Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 12:12

Спорт

ОЧЛ: «Навбаҳор»га Неймар ҳам ип эшолмади

  • 19.Сентября.2023
  • 691

Саудия Арабистони пойтахти – Ар-Риёд шаҳрида жойлашган Қирол Фаҳд номидаги халқаро стадионда Осиё Чемпионлар лигасининг (ОЧЛ) гуруҳ босқичи «D» гуруҳидан ўрин олган «Ал-Ҳилол» – «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги баҳс кўпчилик фктбол ихлосмандлари учун кутилмаган натижа билан якунига етди.

«Навбаҳор» қитъамизнинг тўрт карра чемпиони, таркибида бразилиялик Неймар, португалиялик Рубен Невеш, сербиялик Александар Митрович каби «топ» юлдузларни жамлаган «Ал Ҳилол»га қарши ўзига хос характер кўрсатиб, дуранг (1:1) натижа қайд этди.

Беллашувни ҳужумкор руҳда бошлаган мезбонлар ўйин тизгинини қўлларига олишга интилишди. «Навбаҳор» эса кучли рақибдан қолишмасдан асосий эътиборни ҳимояга қаратди ва қарши ҳужумда омадини синаб кўрди.

20-дақиқага келиб уюштирилган дастлабки қарши ҳужумни «Навбаҳор»чи Остон Ўрунов маромига етказиши мумкин эди, бироқ ҳаволатиб йўллаган зарбасига аниқлик етишмади.

28-дақиқада «Навбаҳор» ҳимоячиси Филип Иванович ўз жарима майдончаси ичида рақибга қўполлик ишлатгани учун огоҳлантирилди. Жамоамиз дарвозасига жарима тўпи белгиланди. Неймарнинг чамаси 18-20 метрлар масофадан пастлатиб берган зарбасини Ўткир Юсупов бартараф этди.

Иккинчи таймда вазият тамомила ўзгариб кетди. Шаҳд билан олдинга интилган «Навбаҳор»чилар 52-дақиқада муҳташам ўйингоҳни ларзага келтиришди. Аброр Исмоиловнинг ажойиб тўп узатишидан сўнг грузиялик Тома Табатадзе мезбонлар посбони билан бирга-бир вазиятга чиқиб, ҳисобни очди.

Ўтказиб юборилган голдан сўнг «Ал-Ҳилол» минглаб мухлислари қаршисида мувозанатни тиклашга интилди. Аммо «Лочинлар» сардори Ўткир Юсупов мезбонларнинг бир қатор ҳужумларини бартараф этишга муваффақ бўлди. Аввалига Невешнинг зарбасидан сўнг ажойиб «сейв» кўрсатиб, кейинги берилган зарбаларни ҳам ушлаб қолишга эришди. 

Учрашувнинг 87-дақиқасида наманганлик футболчилар барчасига «нуқта қўйиши» мумкин эди. Лекин захирадан ўйинга қўшилган Жасур Яхшибоев «яккама-якка» ҳолатда ўта қулай имкониятни бой берди.

Муҳаммад Абдулла Ҳассан Муҳаммад бошчилигидаги БААлик ҳакамлар бригадаси учрашувдаги тўхталишлар учун нақд 14-дақиқа (!) қўшиб бергани билан кўпчиликнинг ёдида қоладиган бўлди. Жаҳон чемпионати ўйинлари «экстра-тайм»ларини эслатиб юборган мазкур баҳс гўёки араблар ҳисобни тенглаштирмагунича чўзилгандек туюлди ҳам. Амалда шундай бўлди. Мезбонлар 90+10-дақиқада Али Ал Булайҳининг боши билан урган голи эвазига мағлубиятдан қутулиб қолишди. 

Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Эроннинг «Нассажи Мозандарон» жамоаси Ҳиндистон чемпиони «Мумбай Сити»дан 3:0 ҳисобида устун келди. 

ОЧЛ доирасидаги навбатдаги баҳсни 3 октябрь куни «Навбаҳор» ўз майдонида Мумбай клубини қабул қилади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ, «Наманган ҳақиқати» мухбири.
Саудия Арабистони, Ар-Риёд шаҳридан махсус тайёрланди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь