Қисқа сатрларда

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

01 May, 2024, 10:33

Маданият

Ҳамюртимиз «Йилнинг энг яхши театр актёри» бўлди

  • 30.Января.2023
  • 540

Истеъдодли актёр, вилоят мусиқали драма театри артисти Аброр Муҳитдинов Маданият вазирлиги томонидан таъсис этилган «Янги Ўзбекистон юлдузлари» танловида  миллий платформа орқали овоз бериш йўли билан «Йилнинг энг яхши театр актёри» номинацияси бўйича ғолиб, деб топилди.

Аброр Муҳитдинов вилоят мусиқали драма театри ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли актёрлардан. У 11 йиллик ижодий фаолияти давомида кўплаб ранг-баранг характердаги образларни моҳирона яратиб, мутахассис ва томошабинлар олқишига сазовор бўлиб келмоқда. 

Ёш бўлса-да, изланувчан ва тиришқоқ актёр театрдаги фаолияти давомида, «Виждон амри»да Шуҳрат, «Супер қайнона-2»да ҳаммол, «Қаердасан, фариштам»да капитан, «Сирли бошоқ»да сичқон, «Хато»да Коля, «Коинотлик меҳмонлар»да меҳмон, «Бедаволар»да Суръат, «Разолат қурбонлари»да Саидғани, «Қор маликаси»да қароқчи, «Ўлан»да дарвеш, «Амир Темур»да Мироншоҳ,  «Ибрат»да Аббосхон образлари орқали эътибор қозонган.

Айниқса, оташин шоир, драматург ва таржимон, Наманган фарзанди Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан Иқбол Мирзонинг «Усмон Носир» драмасида бош ролни айрича маҳорат билан ижро этдики, спектакл аншлаг бўлди. 

Ёш актёр кейинги ижодий интилишлари давомида нафақат театр, бир пайтда кино санъатида ҳам ўз истеъдодини чархлаб, «Сарвқомат дилбарим»да ИИБ ходими, «Аёл қисмати»да террорчи, «Маҳалла» телеканали орқали эфирга узатилган «Воқеа жойи» кўрсатувида бошловчилик  қобилияти билан намоён бўлди.

Аброр Муҳитдинов вилоят миқёсида ўтказиб келинаётган Мустақиллик, Наврўз умумхалқ байрам тантаналарида, мамлакатимиз ҳаётига оид бошқа бир қатор муҳим саналарга бағишланган маданий-маърифий тадбирларнинг фаол иштирокчисидир.
Аброр ўз устида ишлаш баробарида театрга кириб келаётган ёшларга актёрлик касбининг сир-асрорларини қунт билан ўргатиб келмоқда. 

Яна бир қувончли жиҳати бор. Бу миллий танловнинг «Йилнинг энг яхши режиссёри» номинацияси бўйича ғолиблиги Ўзбекистон Миллий академик театри бош режиссёри, «Шуҳрат» медали соҳиби  Асқар Холмўминовга насиб этганидир. Насиб этганда ҳам унинг ижодий меҳнатлари тарозисини Наманганда саҳналаштирилган «Усмон Носир» спектакли босиб кетди.  

Ифтихоримиз шуки, «Наманган ҳам саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида  минтақавий марказ сифатида  ўз ўрнини топмоқда» дея муҳтарам Президентимизнинг йилбоши Мурожаатномаларидаги таъкидлари амалда ўз тасдиғини топмоқда. Аброрнинг бу муваффақияти вилоят театри ижодий жамоасининг, бутун санъатсевар наманганликларнинг ютуғи, десак муболағаси йўқ.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь