Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

28 April, 2024, 06:07

Сиёсат

Янгиланаётган Конституция инсон капитали ривожланишининг ҳуқуқий манбасидир

  • 06.Апреля.2023
  • 686

Ҳар қандай жамият тамаддунининг етакчи мақсади аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган бўлади. Ижтимоий барқарорлик, иқтисодий юксалиш, тинчликни таъминлаш, инсон соғлом ва фаровон умр кечириши учун давлат кучли ижтимоий сиёсат олиб боради.

Жамиятимиз ҳар бир аъзоси тарихий даврда яшаяпти. 2023 йилда республикамиз сиёсий ҳаётида ўзига хос бурилиш кечмоқда ва унда фуқаролар фаол қатнашмоқда. Маълумки, 30 апрель санасида Референдум ўтказилади ва мазкур сиёсий кампанияга қизғин тараддуд кўрилмоқда. Конституция чинакам халқпарвар давлатчилик негизини яратиши, аҳоли фаровонлигини ошириши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириши, барча соҳаларни либераллаштиришда муҳим ва мустаҳкам пойдевордир.

Янги Ўзбекистонда фаоллик, яратувчанлик, ижодкорлик руҳида яшаш одамлар учун ижобий муҳит тақозоси, ижтимоий заруратга айланди. Конституция халқчилик, инсонпарварлик, бағрикенглик ва эзгулик ғоялари билан ижтимоий, сиёсий, иқтисодий жараёнларни баҳолаш ва ёндашишда миллий, умуминсоний қадриятлар уйғунлигининг устуворлигига таянмоқда.

Инновацион тараққиёт шиддати инсон капитали ривожига йўл очиш билан бирга фикрлаш тарзини, ижтимоий ва маънавий-ахлоқий қарашларни ўзгартиришни талаб қилади. Пировардида бутун жамиятнинг модернизацияси ва янги сифат ҳолати трансформациясига олиб келади.

Инсон капиталини амалга оширишдаги яна бир омил – бу “фуқаролик” компоненти саналади. Ўз диёри фуқароси сифатида бурч ва масъулиятга оид ролларни бажариш, шахсий позициясини намоён этиш учун доимий тайёргарлик ҳамда маъмурий, ҳуқуқий ҳамда сиёсий муносабатлардаги фаоллик инсон капитали формуласидир. Шахсдан ватан манфаатларини муҳофазалаш, хавфсизликни таъминлаш, белгиланган ахлоқ қоидаларига риоя этиш, истиқомат қилаётган жойидаги ижтимоий, иқтисодий, маънавий масала-муаммоларда дахлдорлик ва бурч сўралади.

Инсон капитали билим, тажрибалар, стратегик режалар, кишиларнинг интеллектуал-маънавий камолоти, шунингдек, муайян мақсадлари, қизиқиш ва лаёқати тарзида ҳам миллий захира ҳисобланади. Таълим тизими глобаллашув ва ахборот асрида энг самарали социал капитал деб эътироф этилади. Унга сарфланган ҳар қанча молиявий харажат узоқ муддат куттирса-да, натижалар эса тўла-тўкис ўзини оқлаши аниқ бўлди.

Умуман, дунёнинг илғор республикаларида сўнгги ўн йилликда таълим – атом ва электроника, билим ва технологиялар замонида барқарор ривожланишнинг бош омили ва калити эканлигини ҳукуматлар, сиёсий элита ва аҳоли тарафидан чуқур англаб етилгани кузатилади.

Ҳа, эркин фуқаролик, ҳуқуқий демократик жамият қуришда таълим-тарбия ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Янгиланаётган Бош ҳужжатнинг мукаммал ишлай бошлаши халқимиз турмуш-тарзини янада яхшилайди.

41-модданинг амалдаги матни бундай эди: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”. Айни моддани қуйидагича янги таҳрирга ўтказиш таклифи ва матбуотда эълон қилинган лойиҳага биноан,

50-модда:

Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Давлат узлуксиз таълим тизими, унинг ҳар хил турлари ва шакллари, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланишини таъминлайди.

Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади. Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир.

Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта таълим давлат назоратидадир. Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади.

51-модда:

Фуқаролар давлат таълим ташкилотларида танлов асосида давлат ҳисобидан олий маълумот олишга ҳақли. Олий таълим ташкилотлари қонунга мувофиқ академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.

52-модда:

Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади...

Яна бир қанча ўзгартишлар киритиляптики, уларнинг бари инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилади. Ҳар қандай инсон капиталининг мавқеи мамлакат миқёсида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига бевосита таъсир кўрсатади.

Бунда биз (экспертлар фикри ҳам) доимий таъкидлайдиган “Таълим фақатгина шахснинг келажакдаги муваффақияти эмас, балки жамият ва қолаверса, миллатнинг жамоавийликка йўналтирилган келажагига сармоя” эканлигини унутмаслик керак. Демак, инсон капитали орқали Янги Ўзбекистонда юқори ижтимоий-иқтисодий ўсиш динамикасини таъминлашга эришилади.

Муҳриддин СОДИРЖОНОВ,

социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD),

Наманган давлат университети

Энг кўп ўқилганлар

Календарь