Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 03:28

Маданият

«Китобхонлик фестивали» адабиёт ва маънавият байрамига айланди

  • 03.Июня.2022
  • 499

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги «Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда ўқувчи, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни маънавий юксалтириш, ахборот технологиялари ва  китоб мутолаасига бўлган қизиқишини уйғотиш,  ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш ва ривожлантириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика болалар кутубхонаси ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Китобхонлик фестивали» ўтказиб келинмоқда. 
Наманганда ташкил этилган республика миқёсидаги  «Китобхонлик фестивали» адабиёт ва маънавият байрамига айланиб кетди. 
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардаги болалар кутубхоналари раҳбар-мутасаддилари, зиёкорлар, устоз-муаллимлар, ўқувчи ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган  ушбу фестиваль аввалида меҳмонлар Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги «Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани» ахборот кутубхона мажмуасига ташриф буюрдилар. У ерда ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.  
Анжуманда янги китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Шунингдек, ўқувчилар томонидан адабий-бадиий, маънавий-маърифий чиқишлар намойиш қилинди. 
Муҳаммадшариф Сўфизода номидаги вилоят болалар кутубхонаси фаолияти билан танишиш, ўзига хос тақдимотлар иштирокчилар ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Илк китоблари нашр этилган ўқувчилар тақдимоти мамлакатимизда, шу жумладан, вилоятимизда ёш истеъдодлиларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Китобхонлик фестивали қатнашчилари Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб, 61-халқаро Гуллар фестивали жараёнларини кузатдилар. Гўзаллик ва мафтункорлик ифодаси бўлган композициялар, кўнгилочар дас-турлар, таниқли санъаткорлар ижросидаги мусиқий кечалар меҳмонларга унутилмас ва завқли онларни туҳфа этди.
Фестиваль якунида Давлатобод туманидаги маданият марказида Халқ таълими вазирлиги томонидан «5 та муҳим ташаббус» доирасида ўтказилган китобхонлик танловига уйғун «Ташаббус-кор кутубхоначи», «Истеъдодли ёшлар», «Китобхон ўқитувчи», «Сўфизода шеърияти билимдонлари», «Энг яхши китобхон ўқувчилар», «Ташкилотчи  китобхон раҳбар» каби танловлар ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, анжуманда фаол иштирокчилар ва ташаббускорлар, истеъдодли китобхон ўқувчиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.
Шу билан бирга вилоятда ўтказилган «Китобхонлик фестивали»да маънавий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ташкил этишдаги фаол иштироки учун вилоят болалар кутубхонаси директори  Зулхумор  Тураходжаева  вилоят халқ таълими бошқармасининг ташаккурномаси билан тақдирланди. 
«Китобхонлик фестивали» доирасидаги тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражапов, Республика болалар кутубхонаси директори Дониёр Ўролов ва бир қатор соҳа мутасаддилари қатнашдилар.

Фотимахон ТОШМАТОВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь