Қисқа сатрларда

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

Намангандаги бунёдкорлик лойиҳалари кўздан кечирилди

28 March, 2024, 10:49

Спорт

СПОРТЧИ ВА МУРАББИЙЛАРГА ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

  • 13.Августа.2021
  • 804

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 август куни XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашди.

Тадбирда Миллий Олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳам қатнашди.

Давлатимиз раҳбари барчани Ўзбекистон миллий терма жамоасининг улкан ғалабаси билан табриклади.

Маълумки, ушбу Олимпия ўйинлари 23 июлдан 8 августгача Япония пойтахти Токио шаҳрида бўлиб ўтди. Унда 17 та спорт тури бўйича 71 нафар вакилимиз қатнашди. Бу юртимиз спорти тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир.

Аввалдан ҳам, мусобақа пайтида ҳам спортчи ва мураббийларга керакли шароитлар яратиб берилди. Улар 3 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритиб, 200 дан зиёд давлат орасида умумжамоа ҳисобида 32-ўринни эгалладилар. Шу тариқа, мамлакатимиз Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида иккинчи, Марказий Осиёда эса биринчи ўрин бўлди. Шунингдек, атлетларимиз 3 та Олимпия рекордини янгилаб, жаҳон спорти тарихида ёрқин саҳифа очди.

Жамоамизга илк олтин медални 19 ёшли таэквондочи Улуғбек Рашидов келтирди. У бундай муваффақиятга эришган юртимиздаги энг ёш спортчи бўлди.


Оғир атлетикачи Акбар Жўраев умумий ҳисобда 430 килограмм тош кўтариб, Олимпия рекордини ўрнатди ва Ватанимизга иккинчи олтин медални келтирди.

Моҳир боксчи Баҳодир Жалолов, Президентимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, энг оғир вазн тоифасида Олимпия ўйинлари ғолиби бўлди.

Юртимиз яккакурашлар мактабининг умидли вакиллари – дзюдочи Давлат Бобонов ва эркин курашчи Беҳзод Абдураҳмонов бронза медалларини қўлга киритдилар.

Президентимиз ушбу спортчиларнинг ота-оналари ва мураббийларига алоҳида раҳматлар айтди.

– Томирларида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Паҳлавон Маҳмуд, Заҳириддин Бобур каби буюк аждодларимизнинг куч-ғайрати жўш уриб турган, уларга ҳар томонлама муносиб бўлган авлодгина бундай улкан ишларга қодир бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Юртимизда аёллар спорти ривожланиб бораётгани эътироф этилди. Буни Токио Олимпиадасида 28 нафар спортчи қизларимиз қатнашганида ҳам кўриш мумкин. Бу мустақил Ўзбекистон тарихида рекорд натижадир.

Давлатимиз раҳбари дунё миқёсида шуҳрат қозонган қаҳрамон спортчимиз Оксана Чусовитина ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. У спорт гимнастикаси бўйича кетма-кет 8 марта Олимпия ўйинларида қатнашган. Бу жаҳон спорти тарихида ноёб ҳодиса бўлиб, Гиннеснинг Рекордлар китобига киритилган. Шу боис унинг иштироки Токио Олимпиадасининг муҳим воқеаларидан бири сифатида эътироф этилди.

– Бундай афсонавий спортчимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Унинг жасорати, иродаси, ғалабага қатъий интилиши ёш спортчилар учун улкан муваффақият ва шон-шараф мактаби бўлиб қолади, – дея таъкидлади Президент.

Ватанга муҳаббати, спортга фидойилиги ва улкан хизматлари учун Оксана Чусовитинага “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” унвони берилди.

Вазирлар Маҳкамасига Оксана Чусовитина ва Баҳодир Жалоловнинг спорт мактабларини ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.  

Президентимиз қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича мамлакатимиз тарихида биринчи марта Олимпиадада қатнашган 18 ёшли Зайнаб Дайибекова, оғир атлетика баҳсларининг энг ёш иштирокчиси бўлган 19 ёшли Кумушхон Файзуллаевани ҳам тилга олди.

– Мана, кўриб турибсизлар, Ўзбекистоннинг жасур спортчи қизлари халқаро майдонларга дадил кириб келмоқда. Барчамиз уларга чин қалбдан тасанно айтамиз. Айни вақтда мен спортчи йигитларимизга қараб айтмоқчиман: агар қаттиқ ғайрат қилмасаларингиз, қизларимиз ҳадемай сизлардан ўтиб кетади, – дея лутф қилди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, юртимизда Олимпия ўйинларининг ғолиблари 200 минг АҚШ долларидан, кумуш медаль соҳиблари 100 минг ва бронза медаль эгалари  50 минг АҚШ долларидан мукофот пули билан тақдирланиши белгилаб қўйилган.

Давлатимиз раҳбари спортчиларни муросасиз курашларга тайёрлашда мураббийларнинг хизматлари катта эканини алоҳида таъкидлади. Шу боис Олимпиада чемпионларининг мураббийлари 40 минг АҚШ долларидан, бронза медаль соҳибларининг устозлари 20 минг АҚШ долларидан мукофотланиши айтилди.

Олимпия ўйинларига йўлланма олиш ва унда иштирок этишнинг ўзи ҳам бир муваффақият. Бунинг учун спортчи кўп йиллар давомида машғулот олиб боради, ўзини шунга бағишлайди. Шуни ҳисобга олиб, бундай спортчиларнинг ҳар бири 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилиши маълум қилинди.

Тадбирда 2024 йилда Парижда бўладиган Олимпия ўйинларига тайёргарлик борасидаги вазифалар ҳам кўрсатиб ўтилди.

Аввало, спорт менежменти бўйича халқаро компанияни жалб этган ҳолда, соҳанинг ҳар бир бўғинини аудитдан ўтказиш, унинг натижалари асосида жисмоний тарбия ва спортни ҳамда спорт федерациялари бошқарув тизимини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Фақат яккакурашлар билан чекланмасдан, жамоавий спорт турлари бўйича ҳам йўлланмаларни қўлга киритиш муҳимлиги таъкидланди.

Спорт бўйича таълим сифатини яхшилаш, замонавий методика ва  амалиётларни жорий этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Хориждан легионерлар эмас, етук мутахассисларни ва спортчиларни тайёрлаш методикасини олиб келиш керак, – деди Президент.

Олимпия захиралари коллежларида қабул квоталарини бутунлай қайта кўриб чиқиш ва уларда таълим тизимини такомиллаштириш бўйича топшириқ берилди.

Мамлакатимизда 329 та спорт мактаби бор. Уларда 13 минг нафардан зиёд мураббийлар ишламоқда, 328 мингдан ортиқ ёшлар спортнинг 30 дан ортиқ тури билан шуғулланмоқда. Бироқ бу мактабларнинг ҳаммаси ҳам самарали фаолият кўрсатаяпти, деб бўлмайди. Айримларидан биронта республика чемпиони етишиб чиқмаган.

Шунинг учун 2021 йилдан бошлаб ҳар бир спорт мактабига давлат буюртмаси бериш тизимини жорий этиш, уларда спорт разряди ва унвонларга эга ўғил-қизларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Республика миқёсидаги чемпионатларнинг савияси тушиб кетгани, рақобат камлиги кўрсатиб ўтилди. Жамоавий спорт турлари бўйича ҳудудлардан жамоалар етарлича иштирок этмаяпти. Федерациялар эса чемпионатларни бор-йўғи 4-5 та жамоа иштирокида, номига ўтказиш билан чекланмоқда.

Шу боис Туризм ва спорт вазирлигининг тузилмасини ҳамда жамоавий спорт мусобақалари ўтказишни такомиллаштириш бўйича кўрсатма берилди.

Спортчиларнинг жисмоний, тиббий ва психологик ҳолати ҳамда фармакологик таъминотини яхшилаш, бунда илғор хорижий тажриба билан бирга, илмий ёндашув ва халқ табобатини қўллаш муҳимлиги таъкидланди. Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, у ерда спорт психологияси ва диетологияси бўлимларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорларини ҳамда уларнинг мураббийларини рағбатлантириш чора-тадбирлари белгиланди.

Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва чемпионатлар ўтказиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, Олимпия захиралари платформасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 августдаги фармонига мувофиқ, Токио шаҳрида бўлиб ўтган ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланди.

Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.

Спортчи ва мураббийлар, ота-оналар сўзга чиқиб, юксак ҳурмат ва эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.


 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь