Қисқа сатрларда

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида

Муносабат: Конституция – инсон қадри учун

МИБ: Қарз тўланмагани учун "Ласетти" ва "Малибу" хатланди

Мақомга муносиблик масъулияти ёки сафардан ташқари даҳмазалар

Бахтли болалик тараннуми

27 June, 2022, 06:21

Сиёсат

Сайёр қабул: раҳбар тинглай билса, ечилмайдиган муаммонинг ўзи йўқ

  • 18.Мая.2022
  • 355

Ҳудудларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар аҳолини қийнаб келаётган долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни жойида ҳал этишга кенг имконият яратмоқда. Вилоятимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан эълон қилинган «Оммавий сайёр қабуллар уч ойлиги» доирасида Президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов бошчилигида оммавий сайёр қабуллар бўлиб ўтди.
Наманган давлат университети талабалар турар-жойи ҳовлиси, Чортоқ туманидаги «Ором» тантаналар мажмуаси ҳамда Чуст туманидаги Бибиона зиёратгоҳида вилоятимиз аҳолиси учун ташкилланган қабуллар давомида қирқдан ортиқ вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, секторлар, ҳудудий бошқарма, ташкилот ҳамда муассасалар раҳбарлари иштирок этиб, Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган ва Наманган туманларида яшовчи беш юздан зиёд фуқароларнинг суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, коммунал хизматлар, кадастр, молия, банк, пенсия каби йўналишлардаги мурожаатларини кўриб чиқдилар.

Сайёр қабулда Республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов иштирокида балоғат ёшига етган етти нафар ўғил-қизга фуқароликни тасдиқловчи ID-карталар тантанали равишда топширилди. 
Шу куни ички ишлар масалаларига оид 37 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг 19 та мурожаати ўз ечимини топди. 
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги мутасаддилари қабул давомида мурожаатларни манзилли ўрганишга алоҳида эътибор қаратишди. 
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгашининг қабули ҳам ғоят самарали руҳда кечди. Оммавий қабулларнинг дастлабки кунида 49 нафар маҳкум муддатидан аввал жазодан озод этилди. 13 нафар аёлга фарзандлари таъминоти учун алимент пуллари ундириб берилди. Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида Наманган шаҳридаги ажралиш ёқасида турган 6 та оила яраштирилди. Пенсия таъминоти бўйича 5 нафар ҳамюртимизнинг фуқаролик паспорти ва меҳнат дафтарчасидаги исм-шарифларини ёзилишида ноаниқлик юзага келганлиги сабабли юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни тасдиқлаш тўғрисидаги аризалари қаноатлантирилди.

Ушбу тадбир давомида Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг вилоят бошқармаси мутасаддилари томонидан фуқароларнинг 11 та мурожаатига жавоб қайтарилди. Хусусан, 6 турдаги муаммоли масалалардан 5 таси жойида ижобий ҳал қилинди. 
Президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонасидан маълум қилинишича, оммавий сайёр қабуллар давомида фуқаролардан келиб тушган жами 2308 та мурожаатнинг 1075 таси ўз ечимини топди. 249 тасига хуқуқий маслаҳатлар берилди, 669 та мурожаат маълум муддатда ўрганиш талаб этилганлиги учун алоҳида назоратга олинди. Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, мурожаатларнинг асосий қисми суд, прокуратура ва ички ишлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларга тўғри келди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь