Қисқа сатрларда

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Хорижда ишловчиларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш учун компенсация берилади

«Наврўз» маҳалласида замонавий хизмат кўрсатиш маркази фойдаланишга топширилди

19 April, 2024, 04:23

Маданият

Шоир туғилган ҳовли топилдими?

  • 04.Июля.2022
  • 679

Президентимизнинг Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарори асосида маълум ишлар амалга оширилмоқда. Камина «Шеърият дийдасида қотган кўз ёш», «Ўзбекнинг Лермонтови» китобларини чоп эттирдим. Изланишлар ҳамон давом этмоқда.
Мухлисларимиз Усмон Носир таваллуд топган жой ҳақида қизиқмоқдалар. Ҳозиргача барча манбаларда шоир Наманган шаҳридаги Чуқуркўча даҳаси, Танҳогўр маҳалласида туғилган, деб ёзилган. Ўрганишлар давомида шаҳримизнинг Илғор, Амир Темур номли Чорсу маҳаллаларида яшовчилар билан суҳбатлар ўтказмоқдамиз. Давлат архиви ва бошқа тегишли манбаларга мурожаат этганмиз.
Шаҳримизнинг Амир Темур маҳалласида яшовчи фуқаро Одилхон Икромов шундай ҳикоя қилади: – 1963-1965 йилларда Тельман номли колхозга Юнусали Йўлдошев раислик қилган. Колхоз машҳур эди. Оромбахш боғи, қишда ҳам ёздагидай иссиқхонаси ундан ҳам машҳур эди. Отам Мўйдинхўжа Икромов иссиқхонани бошқарарди. Мен – 6-7 ёшли бола унга қарашардим. Давлат арбоб-лари, халқ артистлари бири қўйиб, бири келарди. Шоир Ғафур Ғулом раис билан биродарлашиб кетганидан 0033 ТНВ рақамли, қаймоқранг «ГАЗ-21» автомашинасида, шофёри Мустафо ака билан кўп бора ташриф буюрган.
Ғафур Ғулом келса Андижон, Қўқон, Марғилон шоирлари ҳам келиб, йўқлаб кетишарди. 
Ўшанда Қўқондан Чархий домла келдилар. Мен ёш бола бўлиб, унинг исмини эшитиб таажжубланганман. Негаки, бувимнинг ип йигирадиган чархи бўларди-да.
Ғафур Ғулом, Чархий, Эсонхом ака суҳбатларида Усмон Носир ҳақида гап кетди. Шунда раис муовини Эсонхом ака Нажмиддинов: «Мен Усмон Носирнинг етти пуштини биламан. У бизнинг колхозда туғилган», деди қатъий.
Ғ. Ғулом Чархийга дакки берди: «Сиз уни доим қўқонлик деб келгансиз, наманганлик экан-ку Усмон Носир». 
Бундан завқланган Эсонхом ака, ўша вақтдаги Куйбишев кўчаси урушдан аввал Чуқуркўча деб аталганини, Усмон Носир мактаб ёнидаги колхоз саройининг ўрнида отаси Маматхўжа эшон ҳовлисида туғилганини айтди.
Шоир ҳақидаги суҳбат уйимизда ҳам давом этди. Ўшанда мен 6-7 ёш, дадам 40-45 ёш, бувим – Эшонойим Аълохўжаева эса 75 ёшларда эдилар. 
Отам: «Ойи, маҳалламиздан шоир чиққан экан», – дедилар. Бувим унга қарши «бу ердан шоир чиқмаган, чиқса мен эшитардим», – деб рад этдилар. «Маматхўжа эшоннинг ўғли шоир бўлиб кетган экан!» «Ҳа, эшон ўлгач, Холамбиби боласини олиб, қишлоққа кўчиб кетганди, ўша бола шоир бўлган экан-да...».
Ўша хотираларни ҳозиргидек эслаётган шахс Одилхон Икромов 1956 йилда туғилган. Кейинчалик 1975-1983 йилларда отаси ўрнида Тельман номли колхоз иссиқхонасини бошқарган. Маҳаллий аҳоли ҳозиргача оғиздан-оғизга ўтиб келган тахмин – «Холамбиби ўз ўғли билан қишлоққа кўчиб кетган», деб хотирлашади. Бу ҳам тўғри. Улар «Танҳогўр» маҳалласига, ҳозирги «Илғор» маҳалласидаги Бешкапа  ва Зарбдор кўчалари оралиғидаги қариндошлариникига кўчишган.
Аввалги мақолаларимизда манбаларга асосланиб, Усмон Носирнинг дадаси Маҳмудхўжа – Муҳаммадхўжа эшон 1914 йилнинг баҳорида 40 ёшлар чамасида вафот этганини ёзганмиз. Шундан сўнг она-бола Маматхўжанинг укаси Самадхўжа оиласи билан яшайдилар. 
Холамбибининг укалари Абдураҳмон домла ва Абдуқаюм домла ўз сингиллари ва жиянларини Танҳогўр бува зиёратгоҳи ҳудудидаги ота ҳовлига кўчирадилар. Бу ерда икки йил яшагач, Холамбиби асли қўқонлик Носирҳожи Масодиқовга турмушга чиқади.
Носирҳожи Масодиқов Қўқондан Наманганга келин бўлиб тушган Тошбибиникида истиқомат қилар, пахта заводида ишларди. Носир ака ва Холамбиби ўртасида фарзанд туғилгач, оиласини Қўқонга кўчириб, ўзи Наманган боғида ўрнашиб олган рус горнизонида таржимонлик қилган.
Адҳам Охун қизи Холамбиби 1886 йилда туғилган. «Умри ўғли доғида, абгорлик билан, фарёд чекиб, турли маҳкамаларга бош уриб нажот кутиб ўтди... Муроди ҳосил бўлмаган онаизор доғ-ҳасратда ўртана-ўртана ўғлининг гўдаклигидаги иси ва изларини излаб она шаҳри Наманганга келди (1957 йил 17 сентябрда – Р.И.), ўз онаси жон берган супада оғзидан қон отилиб дунёдан ўтди...» деб ёзган эди адабиётшунос олим Алихон Халилбеков.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, шоир Усмон Носирнинг туғилган жойи Наманган шаҳридаги ҳозирги Амир Темур маҳалласи, Жийдакапа кўчаси, 60-уй манзилида жойлашган 22-мактаб ёнидаги колхознинг собиқ саройи ўрнида бўлса, унинг яшаган жойи Илғор маҳалласи ҳудудидаги Танҳогўр бува зиёратгоҳи атрофидадир.
Нима бўлганда ҳам мустақиллик учун оташин курашчи бўлган Усмон Носирнинг киндик қони Наманган шаҳрида тўкилган. Унинг таваллуд тўйига наманганликлар пухта тараддуд кўрмоқдалар.

Раҳимжон ИРИСОВ,
журналист.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь