Қисқа сатрларда

Икки йилдан бери алимент тўламаётган қарздор топилди

Бошқарув сервис компаниялари фойдасига қарздорликлар ундирилмоқда

Солиқларни ўз вақтида тўлаш мажбуриятдир

Янги таъмирланаётган йўлда транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги 21 мингтадан 40 мингтага оширилади

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

05 May, 2024, 04:24

Сиёсат

Янги Ўзбекистон пойдевори

  • 04.Июля.2022
  • 652

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимаси «Ўзбекистон халқи» деб бошланади. Бошқа бирор бир хориж давлатларининг Конституциясида учрамайдиган ҳолат. Яъни, бош қомус энг аввало халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини олий ўринга қўйган ҳолда ўзининг қатъий нормаларини ҳаётга тадбиқ эта олган ҳужжатдир. 

Ушбу қатъий нормалар 2022 йилга келиб Янги Ўзбекистон давлатининг ҳуқуқий пойдевори сифатида мустаҳкамлаш заруратини уйғотди. Таъбир жоиз бўлса, бу шунчаки зарурат эмас, балки, мамлакатимизда бошланган буюк ўзгаришлар даври - Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишнинг муҳим шартидир.

Мана шу ислоҳотларни фаол кузатувчиси сифатида айтишим мумкинки, бундан йигирма йил аввалги фуқароларимиз фаол фуқаролик позициясига эга бўлмаган, давлат ва жамият фаолиятига аралашмаган ёки аралишишни истамаган бўлса, ҳозир замон ўзгарди. Одамларда давлатнинг ҳар бир жабҳасида олиб борилаётган сиёсий ўзгаришларга ўз фикри ва қарашлари шаклланди.

Куни кеча «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонун лойиҳаси муҳокамаси эълон қилинди. Унга кўра Конституциянинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар, 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилмоқда. Мазкур таклиф этилаётган нормаларга халқимизнинг муносабатини Референдум ўтказиш йўли билан аниқлаш режалаштирилди.

Шу ўринда айтиш мумкинки, мамлакатимизда ўтган уч йил мобайнида суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини ошириш борасида бир қатор муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, инсон қадри улуғланаётган бир даврда яшаётган эканмиз, Бош қомусимиз ана шу анъаналар доирасида ҳам жиддий ўзгаришлар бўлиши кутилаётганлигига гувоҳ бўляпмиз.

Ана шу маънода Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109, 111, 112, 116-моддалари ҳар жиҳатдан бойитиладиган бўлди. 

Масалан, 109-модда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятига боғлиқ бўлиб, унинг биринчи қисмидан конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан деган сўзлар чиқариб юборилиши таклиф этилмоқда. Яъни, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади деб қолдириляпти. Чунки, Конституциявий суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот тақдим этиш вазифаси энг асосий масала. Судлов ишини умумлаштириш натижаси ёки фаолиятни мониторинг қилиш масалалари Конституциявий суд фолиятидаги одатий жараёнлар ҳисобланади.

Шунингдек, ушбу модданинг 7-бандида Конституция-вий суд ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда. Яъни, фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқади, шунингдек, 8-банд билан тўлдириляпти, яъни, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.

Яна бир муҳим жиҳат, 116-моддага киритилаётган ўзгаришдир. Аввалги таҳрирда айбланувчининг ҳимояланиш ҳуқуқи масаласида адвокатлар фаолиятига етарлича эътибор қаратилмаган ва бу норма «Адвокатура тўғрисида»ги қонунчилигимизда белгиланган муносабатларни етарли қамраб олмаган эди.

Эндиликда, 116-моддани тўлиқ янги таҳрирда баён этилиши таклиф этиляпти. Яъни, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам бепул кўрсатилади.

Терговнинг ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади.

Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади. Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга  ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди деб белгиланмоқда.

Янгиланаётган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ва ишончли кафолат яратиши лозим.

Зеро, Ўзбекистон халқи Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккури билан қалбидан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабат билдириши тўғри бўлади. 

Хайрулло САБИРОВ,
вилоят адлия бошқармаси бошлиғи.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь