Қисқа сатрларда

Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида

Муносабат: Конституция – инсон қадри учун

МИБ: Қарз тўланмагани учун "Ласетти" ва "Малибу" хатланди

Мақомга муносиблик масъулияти ёки сафардан ташқари даҳмазалар

27 June, 2022, 08:59

Маданият

Абадий соғинч ва шукрона

  • 26.Апреля.2022
  • 144

Армоннинг ҳам ўлчови борлигини биласизми? Рислиқхоннинг ёзганларини ўқинг, биродар. Дарвоқе, шу аёлнинг ўзида ҳам армон бормикан? Ахир, тўгараги тўкис. Ҳамма танийдиган Мажнунов домланинг суюмли ва бир кесар қизи эди. «Тошкентда ўқийман, журналист бўламан!» – деб оёқ тиради, муроди ҳосил бўлди, орзуси ушалди. Ҳавас билан қалам тутганига қирқ йилдан ошди ва эндиликда қалам билан ошнолик ҳавас эмас.
Газетачилик унинг ҳаётига, қисматига айланди. Ёзганларининг деярли ҳаммаси вилоят газетасида воқеа бўлади десак, муболағаси жиндайгина, холос. Ижоднинг меҳнат-машаққатига «тер тўкди» қабилидаги таъриф бегонароқ. Негаки, оромкурсига ўтирволиб, ёзасанки, тупроқ кечмайсан, елкангдан офтоб ўтмайди, юзингни изғирин чимчиламайди. Манглайингдан реза-реза тер тўкилмайди. Аммо қоғозга тушадиган ҳар бир калима юрак қони, жон азоби билан туғилади. 
Рислиқхон Мажнунова қаламни айнан ана шу алфозда, ана шу руҳда тебратади. Унинг ижодига хос биттагина қирранинг ичига сал-пал киришга уринайлик. Рислиқхон – аёл зотининг жонкуяри, куйган, ёнган қизларнинг ҳолкаши, дардкаши, рўзғор юки эзиб қўйган дугоналарининг ҳимоячиси. Ўқувчи уни худди шу мақомда танийди ва севади. Ва қарангки, муаллифнинг аёлларга аталган чучук сўзи жа-а мўл-кўл эмас-да. Лоақал, сарлавҳаларига бир сидра назар ташлаб, ўйлаб қоласиз: қанақа ҳимояси, қанақа жонкуяр? Мана мисоллар: «Аёл аёллигича қолса», «Енгилтаклик жазоси», «Қароқчи қизлар», «Шошилган қиз эрга ёлчимас», «Ўзбекча кўйлакларимиз музейда қоладими?...» Бу рўйхатни тағин хийла давом эттириш мумкин.
Келтирганларимиз сарлавҳалар, холос, давомини ўқибгина муаллифнинг индаллосини англайсиз. Азалдан қизларини ёнига ўтирғизган кайвонилар айтар сўзини обдон айтиб-айтиб, «Ўзингга ҳазир бўлгин-а, бўптими?» – деб қўярди. Қизалоқ ё қизариб, ё қиқирлаб, «во-ой, эна-ей» деворса, енгил чимчиланади (пешонаси мушт билан сийпаланиши ҳам мумкин). Р. Мажнунова аёл зотини фақат бахтда ва оромда кўришни тилайдики, инчунин, «чимдилаб-чимдилаб» қўяди-да.
Унинг мавзу доираси фақат ахлоқ, оила, хотин-қизлар масалалари билан чегараланмаган. Умуминсоний, ижтимоий-сиёсий оғриқлар ҳам қаламининг учида «инграниб» туради. 2004 йилда ёзган «Йигит хорижга жўнади...» номли йирик мақоласи анча аввалроқ одам савдоси ҳақида сўз очганди.
Кейинчалик ёзган «Кореяга узатилаётган қизлар», «Чимилдиқсиз ўтаётган тўйлар» материаллари миллат дарди ва келажагидан ташвишланарди.
Қолаверса, «Атиргулга қайтсак-чи...» деб номланган чиқиш наманганлик гулсеварлар дилидаги айни муддао бўлди. Зеро, унинг 1986 йил 25 мартдаги шу мазмундаги мақоласи ҳам анчагина шов-шув бўлганди.
Гапни армондан бошладик ва Рислиқхонда армон борми-йўқми эканини ўсмоқчилаб ўтдик. Шукрона маъқулки, синглимизнинг ҳавасга ўта лойиқ оиласи бор. Ўғиллари эр етди, келин туширди, дастурхон ёзиб, мезбонлик удумини уддалади. Уй-жойдан ҳам камчилиги йўқ. Қалам ушлаган ҳамма ҳам унингдек Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист бўла олган эмас. Бу унвонга, 2015 йилда қўлга киритган «Олтин қалам» халқаро миллий мукофоти соҳибалигига ва қатор танловлар ғолибаси бўлишга фақат-фақат ҳалол меҳнати билан эришди, ниҳоятда арзийди.
Рислиқхон ҳақида гап кетганда унинг журналистлиги таъкидланаверади. Лекин зукко публицист экани деярли тилга олинмайди. Ахир Р. Мажнунованинг публицистикаси камолга етди, унинг мавзу ва сўз танлаши, баён услуби, ўзига хос, оригинал десак бўлади. У контрастдан, тасдиқ ва инкорини ёнма-ён қўлламасдан кўп фойдаланади. Масалан, Рислиқхон ёзади: ёнида ортиқча пули йўқларнинг китоб ўқишга иштиёқи баланд. Лекин имкони бор, пули етарли кишида китобга қизиқишнинг ўзи йўқ. Ўша биринчи тоифани Худо ёрлақадику, улар маънавияти бутун, қалби нурли зотлардир. Муаллиф иккинчи тоифага тузукроқ қарамайди унақаларни таърифлайди, лекин ўқувчи тушуниб олаверади: китоб ўқимаганларнинг қалбидан нур излаш беҳуда, уларнинг ҳоли ачинарли...
Рислиқхон Мажнунованинг ёзганлари хушсухан суҳбатдош, яқин дардкаш, юракни ёзади, ундан файз ва наф топасиз. Муаллиф тимсолида онадай меҳридарё муаллима намоён. У шундай ёзадики, жумласидаги ҳар бир сўзнинг ўз ўрни бор, узукнинг кўзи қандай қўйилса, ўшандай жойланган. Сўз заргарлиги тиллога нақш ўядиган ҳунарманднинг маҳоратидан ошиқ бўлсинки, кам бўлмасин-да. Газетани ҳузур билан ўқиган киши «Рислиқхон Мажнунова» имзосига ҳурмат ила кўз солиб, муаллиф аёл билан бир дардлашгиси келади. Негаки, қалбида туғён урган дардларнинг ифодасига ожиз кишининг ҳамма изтироблари «Рислиқхон Мажнунова» имзоси билан баён этиб қўйилган.
Унинг даста-даста китоблари йўқлиги ҳам тўғри. Аммо гап сондами? Қарангки, Р. Мажнунованинг тўпламлари ҳам фалсафий номланган, публицистик руҳ номнинг ўзидаёқ «мен» деб турибди: «Кемтик дунё», «Умидли дунё» камолот ёшининг шукронаси учун у учинчи китобига ҳам тартиб берди – «Ўқитувчининг қизиман».
Хуллас, бир қизга, бир онага, журналист ва адибага, бир ходимага, аёл зотига бахт аталса, Рислиқхонда ҳаммаси бор, ёмон кўздан асрасин. Армону орзулари ҳам етарлича, фотиҳа бериб жўнатган онасига олий маълумот олиб қайтган қизни кутиб олиш насиб этмади. Икков абадий соғинчга айландилар. Умуман, унинг йўқотганлари ҳам, топганлари ҳам дунёча бор. Салкам қирқ йил бурун «Наманган ҳақиқати»да қучоқ очиб, бағрига олган устозларидан ҳеч ким қолгани йўқ. Бу газетада ишлаганларнинг сон-саноғини топиш мушкул, бош газетанинг нони тошдай қаттиқ, она сутидай ҳалол. «Наманган ҳақиқати» – мангу нашр, бир муддат гулдураб, гуркираб, салдан сўнг дарвозасига қулф осиладиган газета эмас. Афсусларсиз таъкидлаш жоизки, бозоргирлик унинг манглайига битилмаган ва фахр билан таъкидлаймизки, бундан сўнг ҳам шундай бўлиб қолса керак. Негаки, Наманганнинг тарихини яратиш мўйсафид газетамизнинг шарафли вазифасидир. Бу – оғир вазифа, шунинг учун ҳам умрини «Наманган ҳақиқати»га бағишлаворганлар, 30-40 йил бу даргоҳнинг тупроғини ялаганлардан бири Рислиқхон-дир. У 1985 йилдан буён ҳеч қаёққа қимирлагани йўқ: бу билан Р. Мажнунова ҳар қанча фахрланса ва бошқалар уни ҳавас қилсалар арзийди. Мана шунинг ўзигина барча армонларингизни ювиб ташлайди, ҳамма йўқотганларингиз ўрнини қоплайди, Рислиқхон муборак бўлсин!

Рустамжон УММАТОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь