Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 05:52

Спорт

«Бу – футбол. Шунчаки омадимиз келмади» – Самвел Бабаян «Сўғдиёна»дан учралган мағлубиятга изоҳ берди

  • 27.Апреля.2022
  • 637

Ўзбекистон Сoca Сola Суперлигасининг 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар бош мураббийи Самвел Бабаян иштирок этиб, ОАВ ходимларининг саволларига жавоб берди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Анъанага мувофиқ, Самвел Вячеславович ўз сўзини ўйин ҳақидаги фикрлари билан бошлади.

– Менимча, бугунги баҳс ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Жиддий рақибга қарши майдонга тушдик. Афсуски, имкониятни бой бердик. Рақибга омад кулиб боқди. Меҳмонларда иккита вазият юзага келди ва ундан самарали тарзда фойдалана олишди. Шогирдларим кўплаб хавфли вазиятларни яратишди, бироқ улардан самара чиқара олишмади. Йигитларга охиригача ўйинда бурилиш ясашга уриниб, курашгани учун раҳмат айтаман. Мухлисларимизни ранжитиб қўйдик. Таъкидлаш жоизки, ҳисоб ўйинга мос бўлмади. Энди хатоларни тўғрилаб, вазиятни ўнглаш, бошқа бундай ҳолатга тушмасликка ҳаракат қиламиз. Умуман олганда, 3 очко олишимиз керак эди. Бу – футбол. Шунчаки омадимиз келмади.

Бугунги ҳакамлик борасида нима дея оласиз?

– Ҳакамларни муҳокама қиладиган қўмита, ўйин назоратчиси бор. Тўғри, учрашув давомида рақиб томонидан вақт чўзишлар кўп бўлди. Бу ҳолатга ҳакамлар зудлик билан аралашиб, чора кўришлари керак эди. Бундай ҳолат юз бермаслиги учун эса йигитлар гол уришлари шарт эди. Бироқ бунинг уддасидан чиқа олишмади. Акси бўлганида, ўйин натижаси ҳам бошқача кўриниш олган бўларди. Аммо...

Шундай бўлса-да, ҳакамликни муҳокама қилмоқчи эмасман.

“Навбаҳор”да узоқдан дарвозага зарба йўллаш ҳолатлари жуда кам учрамоқда. Жамоада узоқдан дарвозага зарба йўллайдиган футболчи йўқми ёки бу сизнинг топшириғингизга боғлиқ ҳолатми?

– Узоқдан дарвозага ҳар бир футболчи зарба йўллаши мумкин. Ўзбекистон кубоги доирасидаги ўйинини эсласангиз керак, ўшанда Искандеров узоқ масофадан дарвозани ишғол қилганди. Ҳаммаси вазиятларга боғлиқ. Тўғри, бугун узоқ масофадан йўлланган зарбалар кам бўлди.

“Навбаҳор” мағлубиятининг асосий сабаби нимада?

– Асосий сабаб – диққат-эътиборни йўқотганимиз. Кейин фантастик тарзда урилган иккинчи голни алоҳида айтиш жоиз. Ўйлайманки, 1000 та шунақа зарбадан фақат биттаси гол бўлган бўларди. Яққол вазиятлардан фойдаланишда оқсадик. Масалан, ҳисоб 0:1 бўлаётган пайтда Элгужада 2 та қулай имконият юзага келди. Аммо у ўша вазиятлардан фойдалана олмади. Бир сўз билан айтганда, бу гал ростакамига омадимиз келмади.

Ўйин давомида Нурилло Тўхтасиновда бир қатор вазиятлар юзага келди ва ўша ҳолатдан фойдалана олмади. Шундай пайтда уни қўллаб-қувватлаш керакмиди?

– “Навбаҳор”нинг ҳар бир футболчисини қўллаб-қувватлаймиз. Шу жумладан, Тўхтасиновни ҳам. Нуриллонинг бошланғич таркибдан жой олишининг ўзи унинг қўллашимиздан дарак беради. Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Тўхтасинов ҳалигача ўз имкониятидан фойдалана олмади. Менимча, бунга ўз олдига юксак мақсадларни қўйган жамоада тўп тепиш босими ҳам ўз таъсирини ўтказган бўлса керак.

Таъкидлайман, ҳар бир футболчини руҳан қўллаб-қувватлаймиз. Айни пайтда “Навбаҳор” таркибидан кучли футболчилар ўрин олишган.

Таркибда ротацияга қўл уриш вақти келгандир...

– Бу борада ўйинга тактик тайёргарлик, рақиб ва футболчиларимизнинг ҳолатидан келиб чиқиб иш тутамиз. Кейинги баҳсга шундан келиб чиққан ҳолда, таркиб тузамиз.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь