Қисқа сатрларда

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Хорижда ишловчиларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш учун компенсация берилади

«Наврўз» маҳалласида замонавий хизмат кўрсатиш маркази фойдаланишга топширилди

19 April, 2024, 12:47

Маданият

АВТОМАШИНА ВА ПУЛ МУКОФОТЛАРИ ГУЛЛАР ФЕСТИВАЛИ ҒОЛИБЛАРИГА ЧИНАКАМ РАҒБАТ БЎЛДИ

  • 02.Июня.2021
  • 750

Наманганда қарийб ўн кун давомида Вазирлар Маҳкамасининг махсус фармойиши асосида ўтказилган 60-анъанавий халқаро Гуллар фестивали чин маънода дилларга ифор ва шукуҳ бағишлади.

Гўзаллик ва нафосат айёмининг ҳаяжонли дамлари вилоят марказидаги муҳташам «Афсоналар водийси» тематик паркида ташкил этилган фестиваль ғолибларини тақдирлаш маросими ва элимиз ардоғидаги эстрада хонандалари иштирокидаги концерт дастури билан янада фусункорлик касб этди.

Юбилейи нишонланган Гуллар байрами баҳона Наманганга бир миллионга яқин сайёҳ (меҳмон) келганлиги, вилоятда ички ва ташқи туризм салоҳиятини юксалтиришда хизмат қилмоқда. Фестивалнинг асосий тантаналари ўтказилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бетакрор гул кўргазмалари, турфа маданий-маърифий ва кўнгилочар дастурлар барчага кўтаринки завқ улашди. Нафосатдан баҳраманд бўлиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, пойтахтимиз, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Россия, Ҳиндистон, Корея, Хитой, Покистон, Жанубий Африка Республикаси, Замбия, Буюк Британия, Украина, АҚШ, Германия, Эрон каби жаҳоннинг ўттизга яқин давлатларидан сайёҳ вилоятимизга ташриф буюрди. Фестиваль тантаналарини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Қирғизистон, Қозоғистон, Эрон, Россия, Туркия, Хитой каби давлатларнинг етакчи телерадиокомпаниялари, ахборот агентликлари ва интернет сайтлари кунлик тўғридан тўғри эфирларни узатиб турдилар.
– Гуллар фестивалидаги бир-бирини такрорламайдиган композицияларни кўриб, очиғи ҳайратландим. Хусусан, вилоятингиздаги олий ўқув юртлари талабаларининг дунёқарашини ўзида мужассам этган гул майдончаларидан шавққа тўлдим, – дейди Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор шаҳридан келган турист Аник Таҳир. – Бу ажойиб гуллар энг аввало, кишига яхши кайфият тортиқ эта олади. Одамлар нафақат байрамларда, балки бошқа кунларда ҳам мана шундай гўзалликдан баҳраманд бўлиб туришлари керак.

«Гуллар байрами» мадҳияси билан бошланган тантанали тадбирда 60-анъанавий Халқаро гуллар фестивалида Поп тумани ҳокимлиги – шаҳар, туман ҳокимликлари ўртасида, вилоят Қурилиш бош бошқармаси – ташкилотлар ва бошқармалар орасида, Миллий гвардия вилоят бошқармаси – «Автопарадда энг яхши гулга безатилган автомашина», профессионал гулчи Обидхон Қодиров – «Энг яхши дизайнер гулчи» номинациялари бўйича ғолиблар сифатида эътироф этилиб, «Нексия 3» автомашиналари билан мукофотландилар.
Шунингдек, Жўрахон Мўминов – «Энг яхши қадимий гулчи сулола», Бекзод Тоҳиров – «Энг яхши ёш гулчи», олий ўқув юртлари НамДУ, НамМҚИ, НамМТИ – «Энг яхши гул композицияси», Ҳусанбой Нуриддинов – «Энг яхши гулчилик мактаби», Фарҳод Жўраев – «Энг кўп гул етиштирган гулчи» номинациялари бўйича тақдирланиб, уларга 20 ва 15 миллион сўмдан пул мукофотлари тақдим этилди.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Наманган шаҳар ҳокимлиги, Наманган шаҳар ободонлаштириш бошқармаси жамоалари ҳам фаол иштирокчилар сифатида муносиб рағбатлантирилдилар.

Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги яқинлашиб келмоқда. Озод ва обод, ҳур ва мустақил юртга мана шундай байрамлар ярашади. Халқаро Гуллар фестивали эса ушбу мўътабар санага наманганликларнинг ўзига хос туҳфаси бўлди. Зеро, поклик ва гўзаллик рамзи бўлган гуллар ҳар қандай байрамнинг бебаҳо нишонасидир.
Байрам якунидаги ўзига хос мушакбозлик томошалари эса маросимга тўпланган катта-ю кичик қалбига бирдек олам-олам қувонч олиб кирди.
Тантанали тадбирда Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, вилоят Нуронийлар кенгаши раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов иштирок этди ва сўзга чиқишди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь