиларимиз айни пайтда мактаб формаси тикиш билан банд. 

Озод юртга ободлик ярашади, обод жойдан эса қут-барака аримайди, одамлар орасидаги меҳр-оқибат мустаҳкамланади, деган хулосалар кўнгилдан кечди.  

Шоҳида ДАМИНОВА,
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь