Қисқа сатрларда

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

Наманган вилояти солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

19 April, 2024, 05:01

Маданият

Наманганнинг ўчмас чироғи

  • 16.Февраля.2022
  • 749

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 февралдаги «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори халқимизга, айниқса, адабиёт аҳлига янада кўтаринкилик бағишлади.
Дарҳақиқат, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган оташин шоир ўзининг бетакрор истеъдоди, юксак матонати ва халқчил асарлари билан халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин топган фидойилардан эди. Унинг Ватанга муҳаббат ва садоқат, келажакка юксак ишонч туйғуси билан йўғрилган асарлари маънавиятимизни юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда. 
Шоир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш юзасидан қарорда белгиланган вазифаларни қайта-қайта ўқир эканман, кўз ўнгимдан тарих саҳифаларидан ўқиб билганим, унутилмас лаҳзалар ўтди: 
«Уйида ўтказилган тинтувдан сўнг, шоирни қўлларига кишан солиб олиб чиқиб кетишаётган пайтда онаси Холамбибининг зорланишларига жавобан унинг кўнглини қолдириш ўзидан совутиш учунгина айтган совуқ гаплари, абгору паришон қарашлари...»
Усмон Носир каби «Қатағон қурбони»га айланган неча-неча зиёлилар, миллат йигитлари оқланди. Аммо, нечун шундоқ улуғ шоирнинг 100 йиллик юбилейида жиммиз?.. деган саволлар қаршисида лол эдик.
Хайрият, давлатимиз раҳбарининг қарори кўнгиллар тубидаги ўксинишларни аритди. 
Усмон Носирнинг «Нил ва Рим» поэмасини мактаб дарслигида ўқир эканмиз, ўқувчи болалар ҳам ўз мурғак шуури билан  миллий эрк соғинчи, озодлик орзуси наҳотки шу қадар жазога лойиқ бўлса, деган саволлар билан ажабланганини кўриб, муаллимларнинг ҳам юраклари эзилганига гувоҳман.

Мана менман, у исённинг ўлмас авлоди. 
Мана менман, у қулларнинг ҳеч сўнмас ёди.
Мана менман, фалакларга лов-лов ўт қўйиб,
Оталаримнинг бошидан пойдевор ўйиб,
Келажагим обидасин қурган инсонман!
Ўша жонман, ўша қонман ва ўша шонман!!!

Бу сатрлар давр фарёди, миллатнинг қалб фиғони эмасмиди, ахир?!
Хайриятки, маънавиятимиз сарчашмалари яна қайнаб-тошиб кўнгиллар меҳварига ўсиш ва юксалишлар бағишлаб оқади. 
Энди шоирнинг оташин сатрлари яна баланд жаранглайди. Унинг асарларини алланечук қимтинишлар билан эмас, чин меҳр ва тоза муҳаббат билан янада  астойдил ўқиб-ўрганишга ҳужжат бўлди, бу қарор.

Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур.
Шеърларим янграб қолур,
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас мени боғим…

– дея мағрур куйлаётган шоир тирикликнинг мангу маёғи янглиғ яна «Қуёш билан суҳбат»лар қуради. Дунё билан бўйлашаётган она Ўзбекистонимиз тараққиётига «Сафарбар сатрлар» билан ҳамқадам бўлади.
Наманган шаҳрида шоир ҳайкали қад ростлайди. Унинг курашчан ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, қатағон даврида кечган йилларини ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тўплаш учун ташкилий гуруҳга Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек, Россия Федерациясидаги тегишли архив материаллари билан танишиш шароитлари яратилади. 
Наманган шаҳридаги Усмон Носир кўчаси Бобур хиёбонига туташади. Умумтаълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари «Унутмас мени боғим» мавзуида иншолар ёзадилар.
Усмон Носир ўзининг ўлмас асарлари билан янги-янги сайланма жилдли китоблари қатидан шууримизга нур, тафаккуримизга қувват бағишлаб, Янги Ўзбекистон бағрида ўчмас чироқ янглиғ порлайди.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раҳбари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь