Қисқа сатрларда

Янги Наманган шаҳарчаси барпо этилмоқда

Тадбиркорлар тингланяпти

«Хавфсиз шаҳар» концепцияси тақдим этилди

Узумчилик ривожланмоқда

Стартап нима учун керак?

17 August, 2022, 12:48

Маданият

Чуст паловининг шуҳрати

  • 22.Января.2022
  • 372

Палов – миллий таомларимизнинг энг мазалиси ва севимлиси, жоиз бўлса, энг шоҳонаси, дейиш мумкин. Ўзбекнинг бирон тадбири усиз ўтмайди.
Баъзи манбаларга кўра, паловнинг тайёрланиш услуби эрамиздан аввалги II-III  асрларда қадимги Яқин Шарқ, Ўрта Осиё ва Ҳиндистон ярим оролида яратилган экан. Айнан ўша пайтда Осиёда гуруч етиштириш  бошланган. Ундан анча олдин қадимги Хитой ва Японияда шоличиликни ривожлантириш чўққига чиққан. Бироқ уларнинг гуруч тайёрлаш услуби палов тайёрлашдан кескин фарқ қилгани боис тадқиқотчи ва олимлар паловнинг қадимги ватани деб айнан Яқин Шарқ, Ўрта Осиё ва Ҳиндистон ярим оролини кўрсатишади. 
Қадимда Ҳиндистон ярим оролида гуручни қайнатиш ва димлаш услуби амалга оширила бошланган. Кейинроқ қадимги форслар юртида унга гўшт ва бошқа масаллиқларни қўшишни бошлашган. Олимлар шу тарзда палов дунёга келган деб билишади. Палов UNESCOнинг маданий мерос рўйхатига киритилган қадимий таомлардан бири ҳисобланиши, шу билан бирга, буюк саркарда Амир Темур билан боғлиқ афсоналардан бирида, бир мулла Амир Темурга Анқарага юришидан олдин палов тайёрлаш рецептини беради. Унда ҳозирги пайтда палов учун ишлатиладиган барча масаллиқлар санаб ўтилган. 
Яна бир қадимги афсонага кўра,  шоҳ Абу Али ибн Синога вазифа беради. Унга кўра, ибн Сино лашкарлар узоқ юришлар пайтида ейишлари ва толиқиб қолмасликлари учун тўйимли таом ўйлаб топиши керак эли. Ушбу таом лашкарлар танасида сувни яхши ушлаб туриши, тўйимли бўлиши, кам жойни оладиган, лекин яхши сақланадиган маҳсулотлардан ишлатилиши айтилган. Шунда ибн Сино паловни яратган, деб тахмин қилишади.
Палов ҳақида турли ибора ва маталлар ҳам тўқилган. «Мусулмон дунёсида нечта шаҳар бўлса, паловнинг ҳам шунча тури бор», яна тожиклар «Китоб ўқиб, билимини амалда қўлламаган инсон, паловни сабзисиз еган билан баробар»... каби. Сайёҳлар иштиёқ билан истеъмол қиладиган бу таом хонадон бекаларидан ташқари, умумий овқатланиш шохобчаларида ҳам  энг бозоргир маҳсулотдир. Масалан, йил ўн икки ой одам қадами аримайдиган Чустнинг  мавлоно Лутфуллоҳ номли маданият ва истироҳат боғидаги ошпазларга дарҳол палов буюртма беринг, бир соатга етар-етмас  бир товоқ девзира паловни сўридаги дас-турхонингизга етказишади. Бу Чуст ва Наманганнинг бошқа ҳудудларида гастрономик туризм аллақачондан буён фаолият кўрсатиб келаётганидан далолат.

 

Палов хақида қизиқарли рекордлар
2017 йилнинг 17 август куни пойтахт вилоятининг Олмалиқ шаҳрида Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳомийлигида олти тонна ош тайёрланди. 2017 йилнинг 8 сентябрь куни Тошкентдаги Сайилгоҳ кўчасида «Миллий»  телеканали ҳомийлигида Гиннес рекордлар китобидаги паловга оид рекорд-ни янгилаш учун етти тоннадан ортиқ ҳажмдаги қозонда палов тайёрланди. Шунингдек, умуммиллий фестиваль ташкил қилинди. 2018 йилнинг 14 январь куни эса Сурхондарёнинг Денов туманида тўққиз тонна ош дамланиб, рекорд янгиланди.
Дубай (БАА) шаҳрида бўлиб ўтган «EXPO-2020» Бутунжаҳон кўргазмасининг Ўзбекистон куни доирасида миллий павильонда 1000 кг.лик байрам палови тортилди. Гастрономик тадбир миллий таомлар бўйича ошпаз Баҳриддин Чустий ташаббуси билан ўтказилган ва унга мамлакатнинг энг сара ошпазлари ёрдам берган. Афсонавий ўзбек паловидан татиб кўриш учун одамларнинг узундан-узоқ навбатга тургани ҳамюртларимизнинг маҳоратига, миллий таомларимиз тантанасига берилган юксак баҳо бўлди.
Чустликлар нафақат миллий дўппи ва пичоқ, балки ўзбек пазандачилигининг устуни бўлган палов тайёрлаш борасида ҳам машҳурдирлар. Маҳаллий ва хорижий сайёҳлик истиқболларидан келиб чиқиб, айни пайтда Чустда замонавий ош маркази барпо этилмоқда ва шу юзасидан амалий ишлар  бошланган. Миллий таомлар тайёрланиши жараёни билан ўша егуликларнинг ватанида танишиш доимо туристлар учун қизиқарли бўлиб келган. Бу ўз навбатида ошпазларимиз маҳоратини намойиш этувчи маҳорат дарслари ўтказиладиган ва бир йўла хўрандалар қорни тўйғазиладиган кичик ошхоналар очишни ҳам тақозо этади.

Отабек ҚОБИЛОВ.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь