Қисқа сатрларда

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

19 April, 2024, 03:27

Маданият

Байрамона шукуҳ

  • 15.Мая.2022
  • 674

Наманган кейинги йилларда дунё сайёҳларини ўзига жалб этиб келаётган вилоятлардан бирига айланмоқда. Гўзал табиати, дам олиш масканларига бойлиги ва бунга мос равишда наманганликларнинг тадбиркорлиги, янгиликларга интилиши ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Наманганнинг брендига, ташриф қоғозига айланган Халқаро Гуллар фестивали арафасидамиз.  30 дан ортиқ мамлакатдан сайёҳлар келиши кутилаётган, 2 миллион меҳмонга мезбонлик қиладиган вилоятимизда халқаро фестивалга тайёргарлик қай даражада?  Йилдан-йилга юксак савияда ташкил этилаётган байрам шукуҳи кўнгилларга олам-олам қувонч, завқ ва сурур бағишламоқдаки, ташкиллаштириш жараёнларидан медиа маконидаги ахборотлар орқали бохабар бўлиб турибмиз. 
Гуллар байрамининг ўзига хос ўтиши Туризм ва маданий мерос вазирлиги вилояти бош бошқармаси ходимлари зиммасига ҳам улкан масъулият юкламоқда. Бошқарманинг ахборот хизмати раҳбари Ҳамдамжон Мамадалиев бу ҳақда мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди: 
– Тадбирнинг юксак савияда ўтишида ҳар бир меҳнат жамоасининг ўрни бор. Аввало биз мезбонмиз, шунинг учун ҳам тиним билмай, тер тўкиб ишлаяпмиз, ватанпарварлигимиз, фидойилигимиз мана шундай кунларда намоён бўлмоқдаки, елиб-югуришлар, машаққатларнинг барчаси фестиваль ўтгач, унут бўлади. Халқаро миқёсдаги нуфузли тадбир сабаб Наманганимизга файз, барака ёғилди десам, хато қилмаган бўламан. 

Меҳмонлар фестиваль кунлари вилоятимизнинг диққатга сазовор тарихий масканлари, зиёратгоҳларига ҳам ташриф буюради. Вилоят ҳокимлиги томонидан кўплаб зиёратгоҳларни обод этилгани эътиборга молик.  Чортоқ тумани Султон Увайс Қараний зиёратгоҳида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун  14,0 млрд. сўм, Тўрақўрғон туманидаги  «Ахсикент» очиқ осмон музейига 3,4 млрд. сўм, Чуст тумани Бибиона зиёратгоҳига 7,1 млрд. сўм, Поп туманидаги Ҳазрати Боб зиёратгоҳига 2,3 млрд. сўм маблағ йўналтирилиб, зиёратгоҳлар қайтадан замонавий қиёфа касб этди. 
Шу билан биргаликда, ҳомийлик ва бюджет маблағлари ҳисобидан Наманган шаҳрида жойлашган «Ўн бир Аҳмад» ва Қодирхўжа эшон уйи, Уйчи туманидаги Девона бува, Чуст туманидаги Буонамозор ва Айри том бобо, Наманган туманидаги Хилватхона зиёратгоҳларида қайта таъмирлаш ва реставрация тиклаш ишлари амалга оширилди.
Поп тумани Чодак қишлоғи тоғ этагида 54 гектар майдонда лойиҳа қиймати 2,5 млн. АҚШ доллари бўлган, миллий ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган Туризм мажмуаси лойиҳаси амалга оширилди.
Мажмуадан  200 ўринли 3 юлдуз тоифадаги меҳмонхона, 205 ўринли ўтов типидаги дам олиш маскани, овқатланиш шохобчалари, болалар майдончалари, кичик амфитеатр ва соғломлаштириш марказлари ўрин олган. 

Вилоятда туризм салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш, хизматлар сифатини такомиллаштириш, соҳа тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун 233 та оилавий меҳмон уйлари битказилиб, қўшимча 700 та янги ишчи ўринлари ташкил қилинди. 
Жорий йилда вилоятда 2143 ўринли 30 та меҳмонхона, 8 та хостел, 244 та оилавий меҳмон уйи тахт қилиб қўйилди.   
Ички туризмни ривожлантиришдаги имкониятларимиз ҳам кенгайиб бормоқда. Биргина ўтган йили 60-анъанавий Халқаро «Гуллар фестивали» ҳафталигида бир миллион нафар меҳмон ташриф буюрди. Фестивалда бир кунда 150 мингдан ортиқ киши иштирок этди. 30 дан ортиқ давлатлардан – Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Туркия, Бангладеш, Украина, Хитой, Жанубий Корея каби мамлакатлардан меҳмонлар келди.
Зиёрат туризмини янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини  кўпайтириш мақсадида  2022-2023 йиллар давомида яна 7 та  зиёрат объектида реконструкция, таъмирлаш, инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган. Бу мақсадларга маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари жалб этилади.

Наманган шаҳрида гастрономик туризм кўчаси ва Artstreet кўчаси фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА ёзиб олди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь