Қисқа сатрларда

МАМЛАКАТИМИЗДА ЎЗБЕК ТИЛИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ТИЛ СИЁСАТИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

СУБСИДИЯ КИМЛАРГА АЖРАТИЛАДИ? 

АҲОЛИНИ ТАДБИРКОРЛИККА ЖАЛБ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА ТАДБИРКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

ҚИММАТФУРУШ УНФУРУШЛАР ЁКИ СЕРОБЧИЛИГУ ТАҚЧИЛЛИКДАГИ НАЙРАНГЛАР

21 October, 2020, 09:45

Маданият

ЁДГОР САЪДИЕВ: ИЙМОН БИЛАН КОРОНАВИРУСНИ ЕНГАМИЗ!

  • 03.Апреля.2020
  • 247

Қайсидир телекўрсатув (аниқ ёдимда йўқ қайсилиги) иштирокчиси коронавирус дунё ҳамжамиятига келтираётган талофат кўламини назарда тутиб, уни жаҳон урушига тенглаштирди.  Бунда муболаға бўлмаса керак. Айни пайтда, телевидениемиз барча каналлари, агарда   хотиржамликни сақлаб, сабр билан санитария қоидаларига қатъий риоя қилиб, эпидемиологик режимини сўзсиз бажариб борилса, инсоният, шубҳасиз, коронавирус устидан ғалаба қозона олади, дея ишонч билдирмоқдалар.

Бадиий адабиёт, публицистика ҳамда санъат соҳасидаги сара намоёндаларимиз замонавий ахборот воситалари орқали халқимизни ушбу мураккаб шароитда маънавий қўллаш билан банд. Кейинги пайтларда анчагина рангоранг ва сермазмун, муҳими эса, аниқ мақсадга йўналтирилган кўрсатувлар кетмоқда. Санитария-эпидемиология соҳасидаги тушунтириш ишлари кенг кўламда фаол амалга оширилмоқда. Таълим-тарбия соҳасининг барча поғоналарига оид ишлар вақтни қўлдан бой бермаслик мақсадида онлайн режимда ташкил этилмоқда. Адабиёт, публицистика ва санъат аҳли омманининг бўш вақтини мазмунли қилишга зўр бериб, бир-биридан маънодор гўзал асарлар тақдим этмоқдалар.

Умуман олганда, мен ушбу кенг кўламдаги маданий-маърифий ишларнинг  миллионлардан бир истеъмолчиси сифатида айтишим мумкин: халқ тўғрисидаги ғамхўрликлар  учун менинг кўнглим миннатдорчилик ҳисси билан тўлган. Атоқли санъаткорларимизнинг телевидение орқали чиқишлари аҳолини руҳлантиришда катта роль ўйнаётганликлари шубҳасиз.

“Наво” телеканали орқали  уюштирилган бир кўрсатувга эса мен алоҳида тўхталмоқчиман. Авваламбор айтиб айтмоқчиман-ки, мен телевизор қаршисида эртадан кечгача ўлтирадиганлардан эмасман, вақтим йўқ. Кўпроқ илмий-педагогик, ижодий ишлар билан бандман. Хусусан, шу кунларда мен “Тиллар ҳамдўстлиги – маданиятлар ҳамдўстлиги” номли илмий мақолалар тўпламини нашрга тайёрламоқдаман. Бундан чарчаганда, қисқа вақтга   компьютердан бош кўтариб, телевизорга эътибор бераман. Омадни қарангки, кейинги пайтларда ана шундай қисқа муддатли дам олиш дақиқаларим Ўзбекистон халқ артисти  Ёдгор Саъдиевнинг чиқиш вақтига, ҳаттоки унинг такрорий эфирига ҳам тасодифан тўғри келиб қолди.

Бу санъаткорнинг телевидение орқали чиқишини орзиқиб кутадиган биргина мен  бўлмасам керак. Халқимиз жуда ҳам суяди бу кишини. “Наво коронавирусни енгишга ёрдам беради” кўрсатувидан ўрин олган унинг қўшиқларини мен мириқиб, зўр қизиқиш билан томоша қилдим. Ҳаёт ташвишларидан қурум босган қалбимни гўё шаффоф булоқ суви билан ювилгандай бўлди. Бизнинг, ўзбек халқининг мана шундай санъаткори борлигидан менинг қалбим ғурурга тўлди, қувонч ёшлари чиқди кўзимдан.

Ёдгор Саъдиевнинг қўшиқ ижро этиш таланти ўзи алоҳида эътиборга, таҳсинга лойиқ, лекин унинг томошобинларга қарата айтган дил сўзлари, қўшиқларга берган изоҳлари ҳам жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу сўзлар томошабинлар ақлини банд қилиш мақсадида олдиндан тайёрлаб, ёки қайсидир  асардан ёдлаб олинган гап эмас эди. Бу гаплар халққа, Ватанга муҳаббат ҳисси, ўғлонлик бурчи билан суғорилган, мазкур мураккаб даврда халқи учун қайғурган қалбдан отилиб чиққан   дил сўзлари эди.

Коронавирус туфайли эълон қилинган карантин ҳолатида яшаётган  элимизга сабр-қаноат тилар экан, Ёдгор Саъдиев иймон ҳақида жуда ҳам ўринли фикр билдирди-ки, бу нарса, шубҳасиз, нафақат бугуннинг эътиборига молик. Чунончи, у киши бизга  оддий ва лекин ўта муҳим ҳақиқатни эслатиб қўйди: Ҳар қандай ҳолатларда ҳам иймони бутун, қалби пок инсонлар кучли бўлади, ютиб чиқади. Бизнинг меҳнаткаш халқимиз ҳаммаси қалби пок, виждони бутун одамлар. Улар, албатта, бугунги ташвишли вазиятни енгиб чиқишади.

Бу фикрни таъкидлар экан, санъаткоримиз алоҳида урғу бериб, ушбу сўзларни яқинда уларнинг театридаги репетиция устида ҳозир бўлган таниқли шифокор профессор Комилов (Афсус, мен у кишининг исмини билмайман. Янглишмасам, бундан бир неча йил аввал бу шифокор  бир бадиий фильмда роль ҳам ўйнаган эди) айтганлигини билдирди. Ва бу гаплар  аслида спектакль қаҳрамонларидан бирига тааллуқли экан:  “Модомики мана шундай виждонли, иймони бутун, қалби пок инсонлар бор экан, ҳаёт мазмуни яхши бўлади”, - дебди доктор.

Лекин тўла ишонч билан айтишим мумкин-ки, бу гаплар айни пайтда Саъдиевнинг қалб  қўрида янада пишиб чиққан. Ва бу сўзларни артист шундай интонация, оҳанг ва ҳарорат билан айтдики, ҳеч қандай  ўзгадан ўзлаштирилган гап бундай янграмайди, ёки, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу ерда драматик актёр Саъдиев роль ўйнаётгани йўқ, бу унинг асл қалб сўзи эди.

Мен Ёдгор Саъдиев қўшиқ айтганини биринчи маротаба ҳам телевизор орқали кўрган эдим. Бундан қирқ йиллар аввал, “Драматик артистлар куйлаганда” кўрсатувида қатнашиб, “Нодирабегим” спектаклидан қўшиқ ижро этган эди у. Ўша ижро таассуроти ҳамон  менинг ёдимда,  қалбимнинг ларзаси кетмаган. Кейинчалик мен бу қўшиқни бошқа ижроларда ҳам кўп маротаба тинглаганман, аммо Ёдгор  Саъдиев билан қиёслаб бўлмайди.

Орадан анча йиллар  ўтиб, иккинчи бор Ё.Саъдиев ижросида “Ўзбекистон – Ватаним” қўшиғини Наврўз тантаналари муносабати билан Намангандаги амфитеатрда тинглаганман. Ижро  ватанпарварлик руҳида яратилган элга манзур  қўшиқ мазмунига ҳам, унинг муаллифи ва биринчи ижрочиси машҳур ҳонандамиз Фаррух Зокиров номига ҳам  муносиб эди.

Ёдгор Саъдиевнинг қўшиқчилик санъати билан навбатдаги “учрашув”им бундан икки-уч йил аввал ўзимизнинг Наманган давлат университети маросимлар залида бўлди. Бунда «Кўчамдан жонон ўтканда» қўшиғини ижро этаётган артистнинг яноғидан кўз ёши йилтираб тушганига гувоҳ бўлдик: шундай кучли ҳаяжон  билан айтилди қўшиқ.

Ва, ниҳоят, карантин кунларига тўғри келган янги телеучрашув.

“Наво” коронавирусни енгишга ёрдам беради” дастурида Ёдгор Саъдиев, ҳар галгидек элда машҳур, таниқли қўшиқчилар репертуарида бўлган асарлардан ижро этди. Улар қаторида Ботир Зокировнинг «Сени излаб» ва  «Ёр кел»  ҳамда Камолиддин Раҳимовнинг «Кўчамдан жонон ўтканда» қўшиқлари. Маълумки, мазкур мусиқий асарларни бошқа маҳоратли қўшиқчилар ҳам ижро этиб кўришаяпти,  аммо ўхшатиша олмаяпти. Булар орасида мен шахсан севган санъаткорлар бор. Аммо холис айтиш зарур: бу борада биргина Ёдгор Саъдиевнинг ижроси менга маъқул. Биргина у, агар таъбир жоиз бўлса, бу ноёб наволар “қалбига кириб” бора олмоқда.

Ёдгор Саъдиев мазкур қўшиқларни биринчи ижрочиларга ўхшатиб, қолаверса улардан ўтказиб айтишга уринмаяпти, яъни салафлар билан мусобақалашаётгани йўқ. Менимча у бундай мақсадни кўзламаяпти ҳам. Бу ерда муҳими – қўшиқдаги лирик қаҳрамон қалбини сеза олишда, унинг образига кира олишда. Шу оқшом мен ўзга санъаткорларнинг қўшиғини айтиш санъатининг сирини англагандай бўлдим – бу ўзликни сақлаган ҳолда ва меҳр билан ижро этишда.

Менинг назаримда ўша оқшом беназир санъаткорларимиз тирилиб келиб, Ёдгор Саъдиев овози орқали қадрдон халққа ҳамнафас бўлдилар.

Яна битта нарсани, профессор Комиловни ҳам  назарда тутиб, қўшимча қилиш мумкин: Ёдгор Саъдиев айтганлари ва куйлаган қўшиқларида Ўзбекистон илм аҳли ва санъаткорларининг халқимизга бўлган, бугунги кунимизга нисбатан фикрлари  уйғунлашиб кетди. Орамизда шундай инсонлар бор экан, биз ўзимизни ҳамиша бардам сезамиз.

Қодиржон НОСИРОВ,

Наманган давлат университети професори.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь