Қисқа сатрларда

МАМЛАКАТИМИЗДА ЎЗБЕК ТИЛИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ТИЛ СИЁСАТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

СУБСИДИЯ КИМЛАРГА АЖРАТИЛАДИ? 

АҲОЛИНИ ТАДБИРКОРЛИККА ЖАЛБ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

ҚИММАТФУРУШ УНФУРУШЛАР ЁКИ СЕРОБЧИЛИГУ ТАҚЧИЛЛИКДАГИ НАЙРАНГЛАР

21 October, 2020, 10:55

Маданият

БИЗНИНГ БУЮК ТАРИХИМИЗ БОР... КЕЛАЖАГИМИЗ ҲАМ АЛБАТТА БУЮК БЎЛАДИ

  • 12.Октября.2019
  • 358

Таҳририятимизга вилоят театри  бош режиссёрининг ёрдамчиси Муножат Мамадалиева  имзоси билан хабар келиб тушди. Унда айтилишича, «Вилоят  мусиқали драма театри ижодий жамоасининг қирқдан зиёд вакили  Қирғизистонга жўнаб кетишди. Бу галги ижодий сафар олдингиларидан фарқ қилади. Гап шундаки, ҳамюртларимиз Қирғизистонда ўтказиладиган «ORT ARDO» халқаро театрлар фестивалида қатнашадилар. Фестивал дастурига наманганлик театр ижодкорларининг  Асрор Самадов асари асосидаги  «Соҳибқирон Амир Темур ёхуд адолат қиличи» номли спектакли киритилган...».

Мазкур хабар асосида фестивалда муваффақиятли иштирок этиб қайтган  театр директори Озода Усмонова билан суҳбатлашдик.

– Озодахон Раҳмоновна, аввало халқаро миқёсдаги нуфузли фестивалда иштирок этганингиз сизга ва жамоангизга муборак бўлсин. Биламизки, бундай нуфузли фестивалда  иштирок этиш учун биргина асарни саҳналаштиришнинг ўзи кифоя қилмайди. Демак, ижодий жамоанинг кейинги йиллардаги изланишлари атрофлича ҳисобга олинган.

– Албатта, театримиз 1931 йилда ташкил этилиб, ўша йилнинг 15 июнида   илк бор драматург  Акбар Султоновнинг «Интилиш» спектакли билан  фаолият бошлаган бўлса, ҳозиргача  Ўзбекистон халқ артистлари Раззоқ Ҳамроев, Мукаррама Азизова, Маърифат Убайдуллаева, Собир Раҳмоний, Муҳриддин Мансуров, Ҳабиба Охунова, Маматхон Убайдуллаев,  Камолиддин Раҳимов, Ўринбой Нуралиев, Турсуной Мамедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мирзажон Дадабоев, Онахон Тожибоева, Маҳмуджон Исомиддинов, Турдиали Сайдуллаев, Маърифат Қорабоева, Рустам Ҳамроқулов, Валижон Сайдалиев  каби санъат дарғаларининг истеъдод-салоҳиятидан файз топган. Бугунга келиб бу улуғ салафларимизнинг фаолиятини  Ўзбекистон санъат арбоби Карим Йўлдошев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Карима Расулова, Алижон Тожибоев, Меҳри Абдуллаева,  Азизахон Каримова сингари ёрқин истеъдод соҳиблари  астойдил  давом эттирмоқдалар.

«Тоҳир ва Зуҳра», «Лайли ва Мажнун», «Испанлар», «Отелло», «Қирол Лир», «Азиз ва Санам», «Ганг дарёсининг қизи»,   «Номус ва муҳаббат», «Бой ила хизматчи», «Ибн Сино», «Машраб», «Алпомишнинг ўқ-ёйи», «Қирол Лирнинг набиралари» каби асарлар билан музайянлик касб этган саҳнамиз  янги,  бугунги ижтимоий-сиёсий жараёнлар манзараси ва  замондошларимизнинг ўй-фикрлари ва глобаллашувга уйқаш қарашлари билан уйғунлашган «Супер қайнона-2», «Разолат қурбонлари», «Хато», «Наманган алласи», «Аёл бўлиш осонми?», «Армон», «Ўлан», «Матмуса», «Боғбон қиз», «Суйгонингдан айрилма»  каби  спектакллар билан бойиб бормоқда.

– Назаримда театр жамоасининг халқаро миқёсдаги анжуманларда иштироки ҳам камайиб қолгандай эди.

– Буни тан оламиз.  2007 йилда  «Боғ» спектакли билан Туркманистонда ўтказилган «Халқаро фольклор ва қўшиқ фестивали»да меҳмон сифатида иштирок этганмиз. Кейинги  йилларда «Дебют» республика ёш режиссёрлар кўрик-фестивалида  «Сирли курси», «Ўлан» каби спектакллар билан ҳамда «Сени куйлаймиз, замондош!» республика театр санъати фестивалида «Баҳор шамоли», «Разолат қурбонлари» спектакллари билан иштирок этганимизни ҳисобга олинмаса халқаро миқёсдаги тадбирларда қатнашолмаётгандик. Лекин мамлакат миқёсидаги танловларда фахрли ўринларни эгаллаганмиз.

– Келинг,  «ORT ARDO» халқаро театрлар фестивалидаги муваффақият ҳақида батафсилроқ ўртоқлашсангиз.

– Албатта, Қирғизистонда бўлиб ўтган бу нуфузли фестивалга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тавсия этилганимиздан қувончимиз чексиз.

– Кўпчиликни яна шу жиҳат қизиқтирадики,  20 дан зиёд давлатлардан, айниқса европа давлатларининг нуфузли театр жамоаларидан вакиллар иштирок этган фестивалда қатнашиш янада масъулиятли. Бунинг устига Наманган театри жамоаси дунё эътирофидаги буюк саркарда Амир Темур сиймосини жонлантиришдек залворни ҳам зиммага олган. Бунга қай  йўсинда журъат этилди?

– Биласизми, ижодкор ҳамиша эътиборга, эл-юртнинг эътибор қаратиши билан олинадиган  рағбатга эҳтиёжманд. Шу маънода вилоят ҳокимлигига, бизни қўллаб-қувватловчи бўлим, бошқармалардан тортиб, театр томошасидан завқ ола биладиган ҳамюртларимизга раҳмат. Чунки театримизга томошабинларнинг  ихтиёрий кела бошлагани аввало раҳбарларнинг ташаббуси билан боғланади.

Шундай шароитда ижодий изланишлар масъулиятини зиммага олмай илож йўқ. Театримиз бош режиссёри,  Санъат арбоби  Карим ака Йўлдошев  билан шу масала хусусида фикрлашганимизда  тарихий мавзуга  қўл уришимиз заруратини хулоса қилдик. Алишер Навоий, Бобораҳим Машраб, Усмон Носир каби сиймолар талқини билан тарихга мурожаат этиш бўйича ҳам  кўп ўйладик.

Пойтахтдаги мутахассислар билан, адабиётшунос олиму, санъатшунослар билан ҳам фикрлашдик ва бир тўхтамга келдикки, тарихий мавзуга айнан театр ижодкорлари томонидан кўп ва хўб мурожаат қилинган. Хусусан, бизнинг жамоамиз томонидан   ҳам 1994 йилда Абдулла Аъзамовнинг «Усмон Носир қаерда?» номли тарихий асари, 2001 йили Абдулла Жаббор қаламига мансуб «Алпомишнинг ўқ ёйи», кейинроқ «Кўрголи келдим» мусиқали драмалари саҳнага олиб чиқилган.

Амир Темур сиймосини гавдалантиришга жазм этганимизнинг боиси, ҳозиргача бу образ буюк ҳарбий саркардалик фазилатларини ёритишга эътибор қаратилгани билан унинг ҳам аввало инсон экани, унда ҳам оиласига, халқига  яхшилигу ёмонликларга нисбатан оддий инсоний ёндошувлари ёритиб берилмаган. Дўст-биродар, устоз-шогирд, севимли ёр, суюкли ота, оила бошлиғи сифатидаги изтиробу фароғат билан кечган лаҳзалардаги  сиймоси  саҳна ортида қолиб кетарди.

Биз айнан шу жиҳатларни ёритишга жазм қилдик. Асрор Самаднинг «Соҳибқирон Амир Темур» тарихий драмасини саҳнага олиб чиқиш учун туртки бўлган ғоя – Амир Темурнинг буюк, озод ва гуллаб-яшнаётган Ватан барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари.

Шундай бўлса-да, бош режиссёримиз Карим ака Йўлдошев билан бош маслаҳатчи сифатида филология фанлари номзоди, адабиётшунос Шуҳрат Ризаевга мурожаат этдик.

Суҳбатларимиз давомида  буюк саркарданинг умр шомида ўз ҳаётини сарҳисоб қилишга уриниш саҳнаси, бошқа фотиҳлар – Чингизхон ва Искандар Зулқарнайн образларини киритиш лозимлигини режалаб олдик.

Амир Темур улар забт этган чўққини забт этганлигини, бироқ, улардан фарқли ўлароқ, мамлакатларни маҳв этиш билан бирга, илм-фан, маданият ва санъатни ривожлантириш орқали юрт фаровонлигига эришиш йўлида заҳмат чекиш ҳаётининг мазмуни бўлганлигини айтади. Танланган йўналишлардан яна бири – Соҳибқирон буюк шахс бўлиш билан бирга, оддий инсонга хос бўлган барча унсур ва қусурлар унга ҳам бегона эмаслигига, унинг ҳам ҳис-туйғулари, қувонч ва армонлар билан яшаб ўтганлиги мўлжалимизда турди. Айниқса, Чўлпонбегимнинг вафотидан кейинги саҳнада буюк саркарданинг кўзидан ёш чиқиши унинг улкан юрагини ҳам Оллоҳнинг беназир неъмати – МУҲАББАТ эгаллаганлигига таъсирли ишора бўлди. Ёки рақиби Йилдирим Боязиднинг ўлимидан афсусланиши қаҳрамонни томошабинга беихтиёр яқинлаштирадики, худди Амир Темурдек  буюк  саркардани?

Амир Темурнинг вафотидан сўнг Бибихоним тилидан чиқаётган таъриф ва тавсифлар бобокалонимизнинг нақадар буюк инсон бўлганлигини тасдиқловчи асосий мезондир.

– Фестивал иштирокчилари  асарнинг бу жиҳатларини, Наманган театрининг ўзига хос ёндошувларини қандай қабул қилишди?

– Хайриятки, жуда катта эътибор билан, олқиш билан эътироф этишди. Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, тожикистонлик театр жамоалари фестивалга  европа услубидаги ёндошувлар асносида  асарлар тақдим этишган бир шароитда шарқона пафос билан миллий ва умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам эта олган  бизнинг спектаклимиз иштирокчилар ва  мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.

Бу фестивал ҳали якунланмасидан туриб,  бизнинг  саҳна намойишидан кейиноқ ҳамманинг ёпирилиб келиб бизни табриклашлари, Амир Темур тимсолини ўзига хос гавдалантиришга эришган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алижон Тожибоевни бағриларига босиб, қўлларини юзга суришлариданоқ маълум эди.

Фестивал якунидаги концертда дастурга мувофиқ жамоадошимиз Меҳрижон Абдуллаеванинг миллий қўшиқлар ижроси билан чиқишини  ҳам спектаклимиз ютуғи сифатида баҳолаш мумкин. «Энг яхши сценография» номинацияси бўйича ҳам айнан  Наманган театри тақдирланганидан  қувончу шукуҳимиз бисёр.

Фестивалда алоҳида эътирофга муносиб  бўлганимиз мамлакатимиз Маданият вазирлиги томонидан ҳам кўтаринкилик билан кутиб олиндики,  шу октябрь ойининг 23-24 кунлари пойтахтдаги Миллий академик театрида  мазкур спектаклни қўйишимиз режалаштирилди.

Шу ўринда Халқаро фестивалда юксак эътирофга сазовор бўлган «Соҳибқирон Амир Темур ёхуд адолат қиличи» спектаклимиз давлат буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси Маданият Вазирлигининг молиявий рағбатлантириши ҳамда Миллий Академик драма театри дизайнери Севара Зуннунованинг ғоялари асосида яратилган либослар   ҳамда саҳналаштирувчи рассом Зубайдулло Ботиров эскизлари билан янада мукаммаллашганлигини ҳам мамнуният билан айтиб ўтишим зарур.

– Муваффақиятлар бардавом бўлсин. Олқишлар, эътирофлар булар эришилгани, айнан биз – наманганликларнинг чексиз қувончимиз. Айниқса, ижодий меҳнат учун зарур декоративлар, либослар, умуман моддий-техник базанинг бойитилгани ва мустаҳкамлангани чинакам меҳнатга муносиб сийлов. Эндиги режалар қандай?

– Режаларимиз кўп, биз янгича шаҳд, ғайрат билан ўзимизга тегишли хулосаларни ҳам олдик. Олдимизда Тожикистон сафари турибди. Бу гастрол сафарига қай йўсинда тадориклар кўриш бўйича ишлаяпмиз. Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини саҳнага олиб чиқиш бўйича ҳам  ижодий изланишларни бошлаб, астойдил давом эттирмоқдамиз. Мазкур асарга ҳам янгича талқин ва ёндошувлар билан мурожаат қилмоқчимиз. Саҳнада Наманганнинг кумушбибилари-ю отабекларини ҳам муваффақиятли гавдалантириш ҳаракатидамиз.

Яна биз театр ижодкорлари зиммамизда «Томошабин тарбияси» деган залворли юк ҳам турибди. Бу масъулият баробарида вилоятимиз бўйлаб туман ва қишлоқларда  кўчма театр услубида «Разолат қурбонлари» спектаклини намойиш қилишимиз керак!

– Демак, Наманган театри кенг қамровдаги изланишларини давом эттирмоқда. Бу йўлда сизга ва ижодий жамоага  муваффақиятлар тилаймиз.

Носир АББОС суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь