Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 12:55

Спорт

Номдор курашчилар Наманганда беллашди

  • 27.Февраля.2024
  • 225

Жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида республикамизнинг спорт вилоятига айланган Наманган кўплаб нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилмоқда.

Наманган шаҳридаги «Паҳлавон» спорт мажмуасида бўлиб ўтган эркин ва юнон-рум курашлари бўйича катталар ўртасида «Ўзбек ботирлари» биринчи халқаро гран-при турнири уч кун мобайнида минглаб мухлислар нигоҳини ўзига ром этди.

Вилоят ҳокимлиги, республика Спорт вазирлиги, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси, «7-Saber» миллий компанияси ҳамкорлигида уюштирилган нуфузли мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, шунингдек, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон, Россия Федерацияси, Эрон, Грузия каби ўнга яқин давлатлардан келган уч юздан зиёд спортчилар 57 килограммдан 130 килограммгача бўлган 12 та вазн тоифасида ғолиблик учун баҳслашди.

– Наманганда гран-при мусобақаси юқори савияда ташкил этилди. Илк бор ўтказилишига қарамасдан кўпгина давлатлардан спортчиларни жалб қилингани таҳсинга сазовор. Турнир иштирокчиларининг татамидаги маҳоратларини 15 нафар халқаро тоифадаги ҳакам баҳолаб борди, – дейди халқаро турнир бош ҳаками, Олимпия тоифасидаги рефери Тўймурод Адизов. – Мусобақа спортчиларимиз учун ёзги Олимпия ўйинларига ўзига хос тайёргарлик вазифасини ҳам ўтайди. Қолаверса, МДҲ мамлакатларининг моҳир курашчилари билан тажриба алмашишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Муҳташам спорт мажмуасини ҳар куни минглаб мухлислар билан тўлиб-тошганлигининг ўзига хос сабаблари бор. Мусобақанинг эркин кураш ҳамда юнон-рум кураши баҳсларида Элмурод Тасмуродов, Шермуҳаммад Шарифжонов, Ихтиёр Наврўзов каби мамлакатимизнинг номдор спортчилари ҳам татамига чиқишди.

Мусобақанинг юнон-рум кураши беллашувларида 60 килограмм вазн тоифасида республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази аъзоси Алишер Ғаниев, 67 кг. вазнда Наманган вилояти спортчиси Шермуҳаммад Шарифжонов, 77 кг. вазнда республика Олимпия захиралари мактаби тарбияланувчиси Дониёр Накибов, 87 кг. вазнда Фарғона вилоятидан Муҳаммадқодир Расулов, 97 кг. вазнда «Токио-2020» Олимпия ўйинлари иштирокчиси, Наманган вилояти вакили Рустам Аксакалов, 130 кг. вазнда республика Олимпия захиралари мактаби тарбияланувчиси Темур Насимовларга тенг келадиган рақиб топилмади.

Эркин кураш баҳсларининг якунларига кўра, 57 кг. вазнда республика Олимпия захиралари мактаби тарбияланувчиси Ғуломжон Абдуллаев, 65 кг. вазнда Бухоро вилоя-тидан Умид Жалолов, 74 кг. вазнда Тошкент шаҳридан Разамбек Жамолов, 86 кг. вазнда Россия Федерацияси вакили Тажитин Акаев, 97 кг. вазнда бухоролик Рустам Шодиев, 125 кг. вазнда россиялик Расул Магамедов барча рақибларини енгиб, зафар нашидасини суришди.

– Юртимизда кураш турлари тобора оммалашиб бораётганидан хурсандмиз. Гран-при турнирлари биз спортчиларни тоблайди. Бугунги мусобақада ҳам кучсиз рақибларнинг ўзи йўқ. Ўз вазнимда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиш осон кечмади, – дейди фарғоналик иштирокчи, юнон-рум кураши бўйича кўп карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпионати совриндори Муҳаммадқодир Расулов. – Насиб қилса, келгусида халқаро ареналарда ҳам Ўзбекистонимиз байроғини баланд ҳилпиратиш учун астойдил ҳаракат қиламан.

Халқаро турнирнинг тантанали тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ғолиб-совриндор спортчиларга диплом ва мукофотларни топширди. Мусобақада фахрли биринчи ўринни эгаллаган ҳар бир спортчига 15 миллион, иккинчи ўрин соҳибига 8 миллион, учинчи ўрин эгаларига эса 5 миллион сўмдан пул мукофотлари тақдим этилди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.

Дилшодбек ҲОШИМОВ олган суратлар.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь