Қисқа сатрларда

КИМ КИМНИ АЛДАЯПТИ? ЁКИ ҲОЛВА ДЕГАН БИЛАН ОҒИЗ ЧУЧИМАЙДИ

ТРАНСПЛАНТОЛОГИЯНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

НАМАНГАНДА ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИ ЎТКАЗУВЧИ КОМИССИЯЛАР ТАРКИБИ ТАСДИҚЛАНДИ

ПАРАЛИМПИЯЧИЛАР ҒАЛАБАСИ – КАТТА ЖАСОРАТ ВА ҚАҲРАМОНЛИК НАМУНАСИ

НАМАНГАНДА МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ УСТОЗИ КЎМАГИДА ЛИМОНДАН ЭЛЕКТР ТОКИ ҲОСИЛ ҚИЛИШДИ

20 September, 2021, 01:11

Сиёсат

"ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН" БОҒИ ВА МУСТАҚИЛЛИК МОНУМЕНТИ ОЧИЛДИ

  • 31.Августа.2021
  • 89

2021 йил 31 август куни истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган “Янги Ўзбекистон” боғи ва Мустақиллик монументининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

- Бугун барчамиз, кўпмиллатли бутун халқимиз жонажон Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик қутлуғ байрамининг қувончи ва шукуҳи билан яшамоқдамиз. Азал-азалдан обод шаҳар ва қишлоқлар, боғу роғлар, бетакрор маданий обидалар бунёдкори сифатида шуҳрат қозонган меҳнаткаш ва олижаноб халқимиз пандемия ва глобал иқтисодий инқироз таъсирига қарамасдан, ушбу тарихий санани муносиб меҳнат зафарлари, улкан ютуқ ва ғалабалар билан кутиб олмоқда, - деди давлатимиз раҳбари.

Ушбу боққа жорий йил 1 май куни илк кўчатлар экилган эди. Тарихчи олимлар, ижодкор зиёлилар, нуронийлар ва ёшлар билан маслаҳатлашиб, “Янги Ўзбекистон” мажмуасининг ғоявий ва меъморий ечимларига алоҳида эътибор қаратилди.


Агар юқоридан назар ташланса, боғнинг шакли улкан дарахтнинг бешта шохига ўхшайди. Бу Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини рамзий маънода ифода этади.

Бу гўзал боғда пойтахтимиз аҳолиси, барча ҳудудларимиз ва хориждан келадиган меҳмонлар яйраб дам олиши, оиласи, фарзандлари билан бирга мазмунли ҳордиқ чиқариши учун барча замонавий шароитлар яратилмоқда. Сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, амфитеатр, фавворалар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ҳунармандчилик дўконлари ташкил этилмоқда.

Боғнинг марказий қисмида муҳташам бадиий обида – Мустақиллик монументи барпо этилди.

- Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини кенг нишонлаяпмиз. Лекин аслида, Ўзбекистон ҳудудидаги миллий давлатчилик тарихи 3 минг йилдан зиёд даврни ташкил этади. Бу жаҳон фанида эътироф этилган илмий ҳақиқатдир. Ушбу монументни яратишда мана шу концептуал ғояни ёрқин ифода этишга ҳаракат қилдик, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, эл-юртимиз ўзининг қадимий ўтмиши давомида шонли воқеаларни, турли синов ва қийинчиликларни, зафарли даврлар билан бирга, фожиали кунларни ҳам бошидан кечирган. Мустақиллик монументида булар бадиий акс эттирилган.

 - Ўтмишдаги ютуқ ва ғалабаларидан куч-қувват олиб, хато ва мағлубиятларидан хулоса ва сабоқ чиқариб яшайдиган халқ ўзининг тараққиёт йўли ва келажагини тўғри белгилай олади. Шу сабабли, биз ушбу ёдгорлик тимсолида Ўзбекистонимизнинг қадимги тарихидан бошлаб то бугунги кунга қадар юз берган энг муҳим воқеаларни муҳрлашга қарор қилдик, - деди Президентимиз.

Мажмуада буюк саркарда ва жаҳонгирлар, аллома ва мутафаккирлар, жадид боболаримизнинг ўлмас сиймолари акс эттирилган. Ўзбекистоннинг собиқ мустабид тузум давридаги оғир ва машаққатли ҳаёти, қатағон сиёсати, халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасорат ва матонати таъсирчан лавҳаларда ифодаланган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлини акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Ёдгорлик юртимизда янги Ўзбекистонни – учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғояси билан уйғун ҳолда барпо қилингани айниқса аҳамиятлидир. Унда миллий давлатчилигимизнинг рамзи бўлган Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг мовий гумбази, юлдузлар оламига қараб юксалган Мирзо Улуғбек расадхонаси, дунё илм-фани ва цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган улуғ мутафаккир боболаримизнинг энг нодир илмий кашфиётлари ўзининг бор маҳобати ва шукуҳи билан кўз олдимизда яққол намоён бўлиб турибди.

Тинчлик ва эркинлик, эзгулик ва фаровонлик тимсоли бўлган, кўкда мағрур парвоз қилаётган Ҳумо қуши тасвири монументнинг энг юқори қисмида – бамисоли унинг гултожи бўлиб ўрин эгаллаган.

- Мустақиллик монументи она Ватанимиз, мард ва жасур, тинчликсевар ва меҳнаткаш, қаҳрамон халқимиз шарафига бунёд этилган буюк обида сифатида қад ростлади. Монумент пойига битилган: “Халқимиз тарихида эзгу из қолдирган барча аждодларимиз доимо қалбимизда”, деган чуқур маъноли сўзлар ота-боболаримиз хотирасига бугунги авлодларнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромини англатади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Маросимда нуронийлар, фан ва маданият намояндалари сўзга чиқиб, барчани ушбу воқеа билан табриклади.

Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан бирга Мустақиллик монументини очди. Мажмуа пойига гуллар қўйилди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь