Қисқа сатрларда

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

02 May, 2024, 09:54

Технология

Чустлик умидли кимёгар

  • 10.Марта.2023
  • 516

Бугунги ёшларимиз илғор ғоя, ўзига хос лойиҳа ва аниқ мақсадлари билан ташаббус кўрсатиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ана шундай интилувчан замондошларимиздан бири Тошкент кимё-технология институти 3-босқич талабаси, чустлик Маъмуржон Жуманазаровдир.

Варзикда туғилиб, вояга етган Маъмуржоннинг илм-фанга иштиёқи баланд эди. У қишлоқдаги 19-ДИМИни имтиёзли шаҳодатнома билан битиргач, Чуст ижтимоий-иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежини ҳам имтиёзли диплом билан тамомлади. 2020 йилда Тошкент кимё-технология институтининг биотехнология йўналишига талабаликка қабул қилинди.  

Институтнинг 1-босқичида таҳсил олаётганидаёқ Маъмуржон Ўзбекнефтгаз АЖ ҳомийлигида ташкил этилган 2-халқаро илмий-амалий конференцияда «Нефть-газ саноати: инновациялар, замонавий энергетика ва унинг муаммолари», «Сувни тозалашда муқобил энергия, биотехнология ва муқобил ёқилғи соҳасидаги инновацияларнинг тутган ўрни» ва «Сувни тозалашда муқобил энергиянинг тутган ўрни» мавзуларидаги маърузалари билан иштирок этди. 

Кейинчалик республика ва халқаро миқёсда ўтказилган конференцияларда, «Кимёвий технологиялар ва нанотехногиялар – юқори молекуляр бирикмалар кимёси ҳамда органик моддалар ва композицион материаллар йўналишидаги илмий тадқиқотлар: муаммолар ва ечимлар» мавзусидаги 5-халқаро конференция симпозиумида «Биокимё, биотехнология ва муқобил энергияда инновация», «Тиббиёт соҳасида биотехнология», «Осмотик босим ва унинг аҳамияти», «Қуёш энергиясидан фойдаланиш имкониятлари, инновацион қурилмалар» мавзуларидаги маърузалари билан фаол қатнашди. Илмий журналларда йигирмага яқин мақола ва тезислари чоп этилди. 

«Умидли кимёгарлар - 2021» танлови ғолиби Маъмуржон Жуманазаров  мутахассисларга илмий фаолият билан шуғулланаётган ёш олим сифатида тақдимот қилиб берди. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ушбу лойиҳа қўллаб-қувватланиб, инсон саломатлиги, турли экологик ҳамда иқтисодий муаммоларга ечим бўла олиши эътироф этилди. Лойиҳанинг саноат, экология, тиббиёт йўналишларида кластерлар барпо этилишига қаратилганлиги  олимларда катта қизиқиш уйғотди. Гастреэнторологик ҳамда қон-томир касалликларининг табиий дориворлар асосида профилактик ҳамда клиник даволашга йўналтирилгани лойиҳанинг асосий негизидир. 

Ўтган йили сентябрь ойида Маъмуржоннинг ташаббуси билан лойиҳа доирасида Орол денгизига экспедиция уюштирилди. «Йил талабаси-2022» танловида «Йилнинг энг билимдон талабаси» номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилиб, институт талабалар кенгаши раиси этиб сайланди.

Олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион фаолияти бўйича биринчи халқаро форумида қатнашган М. Жуманазаровнинг лойиҳаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ш. Отажоновда қизиқиш уйғотди. Лойиҳа доирасида эришилган ютуқлар долзарблиги, юртимиз фармацевтикаси, атроф-муҳит ва Оролбўйи ҳудудида яшовчи аҳолининг саломатлигига алоҳида эътибор қаратилганлиги эътироф этилди. Оролбўйи ҳудудидан вазирлик қошидаги тегишли 20 сотих ер ажратилиши ҳамда лойиҳани тижоратлаштириш ва молиялаштириш жараёнини тезлаштириш учун керакли топшириқларни масъулларга юклаб, яқин кунларда ушбу лойиҳа доирасида илмий-амалий ишлари учун қўшимча 140 млн. сўм маблағ ажратилди. 

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзоси, ёш олим М. Жуманазаров вазирликнинг «Бўлажак олим» танловида «Орол денгизи ҳудудида чекрез ва қандим ўсимликларининг янги навини яратиш, улардан биологик фаол моддалар ажратиб олиш агротехнологиясини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш» мавзуидаги лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритди ва унинг илмий лойиҳасига 600 000 000 сўм миқдорида маблағ молиялаштирилди.
Лавҳамиз қаҳрамони академик Карим Аҳмедов стипендияси соҳиби ҳисобланади.

Илғор тадқиқотлар илмий марказининг 2023 йил 13 январдаги 03-сонли буйруғига асосан, Маъмуржон Жуманазаров Баҳодир ўғли «Илм-фан ифтихори» эсдалик кўкрак нишони билан тақдирланди. 

– Ушбу хабарни эшитган 75 ёшли бобожоним ва ота-онамнинг кўзларига ёш келди, – дейди у. – Ютуқларга эришишимда албатта, давлатимиз раҳбарининг биз – ёшларга яратиб бераётган  шароитлари муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда ота-онамнинг берган тарбияси, бобомнинг олтиндан қиммат ўгитлари ва устозларимнинг машаққатли меҳнатларини ҳам алоҳида тилга олмоқчиман. Биз ёшлар Ўзбекистон фарзанди эканимиздан фахрланамиз. Президентимиз, устозларим ва ота-онам ишончларини оқлаб, мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш энг олий мақсадим.  

Шоҳида ДАМИНОВА.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь