Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 03:28

Спорт

ОТАСИНИНГ МУРОДИ ҲОСИЛ БЎЛДИ, – ДЕЙДИ МУРОДЖОН АҲМАДАЛИЕВНИНГ ОНАСИ ОЙШАХОН ОПА

  • 18.Декабря.2021
  • 767

Халқимизда «Бўлар бола бошидан маълум», деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган. Зотан, аждодларимизнинг буюкликка дахлдор истеъдодлари айнан болаликда намоён бўлган. 
Ана шундай ўғлонлардан бири «Ўзбекистон ифтихори», халқаро тоифадаги спорт устаси, «Рио-2016» ёзги олимпия ўйинлари совриндори, жаҳон чемпиони Муроджон  Аҳмадалиев  туғилиб  ўсган  юрти – Чустда муносиб кутиб олинди. 
Вилоят ҳокими ўринбосари – вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботиржон Нуриддинов, туман ҳокими Бекзод Ҳамдамов, меҳнат фахрийлари,  кенг жамоатчилик вакиллари, фаол ва намунали ўқувчи ёшлар ҳамда спортчилар иштирокидаги маросимда сўзга чиққанлар ҳукуматимиз томонидан яратилаётган шароитлар ва соҳага берилаётган эътибор ҳақида гапириб,  ёшларни Муроджонга издош бўлишга чақиришди.   
Муроджоннинг Чустга келишидан икки кун олдин унинг хонадонида бўлиб,  болалиги, эришган ва эришаётган ютуқлари  борасида ота-онаси – Қаҳҳоржон ака Аҳмадалиев  ва  Ойшахон опа Фаёзова билан суҳбатлашган эдик. 
Хонадоннинг каттаю кичик аъзоси қандайдир юмушлар билан банд эканлигини кўриб, катта ҳашарга келиб қолдик, деб ўйладик. Бизга маълум қилишларича, Муроджоннинг никоҳ тўйи муносабати билан тайёргарлик жараёнлари устидан чиқибмиз. 
– Яхшиям келдингиз, бир нафас ростлаб оларканмиз, қани уйга киринг, – дея мулозамат кўрсатди, хонадон бекаси. – Ўзбекнинг тўйи кўп бўлади, дегани шу-да.  Ҳозиргача Муроджонни ғалабаси билан табриклаб келувчиларнинг кети узилгани йўқ.  Бундай эътибордан дилинг яйрайди, чарчоқлар ёзилади. Ота-она учун фарзандининг камолини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак.  
– Муроджоннинг эришган ғалабалари қилаётган дуоларингиз ижобатидан. Адашмасам,   болалиги асосан спорт мактабларида ўтган.
– Аслида болалигидан спортнинг ҳамма турига қатнашиб чиқди. Бир кун футболга деб кетади,  кейинги куни сузишга,  теннисга, боксга... Хуллас, ҳамма турида ўзини синаб кўрди. Уйда ҳам шу аҳвол эди. Шуғулланмоқчи бўлса, жиддийроқ эътибор беришини тайинлаб, отаси 9 ёшида болалар-ўсмирлар спорт мактабига етаклаб борганлар.   
– Бокс тўгарагидаги болаларни кўриб, бошқача ҳавас билан кузатди, – дея суҳбатга қўшилди Қаҳҳоржон ака. – Мураббийга бу борада айтишга айтдиму, жуссасининг кичиклигидан  хавотирга тушдим.  Ҳар куни қаеридир кўкариб келади.  Раҳмим келганини сездирмасликка ҳаракат қиламан, лекин кўнглим эзиларди. Бора-бора бу ҳолатга кўникиб кетдик. Тинимсиз машғулотлар, ҳам назарий, ҳам амалий сабоқлар натижасида шу даражага эришди. Албатта, бу осон бўлгани йўқ. Ҳеч қачон тўсқинлик қилмаганмиз.  Аксинча, уйда ҳам машғулотлари учун шароит яратиб бердик.  Шунчаки вақт ўтказиш учун эмас, балки натижа салмоқли бўлишини тайинлаб, шу шарт билан спорт мактабига олиб борганман. Боланинг ўзида бўлмаса, минг уринганингиз билан натижа чиқмайди. Хайрият, нияти  жиддий  экан, бизни уялтирмади. Қанчалик машғулотлар қийин бўлмасин, ортга чекинмади. Фақат ғалаба ҳақида ўйларди. 
– Суҳбатларнинг бирида чемпионликни қўлга киритса, келин қиламиз, дея айтган эдингиз, ва ниҳоят... 
– Инсон яхши ният қилса албатта, етади. Ваъдага мувофиқ Муроджонни елкасига «ола хуржун» иладиган вақт келди. Чустимизнинг ақлли қизларидан бирини унаштириб қўйдик. Кўриб турганингиздек тўй тараддудидамиз. 
– Илоҳим бахтли, саодатли бўлишсин. Бугун сизларга   бутун дунё аҳли ҳавас кўзи билан қарайди...
– Албатта, хоҳ ўғил бўлсин, хоҳ қиз бўлсин улар бизнинг давомчиларимиз ҳисобланишади. Худога шукур қизларим ҳам, ўғилларим ҳам жамиятда ўз ўринларини топиб, эл корига ярагувчи инсонлар бўлишди. Президентимиз томонидан шундай имкониятлар яратиб берилаётган пайтда бундан унумли фойдаланишлари даркор. Оилада нафақат спорт ҳақида, балки тарбия ҳақида ҳам суҳбатлашамиз. Хўжайинимнинг бир тутумларини ҳурмат қиламан. Ҳамма болаларимизни турли хўжалик ишларига жалб қиладилар. Ҳатто, Муроджон ҳам қандай иш бўлишидан қатъий назар киришиб кетаверади. Чунки, шу муҳитда тарбияланган. Она эканман-да, баъзида болага раҳмингиз келсин, шунақа ишларни тайинламанг, уйга келганда дамини олсин, десам, «Майли иш тутма,  оёғи ердан узилмасин», дейдилар. Ҳатто, набираларимизга кўп тайинлаймиз, камтар бўлинглар, фалончининг жияниман, дея ҳаволанманглар, деб уқтириб тураман. Улар ҳам тоғаси изидан бориб, спорт билан шуғулланишади. 
Ота-боболаримиз, момоларимиз фарзанд оилани янада мустаҳкамлаши, хонадонга файзу қувонч олиб келишини кўп таъкидлашади. Бу умидворлик  замирида нафақат ота-онанинг, балки бутун бир жамиятнинг манфаати кўзда тутилади.   Бунда она Ватанга нафи тегадиган, элим деб, юртим деб ёниб яшовчи муносиб фарзанд камолга  етсин деган  эзгу орзу мужассам. Зеро, ўзбекнинг ҳар бир хонадонида мана шундай  фарзандлар улғайсин, дея ният қиламиз. 

Шоҳида ДАМИНОВА,
«Наманган ҳақиқати»нинг махсус мухбири.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь