Қисқа сатрларда

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

01 May, 2024, 07:20

Маданият

Ҳусанбой Раҳимов: Эл севган ҳофизнинг фарзандидурман

  • 11.Января.2023
  • 538

Камолиддин РАҲИМОВ таваллудига – 80 йил!

Ота – ҳар бир фарзанднинг ишонган боғи, суянган тоғи, десам барчанинг кўнглидаги гапни айтган бўламан. Бироқ, падари бузрукворимнинг инсоний фазилати, одобу ахлоқдаги хислатлари, қўшиқчиликдаги юксак иқтидори ҳақида кўпчилик, айниқса, санъат аҳли яхши билади. Уларнинг ёру дўстлари, шогирдлари, мухлислари билан кўришганимда, отам ҳақидаги хотираларини тинглаганимда фахр-ифтихорга тўлиб кетаман.

Отам энг аввало меҳрибон, оилапарвар  инсон эди. Касби орқасидан тез-тез олис шаҳарларга бориб, байрам тадбирлари, тўйларда  иштирок этса-да,  қайтган заҳоти   юриш-туришимиз билан қизиқарди. Оилада энг аввало, биз – фарзандларини соғлом, илмли, одоб-ахлоқли бўлиб  вояга етишимизга  катта эътибор қаратарди. Онамиздан   соғлигимиз, ўқишимиз ҳақида сўрашни канда қилмасди. Кундаликларимизни назорат қилиш, барча фанлардан  саволлар бериб, «имтиҳон»идан ўтказишга ҳам вақт топарди. Мактабимизга бориб, устозларимиздан жўяли гап эшитмаса кўнгли жойига тушмасди. Кўп китоб ўқишлари, кечалари билан ижод қилиши, изланишлари билан бизга ўрнак бўларди. Шу боис ҳам биз дилбандларида эгаллаган касбимиздан қатъи назар санъатга, қўшиқчиликка нисбатан меҳр-муҳаббат эрта уйғонган. Улар орасидан мен отам йўлидан боришни мақсад қилдим. Бугунги кунда  эл севган машҳур ҳофизнинг созини қўлимда тутиб, улар томонидан яратилган, куйлаб келинган мусиқа ва қўшиқларни баҳоли қудрат ижро этиб, уларнинг сирасига  янгиларини қўшиб  санъатсевар элимизга  хизмат қилиб келаётганимдан чексиз бахтиёрман.

Отам Камолиддан Раҳимов 1943 йил 12 январда Наманган шаҳрида таваллуд топган. Ҳаёт бўлганида бу йил саксон ёшини қарши олардилар. Аллоҳ томонидан берилган ноёб қобилият соҳиби, жарангдор ва кучли овоз эгаси, мумтоз йўналишдаги қўшиқлари билан шуҳрат қозонган падари бузрукворим ижро услубидаги лирик талқин, сўз ва оҳанг уйғунлиги билан ажралиб турарди. Ашула айтиш йўлларини таниқли санъат дарғаси Ваҳобжон Абдуллаевдан ўрганганлигини фахр билан тилга оларди. Репертуаридан  ўрин олган «Баёт», «Ушшоқ, «Гиря», «Кўча боғи», «Қаландарий», «Куйгай», «Наманган  тановари», «Кул, азизим», «Менга раҳм айла», «Наргиз», «Келмаганингда», «Мастона-мастона», «Парвона қилсангиз», «Она мадҳи» каби мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлари миллионлаб мухлислари томонидан ҳамон севиб тингланмоқда.

Отам қўшиқчиликдаги меҳнат фаолиятини 1960 йилда, дастлаб, Наманган шаҳар маданият уйи қошидаги Уста Рўзиматхон номидаги ашула ва рақс ансамблида хонанда сифатида бошлаган. 1971 йилгача шу жамоада мусиқа раҳбари, кейинроқ бадиий раҳбар даражасига кўтарилган. 1972 йилдан Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали ва драма театрида яккахон хонанда  бўлиб ишлаган. 1982 йилда «Ўзбектелефильм» студияси жамоаси томонидан   ижодига бағишланган «Дил таронаси» фильми суратга олинган. 1966 йилдан  2002 йилгача Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Махтумқули каби мумтоз шоирлар асарлари асосида яратилган туркум қўшиқлари юзлаб грампластинка, компакт диск, аудиокассеталарга ёзиб олинди.

Она Ватанимизда, ер юзининг кўплаб  мамлакатларида бўлиб, ўзбек қўшиқчилик санъатининг ривожига  муносиб ҳисса қўшгани учун  1983 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди. 1998 йилда «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. 2014 йилда 70 йиллик юбилейи мамлакатимизда, Наманганда жуда катта тантана билан нишонланди. Унда республикамизнинг барча ҳудудлари ва қўшни юртлардан таниқли ижод аҳли, санъаткорлар иштирок этди. Шафқатсиз ўлим 2015 йилнинг 25 февралида  отамизни орамиздан олиб кетди.

Отамизнинг ўзбек миллий қўшиқчилик санъатига қўшган ҳиссаси Президентимиз томонидан алоҳида эътироф этилди. Фармонга биноан 2021 йил 24 августда «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланди. Бу юксак мукофотни мен Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов қўлидан қабул қилиб олдим. 

Халқимизда «Меҳнат қилган элда азиз» нақли бежиз айтилмаган. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб шуни таъкидламоқчиманки, қай бир инсон касби-кори қандай бўлишидан қатъий назар эл-юрти учун сидқидилдан меҳнат қилса асло кам бўлмайди. Эларо азиз бўлиб, камол топади. Бу дунёдан ўтганидан кейин ҳам номи шарафланади. Буни ўз қўшиқчилик санъати билан ёрқин из қолдирган падари бузрукворим мисолида ҳам яққол гувоҳи бўлиб турибман. Айни кунларда, ўзбек қўшиқчилигининг ёрқин намояндаси (марҳум) Камолиддин Раҳимовнинг 80 йиллигини нишонлаш юбилей тадбирига Наманганда катта ҳозирлик  кўрилмоқда. Бу кечада, меҳрибон отам, устозимдан менга ёдгорлик бўлиб қолган тор жўрлигида «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, шоир ва журналист Равшанбек Мирзаолимов қаламига мансуб «Эл севган ҳофизнинг дилбандидурман» қўшиғини ижро этаман.  

Ҳусанбой  РАҲИМОВ,
Ўзбекистон давлат филармонияси  вилоят бўлинмаси хонандаси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь