Қисқа сатрларда

Икки йилдан бери алимент тўламаётган қарздор топилди

Бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликлар ундирилмоқда

Солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир

Янги таъмирланаётган йўлда транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 21 мингтадан 40 мингтага оширилади

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

04 May, 2024, 04:08

Маданият

Асал фестивалига марҳабо!

  • 18.Октября.2023
  • 569

Бепоён дала, боғ, пурвиқор тоғ-адир, ям-яшил ўрмон, фойдали қазилма, қут-баракага кон чўлу-даштигача файзиёб, бугун жаҳон аҳлини, жаҳонгашта сайёҳларни ўзига оҳанграбодек чорлаётган фусункор юрт қайда бор? Кузда қўлингиздан тушиб қолган чўп баҳорда куртак ёзиб, яшиллик ато қилгувчи, тоғидаги қорлар обиҳаётга айланиб, она замин кўксига гул, қут-барака тақувчи, одамлари меҳнат ила тобланиб,  ер юзига ризқ-насиба тортиқ этгувчи саховатли маконларнинг энг  сараси она юртимиз – Ўзбекистон  бўлади, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. 

Ватанимиз чиндан ҳам бебаҳо, бой кўҳна тарихи, табиати, географик жойлашуви жиҳатидан ҳам бетакрордир. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, унинг кўплаб соҳа ва тармоқларини ривожлантиришга қулай ҳудуд ҳисобланади. Шу боис ҳам мамлакатимизда мустақиллик йилларида аграр соҳа ва унинг барча йўналишларида  эътирофга лойиқ ишлар қилинди. Катта ютуқларга эришилди. Хусусан, пахта, ғалла, пилла етиштиришда дадил қадамлар қўйилди. Боғдорчилик, полизчилик, сабзавотчилик, лимончилик, гулчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик йўналишларида қўлга киритилган натижалар салмоғи ҳам йилдан-йилга ўсиб бормоқда.

Президентимизнинг асаларичилик соҳасини янада ривожлантириш борасида қабул қилган қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш борасида вилоятимизда ҳам тилга олса арзигулик кенг кўламда ишлар амалга оширилиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Натижада Наманганда ўзига хос асаларичилик мактаби шаклланиб, «драйвер» даражасига кўтарилди. Давлатобод туманидаги Гулобод маҳалласи ҳудудида «Асаларичилик саноат зонаси» фаолияти йўлга қўйилди.

Азалдан асаларичилик билан шуғулланиб келган тадбиркор, томорқа эгалари, фермер хўжаликларига зарур шарт-шароит, имтиёзлар яратиб берилгани боис вилоятда асалари парваришлаш, асал етиштириш ҳам саноат даражасига кўтарилди. Бу эса халқаро фестиваль мақомини олган «Халқаро гуллар фестивали» қатори вилоятда «Халқаро асал фестивали»ни ҳам  ташкил этиш имконини яратди. Ўтган йили Наманган шаҳридаги «Афсоналар водийси» истироҳат боғида илк маротаба «Халқаро асал фестивали» ташкил этилди. Унда республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган  асаларичилар вакиллари, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россия давлатларидан ташриф буюрган 300 дан зиёд тажрибали асаларичилар иштирок этди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакатимизда, шу ўринда вилоятимизда истеъмол бозорини экологик жиҳатдан тоза озиқ-овқат маҳсулоти билан тўлдиришда ўз ўрнига эга бўлган асаларичилик тармоғини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда Республика асаларичилар уюшмасининг Наманганда 260 нафардан зиёд аъзоси самарали фаолият кўрсатаётир. Улар 210 мингдан зиёд асалари уясидан йилига 5 минг тоннадан ортиқ шифобахш маҳсулот олиш, жаҳон андозалари талаби даражасида қадоқлаш, экспорт ҳажмини кўпайтириш борасида ижобий натижаларни қўлга киритмоқда.

Халқаро фестиваль соҳада инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда саноатлаштириш, халқаро тажриба алмашув платформасини яратиш, мавжуд муаммолар ечимини топишга хизмат қилмоқда. Уч кун давом этадиган фестивалга келган маҳаллий аҳоли ҳамда меҳмонлар савдо павильонларида бири-биридан бой кўргазмалар билан танишади. Минг дардга даво асалнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлади. Бежирим идишларга қадоқланган турфа хил шифобахш ва сифатли болнинг харидорига айланади. Шунингдек, соҳани ривожлантириш, бу борада жаҳон тажрибасини кенг оммалаштириш мақсадида Қурғоқ ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази («ICARDA») вакиллари иштирокида маҳаллий ва хорижлик асаларичилик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар учун илмий-амалий семинар тренинги ҳам ташкил этилади. Улар тажриба алмашиш билан бир қаторда ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олади. Яна шуни ҳам қўшимча қилишимиз керакки, фестиваль давомида асаларичиликда халқаро тажриба алмашув платформасини яратиш, инновацион технологияларни жорий этган ҳолда саноатлаштириш ҳамда дунёда асаларичилик ривожланган Россия, Қозоғистон ва Украина каби «Топ 10» қаторидан жой олиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар давом эттирилади. «В2В» форматидаги музокораларга кенг ўрин берилади. Халқимизнинг саховатпешалик ва меҳр-мурувват каби фазилатларининг амалдаги ифодаси сифатида «Имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оилалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга асал улашамиз» акцияси ўтказилиб, унда 2 тоннадан ортиқ асални бепул тарқатиш кўзда тутилган. Фестивалнинг тантанали тақдирлаш маросими ҳам байрамона тус олади.

Таниқли санъаткорлар иштирокида галаконцертлар намойиш этилади. Иштирокчилар мутахассислар томонидан етти йўналиш – «Энг яхши жиҳозланган кўргазма», «Энг сифатли асал», «Энг ёш асал етиштирувчи», «Энг кўп асал экспорт қилган экспортёр», «Асал етиштирувчи энг яхши аёл» номинациялари бўйича баҳоланади. Ғолиблар вилоят ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси томонидан таъсис этилган совринлар билан тақдирланади.

Ботиржон НУРИДДИНОВ,
вилоят ҳокимининг ўринбосари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь