Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 09:38

Сиёсат

«Ё БУГУН ЁКИ ҲЕЧ ҚАЧОН!»

  • 30.Октября.2020
  • 829

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз иқтисодиётини янада мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар йўлидаги долзарб вазифалар аҳамиятини шундай таъкидлади

2020 йил 27 октябрь куни давлатимиз раҳбари «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига имзо чекди. 
28 октябрь куни мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунтириш, унда белгиланган кечиктириб бўлмайдиган вазифаларнинг аҳамияти ҳамда ижросини таъминлаш йўл-йўриқларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан мазкур қонун ҳужжати бандма-банд шарҳланиб, масаланинг нечоғли муҳим ва мураккаблиги кўрсатиб берилди.
«Ушбу Фармонга жуда қийналиб имзо чекдим, - деди давлатимиз раҳбари видеоселекторда. - Сабаби, биз мустақиллигимизнинг ўтган даврида хусусийлаштириш жараёнларида йўл қўйилган хатоликларни тузатишимиз керак ва бу осон эмас. Олдин ҳам хусусийлаштириш бўйича кўплаб қарорлар қабул қилинган. Лекин бирорта раҳбар пастга тушиб, бу соҳадаги билим ва методикани жойларга етказмагани сабабли кўп корхона ва объектлар сотилмасдан турибди, на давлатга, на тадбиркорга наф келтиряпти. Бироқ бозор иқтисодиётига ўтадиган бўлсак, бу ислоҳотга бугундан киришишимиз керак. Ё бугун ёки ҳеч қачон! Бошқа йўлимиз йўқ!».
Президентимиз куюниб таъкидлашича, бир вақтлар хусусийлаштириш сиёсати остида арзимаган баҳога сотиб олинган давлат иштирокидаги активлар - минглаб кўчмас мулк, ер майдонларидан самарасиз фойдаланиб келинмоқда. Уларни сақлаб туриш ишлаб чиқарилаётган маҳсулот, кўрсатилаётган хизматларнинг таннархини ошиб бориши сабабларидан бири бўлмоқда. Таннархни камайтириш аҳамиятини тўлиқ тушуниб етилмаяпти.  
Шу нуқтаи назардан, мазкур Фармон иқтисодий ислоҳотларни ўрнидан жилдириш йўлидаги тарихий ҳужжат бўлди. Фармонга мувофиқ, мамлакатимиз бўйича икки мингдан ортиқ давлат активларини ислоҳ қилиб, яъни уларни сотиш, хусусийлаштиришга тайёрлаш, трансформация қилиш, такомиллаштириш орқали иқтисодиётни ривожлантириш, жамиятга, халққа фойдаси тегадиган субъектларга айлантириш вазифалари аниқ-равшан белгилаб берилди. Видеоселекторда бу борадаги муҳим йўналишлар кўрсатиб ўтилди.
Давлат корхоналари ва активлари ҳақиқий эгасини топиши керак. Улар самарали ишлатадиган, янги иш ўринлари яратадиган, солиқ базаси ва тушумларини кўпайтирадиган салоҳиятли тадбиркорлар қўлига ўтиши лозим. Фармондан кўзланган мақсад – шу.
«Ўттиз йиллар мобайнида давлат бажара олмаган ишларни тадбиркорлар бир-икки йилда уддалаяпти. Шундай экан, давлат энди тадбиркорларга кўмакдош, елкадош, ҳамкор бўлиши керак», - дея таъкидлади Президентимиз.
Йиғилишда тадбиркорларга таклиф этиладиган корхоналарнинг ҳар бирига алоҳида ёндашиш, уларни соддалаштирилган тартибда савдога чиқариш кераклиги, бўш ер ва иншоотларни хатловдан ўтказиб, корхоналар эҳтиёжидан ортиғини аукционга чиқариш зарурлиги айтилди. Аввал қабул қилинган қарорлар доирасидаги ҳамда сотиш ваколати вилоят ҳокимларига берилган давлат объектларини хусусийлаштириб, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди. 
Бундай шароитда бозорларни ҳам савдо, ҳам дам олиш, ҳам кўнгилочар марказларга айлантириш яхши иқтисодий самара бериши, шу мақсадда лойиҳалар ишлаб чиқилиб, инвесторлар ўртасида танлов эълон қилиниши айтилди. Танлов ғолибига энг яхши шартларда банк кредити ажратилади. Шунингдек, тадбиркор бозор даромадини ошириб, солиқ тушумлари ва иш ўринларини мунтазам кўпайтириб борса, унга бозорнинг давлат улушини бўлиб-бўлиб харид қилиш имконияти берилади. 
Мазкур жараёнларда юридик субъектлар, аҳоли ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида Президент томонидан хусусийлаштириш клиникаларини ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Клиника аҳоли ва тадбиркорларга батафсил маълумот беради. Методик қўлланмалар ишлаб чиқилади ва жойларга етказилади. 
Олий Мажлис палаталарига Президент Фармони моҳиятини кенг тарғиб қилиб, хусусийлаштириш жараёнларини ҳалол ва очиқ-ошкора ўтишида Парламент назоратини ўрнатиш тавсия қилинди. 
Фармонга кўра, вилоятимиздаги 12 та давлат активи соддалаштирилган тартибда савдога чиқарилишига эътиборан ушбу ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, Фармон ижроси жараёнларини кенг ёритиш орқали умумхалқ манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатларда бирга бўлишга тайёрмиз ва мутасадди ташкилотларга раҳбар ҳамда мутахассисларини ҳамкорликка чорлаймиз.

Акрамжон САТТОРОВ,

"Наманган ҳақиқати" газетаси бош муҳаррири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь