Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 01:05

Сиёсат

«Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм – бу ҳаммаси халқнинг пули!»: Президент раислигида йиғилиш ўтказилди

  • 16.Апреля.2022
  • 876

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 апрель куни озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Дунёда содир бўлаётган воқеалар сабаб жаҳон бозоридаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўтган асрнинг 80-йилларидагидан ҳам юқори даражаларда ўсаётгани таъкидланди. Хусусан, март ойида дунё бўйича озиқ-овқат нархлари 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ошди. Айниқса, йил бошидан жаҳон бозорларида буғдой нархи – 20 фоиз, маккажўхори – 19 фоиз, озуқа донлари – 20 фоиз ва ўсимлик ёғи – 23 фоизга кўтарилди. 

Жорий йилда ёғингарчилик ҳисобига, водий, Тошкент вилояти ва Самарқандда сув захираси 20 фоизга кўпайгани билан, Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразмда сув таъминоти бўйича қийинчиликлар бўлади.

Жаҳон бозорида минерал ўғитлар ва ёқилғи нархлари 2 бараварга ошгани, албатта, кластер, фермер ва деҳқонларнинг етиштираётган маҳсулотларининг таннархига ҳамда молиявий аҳволига таъсир қилади.

Йиғилишда мавжуд ер ресурсларидан самарали фойдаланиб, 2022 йилда 7,7 млн. тонна буғдой ҳамда 23 млн. тонна мева-сабзавот етиштириб, 1,5 млрд доллар экспортни таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш учун янги қўшилаётган 300 минг гектардан зиёд ер майдонларидан самарали фойдаланиш зарур.

– Ҳозирги кунда 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, 254 минг нафар аҳолига очиқ танлов асосида берилди. Бу – озиқ овқат етиштириш учун ҳар бир туманда қўшимча 500 гектар экин майдони, дегани. Бу ислоҳотни ўз вақтида ва тўғри бошлаганимизни ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шунинг учун бу ерлар фақат ва фақат озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун база бўлиши шарт, – деди Президент.

Мутасаддиларга икки ҳафта муддатда ҳосилдор уруғ навларини жойларга етказиб, дала ярмаркаларини ўтказиш, ер майдонларида “бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида экинлар экишни ташкил қилиш, маҳсулотни кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузиш ишларини жадал ташкил қилиш топширилди.

– Вақт жуда кам қолди, деҳқончиликда баҳорнинг ҳар бир куни, ҳар бир соати муҳим, – деди давлат раҳбари йиғилишда ва деҳқон ва фермерларимизни энг кўп қийнайдиган масалаларни санаб ўтди:

– ҳосилдор ва ишончли уруғ ва кўчат навларининг камлиги,

– пешона тери эвазига етиштирилган маҳсулот кафолатли харид қилинмаслиги.

Шу сабабли, ҳосилдор уруғ ва кўчат навларини жойларга етказиш ва маҳсулотни сотиб олишга Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан Боғдорчилик агентлигига қўшимча 300 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, янги сув омборлари атрофидаги 100 минг гектардан ортиқ ерларга тадбиркорларни жалб этиб, инфратузилма яратишга ёрдам бериб, мос келадиган экинлар экишни ташкил қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда ўз ҳудудидаги сув омборлари атрофидаги янги ерларнинг харитасини тузиш, ерларни контурларга ажратиб, уларга ирригация тармоғини лойиҳалаш, ушбу майдонларда озиқ-овқат ва озуқа экинларини экишга тайёр инвесторларни жалб қилиш бўйича лойиҳа тўпламларини тайёрлаш топширилди.

Йиғилишда фойдаланишдан чиққан ерларни қайта тиклаш ҳам озиқ-овқат етиштиришга қўшимча имконият экани қайд этилди.

– Лекин барча ҳудудларда ҳам ишлар аҳволини қониқарли деб бўлмайди. Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда суст кетаяпти, – деди Президент.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳокимликлар билан бирга бир ҳафта муддатда 135 минг гектар оборотдан чиққан ерларни ўзлаштириш ва уларда озиқ-овқат маҳсулотларини жойлаштириш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 170 миллиард сўм ажратилади.

Томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланиш масаласига тўхталар экан, Президент Фарғона, Наманган, Андижон ва Самарқанддан 600 нафар тажрибали томорқа эгалари Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятига бориб, 1,5 мингта маҳаллада аҳоли томорқаларида экинларни тўғри экишни ўргатаётганини мисол қилиб келтирди. Бу тажрибани 2,5 мингта маҳаллада жорий этиши вазифаси қўйилди.

Аҳоли томорқаларида энг катта муаммо – сув таъминоти бўлаётгани қайд этилди.

– Мисол учун, Қашқадарёдаги 65 минг гектар томорқадан 24 минг гектарида сув муаммо. Бунинг сабаби – туман ҳокимлари сув тармоқларини тиклаш, қудуқлар қазиш, ариқ ва зовурларни тозалаш ишларини вақтида лозим даражада бажармаган, – деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан мутасаддиларга экин турлари жойлашувидан келиб чиқиб, аҳоли томорқаларини суғориш учун 4 миллиард куб метр сувни тақсимлаш, ҳар бир маҳалла кесимида ариқ очиш, тозалаш, тармоқларни тиклаш бўйича графикни тасдиқлаб, ишларни бошлаш топширилди.

Бу ишлар учун республика бюджетидан 50 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан яна 50 миллиард сўм йўналтирилади.
Шу билан бирга, Қўшработ, Нуробод, Конимех, Пешку, Чироқчи, Жарқўрғон, Бойсун, Оҳангарон, Ғаллаорол, Фарғона каби туманларида сув таъминоти оғир маҳаллаларда қудуқ қазиш ва насос ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплашга бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилади.

Президент сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш бўйича бир ҳафта муддатда алоҳида дастур қабул қилинишини маълум қилди. Сув хўжалиги вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга 1 октябрга қадар 4,5 минг километр суғориш тармоқларини тозалаш ва 231 километрини бетонлаш, 3 мингта гидротехник иншоотни таъмирлаш, 3,5 мингта насос ўрнатиш, 490 километр насос қувурларини таъмирлаш ва 281 та қудуқ қазишни таъминлаш топширилди.

Ушбу мақсадлар учун 300 миллиард сўм маблағ босқичма-босқич ажратилади.

– Ўтган йили декабрь ойида 2022 йил учун тижорат банкларига 2 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари берилган эди. Бироқ, бугунги кунга қадар тижорат банкларига киритилган 790 миллиард сўмлик талабномадан атиги 53 фоизи, айрим ҳудудларда эса 25-30 фоизи молиялаштирилган холос, – деди Президент.

Шунинг учун маҳсулот етиштиришни молиялаштириш бўйича қўшимча янги тизим жорий этилади. Бунда маблағлар Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан йиллик 10 фоиз ставкада Боғдорчилик агентлигига бир йилга берилади.

Йиғилишда “Агросуғурта” компаниясининг ишини тубдан ўзгартириш ва умуман қишлоқ хўжалигида суғурта бозорини очиш ва кенгайтиришни рағбатлантириш бўйича аниқ таклифлар киритиш вазифаси қўйилди.

Ҳар бир вилоятда маҳсулотларни сақлаш, қайта ишлаш, қуритиш, қадоқлаш бўйича кичик ва ўрта лойиҳаларга 65 миллион доллар йўналтирилади.

Президент жорий йилда буғдой ҳосилини гектарига 70 центнердан кам бўлмаслигини таъминлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Шунингдек, жаҳон бозорларидаги ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, иқтисодиёт ва молия вазирларига ички қувватларни тўлиқ ишга солиш ва чорва озуқа таъминотини яхшилаш мақсадида четдан олиб келинадиган кунгабоқар, соя ва бошқа мойли экинлар бўйича божхона имтиёзларини бериш ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш юзасидан таклиф киритиш топширилди.

Йиғилишда ҳозирги мураккаб вазиятда бизнес ва тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар кўриб чиқилди.

– Очиқ айтиш керак, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларга шарт-шароитлар яратиш борасида ҳамма туман ва шаҳарлардаги аҳволни бирдек қониқарли деб бўлмайди, – деди Президент. – Мисол учун, 2022 йил 1-чоракда айрим ҳудудларда тадбиркорлик фаоллиги пасайган. Республика бўйича жорий йилда 5,5 мингта корхона ўз фаолиятини тугатган. Бу кўрсаткич Наманган, Самарқанд ва Қашқадарё, Хоразм, Қорақалпоғистон ва Тошкент вилоятида нисбатан юқори. Умуман, ҳудудларда ўтказилган учрашувларда тадбиркорлар томонидан 1 мингдан ортиқ муаммо кўтарилган. Уларнинг асосий қисми кредит олиш, солиқ маъмурчилиги, ер ажратиш, электр, газ ва сувга уланиш билан боғлиқ.

“Ягона дарча”га ўтган йили электр, газ ва сув ҳамда бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича тадбиркорларнинг 70 мингдан ортиқ, 2022 йил 1-чоракда эса 10 мингга яқин мурожаатлари ўз вақтида ҳал этилмагани танқид қилинди. Хизматлар соҳасида аввал ажратилиб, қайтарилган 360 миллиард сўм ресурслардан бугунги кунга қадар атиги 9 миллиард сўми (ёки 3 фоизи) янги лойиҳаларига йўналтирилгани таъкидланди. Хизматларни ривожлантириш учун банкларга жойлаштирилган ресурслар бўйича аввалги фоиз (10 фоиз) ставкаларини ўзгаришсиз қолдириш топширилди.

Тадбиркорлик жамғармасининг тадбиркорларга компенсация тўловларини кенгайтириш учун жамғармага 400 миллиард сўм, кейинчалик яна 500 миллиард сўм йўналтириш вазифаси қўйилди. Бундан ташқари, хизматлар соҳаси учун Миллий банк томонидан жалб қилинган 200 миллион доллар ҳисобидан тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади. Бунда, кредит ставкаси Тадбиркорлик жамғармаси компенсацияси билан 18 фоиздан ошмайди.  1 декабрга қадар юқорида қайд этилган маблағлар тўлиқ тадбиркорларга берилиши шартлиги белгиланди. 

Шу билан бирга, вилоятларда кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун тижорат банкларига 300 миллион доллар ресурс берилади. Ушбу маблағлар энг яхши шартларда тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш таклифи билан чиққан давлат ва хусусий банкларга 7 йил муддатга 10 фоиз ставкада миллий валюта – сўмда жойлаштирилади. Кейинчалик ушбу кредитлар тадбиркорларнинг тажрибаси, уларнинг олдинги натижаларига қараб 5 миллиард сўмгача, кредит ставкасини 14 фоиздан оширмаган ҳолда берилади. Бундан ташқари, нобанк молия ташкилотлари бўйича янги қонун кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш бўйича катта имкониятлар эшигини очиши алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилишини айтди. 

Ўтказилган учрашувларда ҚҚСни қайтаришда муаммолар борлиги аниқланган. Шу муносабат билан уларга ҚҚСни қайтариш бўйича соддалаштирилган механизм жорий этилиб, 80 фоиз маблағ қўшимча текширувларсиз 7 кун ичида қайтариб берилади. Бундан ташқари, экспорчиларнинг масалаларини доимий ўрганиб, уларни тезкорлик билан ҳал қилиш бўйича узлуксиз ва доимий ишловчи штаб тузилади, “1094” рақамли колл-марказ ташкил этилади.

Президент ер участкаларини аукционга чиқариш муаммосига тўхталди. Масалан, 35 мингта ер участкаси электрон тизимга киритилгани билан бугунги кунга қадар Навоий, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бирорта ер участкаси аукционга чиқарилмагани кўрсатиб ўтилди. Ҳокимликлар, қурилиш ва архитектура идоралари масалага юзаки қараётгани таъкидланди.

– Неча марта бу масала сизларга тушунтирилди. Тадбиркорлардан талаб катта, лекин, амалда ҳали натижа йўқ, – дея танқид қилди давлат раҳбари.

Президент 2022 йил 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги ва текширишлар тизими соддалаштирилишини эълон қилди. Мол-мулк солиғини ҳисоблаш тизими бозор тамойилларига ўтказилганини инобатга олиб, қўшимча юқори солиқ ставкаларини қўллаш тартиби бекор қилинади. Шунингдек, айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномаси дастлабки ўрганишсиз, автоматик тарзда берилади.

Жорий йилда тадбиркорларнинг фаолиятида ўтказилган текширувлар сони 1,7 баробарга ошиб, 86 мингтани ташкил этди. Бу тадбиркорлар томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Шу сабабли, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларни олдини олиш учун, энди 22 та турдаги текширув фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан амалга оширилади (ҳозирги кунда 159 турдаги текширувдан 119 тасига рухсат олинади). Бундан ташқари, юқори хавф даражаси мавжуд бўлган тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғи тўловчиси гувоҳномасини тўхтатиб қўйишдан олдин хабардор этиш тартиби жорий этилади.

– Охирги солиқ маъмурчилиги бўйича ўзгаришлар тадбиркорлар ўртасида кўплаб тушунмовчилик ва саволларни келтириб чиқарди. Шунинг учун, топшириғимга кўра, Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси ҳузурида йирик тадбиркорлар, олимлар ва фаол жамоатчилар иштирокида Жамоатчилик кенгаши тузилди, – деди Президент.

Молия вазирлиги ва ДСҚга ҳар ҳафта тадбиркорлар билан учрашиш ва ижтимоий тармоқлар орқали тушган саволлар ва тизимли масалаларни муҳокама қилиш, уларнинг ечими бўйича таклифлар киритиб бориш топширилди.

Рухсатнома бериш талабларини соддалаштириш ҳам тизимли равишда давом эттирилиши таъкидланди. Бугунги кунда 200 дан ортиқ санитария талаблари мавжуд бўлиб, уларнинг 20 тасига амал қилишнинг умуман имкони йўқ. Шу муносабат билан  овқатланиш корхоналари учун санитария талабларини қайта кўриб чиқиб, эскирган талабларни бекор қилиш, етказиб бериш хизматлари билан шуғулланадиган корхоналарга санитария талабларини соддалаштириш вазифаси қўйилди.

– Йиғилиш иштирокчиларининг эътиборини яна бир муҳим масалага қаратмоқчиман. Бугунги селектор доирасида тадбиркорлик учун жуда катта кредит маблағлар – қўшимча 500 миллион доллар ажратилмоқда. Нима учун? Чунки, қанчалик қийин бўлмасин, ҳозирги мураккаб вазиятда халқимиз фаровонлигини, давлатимизнинг барқарор ривожланишини ўйлашимиз шарт. Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм бюджетданми, банкданми – бу ҳаммаси халқнинг пули. Маблағлар фақат ва фақат ўзини оқлайдиган, одамларнинг даромадини оширадиган ва иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга йўналтирилиши керак. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, иқтисодий ва инвестиция комплекслари таркибига кирувчи идоралар, айниқса солиқ, банк, инфратузилмага жавоб берадиган идора раҳбарларини қатъий огоҳлантирмоқчиман. Ушбу раҳбарлар тадбиркорнинг ҳар бир лойиҳасини амалга оширишга шахсан масъул ва жавобгар бўлади. Бюрократия ва коррупцияга йўл қўйганлар кечирилмайди, айбдорлар сўзсиз жавобгарликка тортилади, – деди Президент йиғилиш якунида.

Маблағларни ўзини оқлайдиган, одамларнинг даромадини оширадиган ва иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга йўналтириш бўйича қатъий кўрсатмалар берилди.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган иккита соҳа бўйича ҳокимлар “йўл хариталари” асосида аниқ режаларини баён қилди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь