Қисқа сатрларда

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

23 April, 2024, 03:56

Маданият

Шуҳрат ЭГАМБЕРДИЕВ: ҲАММАСИ ФОЛЬКЛОРДАН БОШЛАНАДИ

  • 11.Августа.2020
  • 1010

Бу онамнинг ўгитларидан бири. Фольклор – яъни халқ оғзаки ижоди намуналарини ҳар бир киши билса, тинимсиз ўрганса, келажак авлоднинг тарбияси, хусусан, интеллектуаллик қобилияти ҳам юксалади. Бу синалган усул, ҳикматли хулоса.

Сарлавҳа ва тагсарлавҳадаги сўзларни ўқиб, фикрингизга ярқ этиб савол урилгани тайин.
Ким бу – Шуҳрат Эгамбердиев?
«Ўзбеккино» миллий агентлигида фаолият юритаётган Шуҳрат Эгамбердиев наманганлик истеъдодли ҳамюртларимизнинг бири.
1976 йилда туғилиб, шаҳардаги 20-мактабни тамомлаганида ўқитувчилари унга катта ишонч билдиришди. Бироқ, Шуҳратжон институт қабул имтиҳонларининг дастлабкисидаёқ «йиқилди». Оиладаги муҳит таъсирида актёр бўлишни астойдил мақсад қилган йигит яқинларининг далдаси билан бир йил савдо соҳасида ишлаб юрди. Москвадаги Бутуниттифоқ Маданият институтининг драма ва кино актёрлиги факультетига ўқишга кирганида 18 ёшда эди. 
Оиладаги шароит, мустақилликнинг дастлабки йилларидаги моддий қийинчиликлар сабабмиди, баҳонамиди. ҳар ҳолда Шуҳратжон ўқишни давом эттиришдан кўра юртга қайтиб, уйдагиларга ёрдам беришни афзал кўрди. Машҳур санъатшунос-актёр, устози Пётр Николаевич Дроздовнинг маслаҳати билан ўқишни тўхтатиб, Наманганга қайтди.
Онаси, таниқли санъаткор Қундузхоним Эгамбердиеванинг ёнидан кирди. 
Халқ сайллари, учрашувлар, тўй маросимлари, адабий анжуманларда техник ишлар, ташкилий юмушлар ва секин-аста ижодий тақдимотлар рўй берди. 
Ўрни келса шеърий декломация билан, монолог ижроси-ю драматик эпизодлардаги ижролари билан халқ олдига чиқа бошлади. Зарурат бўлганида қўшиқ ҳам куйлади. Шу аснода оилавий муҳитдан, янада аниқ айтганда онаси Қундузхон Эгамбердиевадан олинган қувват яна халққа тақдим этиларди.
Ўсмирлик хотиралари билан Гавҳар Раҳимова, Коммуна Исмоилова, Тамарахоним сингари санъат дарғаларининг сиймоси нурланади. 
– Ҳабибахоним Охунова билан онам эгачи сингилдай эдилар. Оилавий шароитларимиз уйқаш бўлгани учун ҳамма масалага биргаликда ечим излардик, – дейди Шуҳратжон. – Эҳ-ҳе, Камолиддин Раҳимов, Турдали Сайдуллаев, Ўринбой Нуралиев, Маматхон Убайдуллаев, Онахон Тожибоева, Рустам Ҳамроқулов... Айниқса, Каримахоним Расулова онамдек меҳрибонларим эди. Уларнинг таъсирида ҳарчанд бошқа бирор соҳани баридан тутиб, касб йўналишимни ўзгартирай десам ҳам уддалолмадим.
Санъат сеҳрлаб олганди. Вилоят театрида электрик, ҳайдовчи вазифаларида ишлаган кезларимда жамоада ҳам, ошна-оғайниларим орасида ҳам менга ўзига хос истеъдод эгаси деб қараш, эҳтиётлаш сезилиб турарди. Ва, шунинг учун ҳам олий маълумот тўғрисидаги дипломни ололмаганимдан ортиқ ўкинмайман. Истеъдодимни қадрладилар, қолаверса, онамга издош эканимдан маънавий куч оламан...
Йиллар ўтиб боравераркан. Оилада икки фарзандмиз, онамдан ёдгор опам борлар – Зулҳумор ҳожиона. Кўзлари ожиз бўлиб қолган бўлса-да, уйимизнинг ёниқ чироғи.
Москвадаги собиқ курсдошларим, устозларим таклифлари билан «Медноя сольнце», «Пропавшая женшина» каби Россия бадиий фильмларида роллар ижро этдим.
Ўзбек кино санъатида ўзига хос мактаб яратган салбий роллар «қироли» - Маъруф Отажонов, Бойир Холмирзаевлар билан устоз-шогирдлик анъаналари асосида фаолият юритаётганимдан фахрланаман.
Наркоманлар тўғрисидаги «Хон» бадиий фильмидаги ролим билан киномухлислар эътиборига тушдим. Кейинги йилларда кетма-кет тарихий фильмларда суратга тушиш насиб этди, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган «Халоскор», «Қўқон шамоли» бадиий фильмларидаги иштирокимдан рости ўзимнинг ҳам кўнглим тўлди.
Лекин орзуларим қатида «Шайтанат» асари руҳиятимни забт этган фалсафий қарашлар ва ҳикматлар мужассами сифатида ардоқли.
Шуҳратжон билан суҳбат асносида унинг халқ оғзаки ижодини дурустгина билиши, халқимиз ва миллатимиз руҳиятини ёрқин ифодаловчи матал, ривоят ва достонларни ёддан айта олишига гувоҳ бўлдик.
– Фарзандларингиз-чи, улар ҳам санъат соҳасидами?
Кутгандимки, санъаткорнинг фарзандлари ҳам санъат йўналишида изланишаётган, деб. Йўқ, икки ўғил ва бир қизнинг отаси фарзандлари орқали орзулар ўзанини ўзгартирибди. 
Тўнғичи – Ибрат ҳайдовчилик билан машғул. Пойтахтдаги йўналишларда такси хизмати кўрсатаркан. Жавоҳир пазандалик ҳунаридан унум топмоқда. Умигулсин – мактаб ўқувчиси.
Табиатан хушчақчақ истеъдодли ҳамюртимизнинг одати дунёга меҳр билан қараш, атрофдагиларга яхшилик қилиш.
Ўнлаб халқ қўшиқлари «Намангон тановори», «Ўйнасин», «Излаб келдим», «Келин салом», «Бозорга баққол» сингари яллалар ижроси билан Наврўз, Мустақиллик байрам-тантаналаридаги чиқишлари орқали Президент ва халқимиз эътирофига сазовор бўлган онаси Қундузхон Эгамбердиевани соғинч ва меҳр билан эсларкан, Шуҳратжон Бўстонхон Пошшаева, Турсуной Мамедова, Фотима Раҳматуллаева, Нурхон, Шарофатхон каби Наманган лапарчиларини ҳурмат билан тилга олди.
Жийдакапалик машҳур бастакор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Акбарали Асқаров билан яқин ҳамкор, устоз-шогирдлик муносабатлари борлигидан фахрланди. 
Коросконлик раҳматли шоир Орифжон Ҳамидов қаламига мансуб, дўсти Бекмирза Дадабоев куйлаган қўшиқни ҳаяжон билан хиргойи қилиб берди:

Эсимда йўқ сув тутганим қўлингизга,
Эсимда йўқ, йўл топганим дилингизга.
Қаро ерлар ботмадими белингизга. 
Оҳ манинг онама, меҳрибон онам...

Суҳбатимиз узоқ давом этган бўлса-да, матнни мухтасар қилдим. Энг муҳими суҳбатдошимнинг сарлавҳадаги хулосаси, унга амал қилишимиз.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ.

Суратда: Ш. Эгамбердиев «Қўқон шамоли» бадиий фильмидаги Баҳодирхўжа ролида.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь