Қисқа сатрларда

Вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари ёш ўқитувчи ҳамда ўқувчилар билан учрашди

Мен ҳали кўп чемпион бўламан! – мингбулоқлик Нурхон Қурбонова шундай қатъий фикрда

Ахсикент – Марказий Осиё тарихи тамаддуни

Хусусий ажримлар низоларнинг олдини олади

Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев вилоятдаги сайловга тайёргарлик ишлари билан танишди

30 October, 2024, 08:41

Технология

Башорат қилиш эмас, мустаҳкам бино қуриш шарт!

  • 04.Июня.2023
  • 770

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2022 йил 30 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлашда муҳим дастуриламал бўлди. Мазкур ҳужжатда ислоҳотларнинг аниқ манзиллилиги таъминланиб, соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва  юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. 

2023 йил 6 февраль куни Туркияда содир бўлган кучли зилзиладан кейинги вайронагарчилик ва ҳалок бўлганларнинг кўплиги дунё афгор оммасини чуқур қайғуга солди. Ва айтиш мумкинки, зарур хулосалар чиқариш учун сабоқ ҳам бўлди. Суҳбатдошимиз Наманган муҳандислик-қурилиш институти ўқитувчиси, техника фанлари номзоди, профессор Закирё БУЗРУКОВ.

– Закирё Саттихўжаевич, зилзила ва зилзилабардош бино ва иншоотлар деган жумлаларнинг мазмунини изоҳлаб берсангиз?

– Президентимизнинг юқорида келтирилган фармони ижроси доирасида 2022 йил  1 октябрдан бошлаб республикамиз ҳудудидаги кўп хонадонли уй-жойларни йиллар кесимида зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.  Ва  хатлов натижасига кўра эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп хонадонли уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янгиларини  қуриш бўйича таклифлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиб борилади.  Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги биноларни   хатловдан ўтказишга масъул  сифатида белгилаб қўйилди.  Бинобарин, сейсмик хавфли ҳудудлардаги бино ва иншоотларнинг ишончлилигини таъминлаш замонавий қурилишнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Кўпинча сейсмик ҳудудларда лойиҳалаш ва қурилиш ишларини олиб боришда ҳудудда тарқалган мавжуд тупроқ турлари ва бошқа айрим ноқулайликлар қурилиш жараёнини  мураккаблаштириб юборади. Энг хавфли вазият  юқори сейсмик фаоллик шароитида юзага келади.

Минтақаларда нима учун зилзилалар қайта-қайта содир бўлишини тушуниш учун ер қобиғи ўзига хос жумбоқлигини ва кўп қисмлардан иборат нисбатан динамик хусусиятга эгалигини ҳисобга олиш лозим.  Яъни  ер қобиғи домий ҳаракатдаги бир нечта континентал плиталардан иборатдир.

– Вайронкор  ер силкинишларини олдиндан башорат қилса бўладими?

– Сейсмик фаол ҳудудлар узоқ вақтдан бери фанга  маълум, аммо зилзила вақтини аниқ башорат қилишнинг  ҳозирча  иложи йўқ. Аммо биз уларга тайёргарлик кўришимиз мумкин. Олимлар орасида кичик ва энг кичик плиталарнинг сони бўйича аниқ фикр йўқ. Бироқ, ушбу плиталарнинг йилига бир неча сантиметр доимий равишда ҳаракатланиши аллақачон исботланган. Бунда улар ё бир-биридан узоқлашади ёки бир-бирига нисбатан ишқаланади ёки бир плита бошқасининг остига тушиб, кучли деформацияланади. Кейин улар устида жойлашган қитъалар ҳаракатлана бошлайди. Булар «тектоник плиталар» деб номланади.

Италия Миллий геофизика ва вулканология институти томонидан аниқланганидек, Туркиядаги табиий офат натижасида литосферада 150 километрлик ёриқ пайдо бўлган ва «Аравия» плитаси «Анатолий» плитаси томон 3 метр жануби-ғарбга силжиган. Мутахассислар Туркиядаги зилзила кучини 500 та атом бомбаси портлаши натижасида вужудга келадиган энергия миқдорига тенг-лаштиришди. Бино ва иншоотлар, бошқа  инфратузилма  объектлари  ҳамда маҳаллий аҳоли учун зилзилада юзага келадиган ҳақиқий хавф сейсмик тўлқинлардир. Буларнинг кучи шикастланишлар даражаси ва қурбонлар сонига боғлиқ бўлиши билан тавсифланади.

– Бундай мислсиз офатнинг зарарини камайтириш учун қандай чоралар кўрилгани афзал?

– Олимларнинг фикрича, ер  силкинишларига нисбатан энг яхши ҳимоя зилзилага нисбатан чидамли бўлган биноларни қуришдир. Уларни барпо этиш усули ва замин сифатида фойдаланиладиган тупроқ қатлами муҳим аҳамиятга эга. Замин қанчалик қаттиқ бўлса, шунча яхши бўлади. Агар у гранитдан иборат бўлса мустаҳкам ҳисобланади. Чўкинди тоғ жинсларидан, масалан, қум ёки лойдан иборат бўлса,  яроқсиз ҳисобланади. «Қуйқаланиш эффекти» деб номланувчи ҳолатни келтириб чиқарувчи юмшоқ тупроқларда сирт ҳаракатининг кучайиши билан боғлиқ салбий ҳолатлар содир бўлиш эҳтимоли юқорироқ. Бунга мисол сифатида оладиган бўлсак, агар қумли  қоришманинг бир жойини қайта-қайта боссангиз, у ерда сув тўпланади,  грунт нотурғун бўлиб қолади. 
Бино ва иншоотларнинг сейсмик чидамлилигини оширишнинг анъанавий усуллари ҳақида гапирадиган бўлсак,  бетонли арматураланган тизимни яратиш, торкрет бетон билан кучайтириш, қўшимча темир-бетон ва металл рамаларни киритиш, углерод ва базальт толалари ёрдамида ташқи арматуралаш асосида мустаҳкамлаш тизимларини яратиш шулар жумласидандир. Энг муҳими, фойдаланилаётган қурилиш материалларининг сифат назоратини  ҳам унутмаслик лозим. 

Туркияда вайрон бўлган бинолар конструкцияларида жиддий нуқсонлар аниқланган. Бетондаги қум ва шағалнинг таркиби меъёрий талабларга жавоб бермаслигини кўрсатди. Маълумки, умумий бетон массасидаги шағал бўлакларининг ўлчами 3 сантиметрдан ошмаслиги керак, лекин баъзи ҳолларда бетон таркибида муштдек катталикдаги тошлар топилган. Албатта, бундай хусусиятларга эга бўлган материалдан фойдаланиш бетоннинг мустаҳкамлигини сезиларли даражада камайтирган ва янги уйларнинг муҳим қисми ҳам сейсмик хавфсизлик талаблари ҳисобга олинмаган ҳолда қурилган.

Биноларнинг зилзилабардошлиги хақида гап кетганда, мутахассислар  қурилиш материаллари муҳим элемент эмаслигини таъкидлайди. Асосийси қурилиш усули ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Тўғри, лойиҳалаштирилган бетон, масалан, зилзилага чидамли бино учун яхши пойдевор бўлиши мумкин. Лекин, агар бинолар нотўғри лойиҳалаштирилган ва қурилган бўлса, унда ҳатто бутунлай бетондан ясалган уй ҳам қулаши мумкин.

Бино тўғри қурилган бўлса ҳам, бирмунча вақт ўтгач, табиий шароитлар таъсирида сейсмик мустаҳкамликнинг етишмаслик ҳолати вужудга келади. Шунинг учун сейсмик  фаол ҳудудларда уйларнинг ҳолатини назорат қилиш тизими яхши ишлаши керак.
Туркиядаги кўплаб эски биноларни қайта тиклаш лойиҳалари бино устига қўшимча қаватлар қуришга қаратилганлиги билан  эътиборни тортади. Бу эса, биноларга таъсир этувчи қўшимча юкни оширди ва натижада уларни сейсмик мустаҳкамлик талабларига жавоб бермайдиган ҳолатга олиб келди. Ҳатто 2000 йиллар бошидаги бош режада ҳам биноларнинг сифати ниҳоятда пастлиги, уларни комплекс реконструкция қилиш зарурлиги айтилган эди. 

– Туркияда кучли  ер силкинишларидан деярли шикастланмаган бинолар ҳам бор экан. Буни нима билан изоҳлаш мумкин?

– Таҳлилларнинг кўрсатишича, Туркия уй-жой бошқармаси (ТУЖБ) томонидан қурилган 133 минг 759 та уйнинг биронтаси  ҳатто зарар кўрмагани маълум бўлди. Чунки мазкур  бинолар зилзилага чидамли сейсмик ҳимояловчи пойдевор устига қурилган бўлиб, барча юк кўтарувчи тизим ана шу қурилма устига барпо қилинган эди. Ушбу ҳолатда зилзила вақтида бинолар ичидаги ёрдамчи конструкцияларга зарар етиши мумкин, аммо ҳеч қандай  қулашлар   содир бўлмайди. Туғруқхона ва болалар шифохонаси полларига ўрнатилган сейсмик изоляторлар туфайли  биноларга ҳеч қандай зарар етмади. Буни қарангки, Хитойда ҳам сейсмик мустаҳкам қурилмаларни қўллаб барпо этилган бинолар замонавий лойиҳалашга асосланган бўлиб, буларнинг  ҳатто осмонўпарлари ҳам сўнгги ўн йилликлардаги қатор жиддий  зилзилалардан шикастланмаган. 

– Мамлакатимизда сейсмик хавфсизликни таъминлаш мақсадида қандай  ислоҳотларни амалга ошириш зарур?

– Республикамизда 1996 йилда ишлаб чиқилган ва  ҳозирда эскирган сейсмик туманлаштириш харитаси мавжуд. Табиийки, келгусида уни қайтадан ўрганиш асосида зудлик билан муайян вазифаларни амалга ошириш зарур. Объектларни ҳудудлар бўйича лойиҳалашда муҳим сейсмик параметрлар аниқлаштирилиб, батафсил туманлаштириш ва микро туманлаштириш ишлари амалга оширилиши лозим. Сейсмиклик жиҳатидан номақбул грунт мавжуд бўлса, ҳудуд балини белгилашда ушбу ҳолатни инобатга олиш лозим.

Бинолар қурилишида муайян кучайтирилган конструкциялар асосида, бикрлик диаф-рагмаси, сейсмик ҳимояловчи таянчлар ва бошқаларни инобатга олиб  лойиҳаланса, улар зилзилага бардош бера олади. Агар ҳисоблаш ишларида хатолик юз берган бўлса, лойиҳалаш  шартлари ҳисобга олинмаган бўлса, бино албатта зилзила пайтида қулаб тушади. Кўп қаватли бинолар унчалик устувор бўлмаганлиги сабабли, катта фазовий тузилмага эга бўлган биноларни лойиҳалашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ривожланган мамлакатларда биноларнинг техник ҳолатини мониторинг қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, бугунги кунда биноларни замонавий назорат қилувчи  мосламалар ишлаб чиқилган. 

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ва сейсмик хавфсизлигини таъминлаш сохаларини ривожлантириш ҳамда соҳа ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш бўйича кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Бугунги кунда бу соҳалардаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳолининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг янги усулларини жорий қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг юқорида келтириб ўтилган фармонига биноан, «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини 2025 йилгача такомиллаштириш концепцияси» ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикасида сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ва сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги режалари белгилаб берилди.
2023 йилдан бошлаб республиканинг сейсмик фаол зоналарида баландлиги 9 қават ёки ундан юқори бўлган бинолар қурилиши ёки танлаб олинган бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш  мақсадида замонавий рақамлаштирилган  асбоб-ускуналар ёрдамида синов ва текширув ўтказиб борилади.  

Сейсмик мустаҳкам бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш йўналишида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Наманган муҳандислик-қурилиш институти ва Фарғона политехника институтида «Бино ва иншоотлар зилзилабардошлиги» таълим мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилди.

Шунингдек, Наманган муҳандислик-қурилиш институтида бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги бўйича техник ҳолатни баҳолаш, актив сейсмик ҳимоялаш усуллари бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришга мўлжалланган «Бино ва иншоотларни сейсмик ҳимоялаш» ўқув-илмий лабораторияси ташкил этиш ишлари давом эттирилмоқда. 2023 йил 1 августга қадар  эса сейсмик фаол зоналарда жойлашган бино ва иншоотлар майдонининг зилзилалар оқибатида деформацияси, силжиши, чўкиши каби омилларни аниқлашга мўлжалланган радиолокацион космик мониторинг тизими яратилиши режалаштирилган.

Келгусида мамлакатимизда сейсмомустаҳкам бино ва иншоотларни барпо этиш мақсадида биноларни мониторинг қилишнинг мукаммал тизимини яратиш, турли асосларга таянган ҳолда ҳудудларни сейсмик фаоллик харитасини ишлаб чиқиш, сейсмик таъсирни камайтиришга мўлжалланган ва тажрибадан ўтган сейсмик ҳимоялаш воситаларини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш, пойдеворларнинг махсус конструкцияларини ишлаб чиқиш, грунт параметрларини ҳисобга олган ҳолда биноларни жойлаштириш (микросейсмик туманлаштириш) масалаларини ҳал қилиш каби тадқиқот ишларини амалга оширишимиз долзарб ҳисобланади. 

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь