ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 35155
26 December, 2024, 06:02
Тадбиркор – элга мададкор, деганда кўз ўнгимизда илмли, ишнинг кўзини биладиган ва фаолияти натижасида эл-юртга фойда келтирадиган ҳамда шахсий манфаатдорлигини жамият ва давлат манфаатларига уйғунлаштира олган зукко-ю ҳалол инсонни тушунилади.
Акрамжон Азизовнинг отаси Аҳадхон ака ва онаси Шоҳидахон ая оиладаги беш нафар ўғлини ўқитиб, эл-юрт корига ярайдиган, олий маълумотли инсонлар қилиб тарбиялади. Шулар қаторида Акрамжонни ҳам. У Наманган шаҳридаги 66-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабини битиргач, 2009 йилда Тошкент Давлат шарқшунослик институти талабалари сафидан ўрин олди. Бакалавр дипломини муваффақиятли ҳимоя қилиб, магистратурада билимини оширди. Бешикдан қабргача илм-ирфон излаш иштиёқидаги Акрамжон 2017 йилда Тошкент Давлат иқтисодиёт университети корпоратив бошқарув факультетининг иқтисодий-сиёсат йўналишида иккинчи мутахассислик бўйича ўқиди. Шундан сўнг изланиб ўрганган барча назарий билимларини амалиётда қўллаш ниятида астойдил енг шимарди. Давлат идораларида масъул лавозимларда ишлаб, ташаббускор ходим сифатида танилди ва сиёсий кўникмаларини янада юксалтирди. Бугунги кунда «Фахр нур сервис» масъулияти чекланган жамият директори вазифасида ишламоқда.
– Ёритувчи чироқларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамиз 2007 йилда Наманган шаҳридаги Мингчинор маҳалласидаги Саноатчи кўчасида жойлашган бинода уч кишини ишга жалб қилган ҳолда, ижара асосида фаолиятини бошлаган, – дейди А. Азизов. – Кейинчалик Хитойдан дастгоҳлар келтирилиб, ишлаб чиқариш жараёни жадаллаштирилди. Мўлжалланган дастуримизни амалиётга татбиқ этиб, 2017 йилда Наманган шаҳридаги «Юксалиш» кичик саноат зонасидан ажратилган 40 сотих майдонда қиймати 10 миллиард сўмлик лойиҳани амалга оширдик. Сифатни янада ошириш мақсадида алюминни эритиб, маҳсулот тайёрланадиган замонавий технология ва бошқа зарур жиҳозларни ўрнатдик. Ва қўшимча кўча чироқлари ва прожекторларни харидорларга етказиб бера бошладик. Маълумки, муҳтарам Президентимиз томонидан 2025 йилни – «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» деб эълон қилинди. Бугунги кунда замон талабидаги, муқобил, қуёш энергия-си ҳисобига ишлайдиган, жамоат жойлари, корхона, ташкилот, муассасаларни, хиёбонлар, ички кўчаларни тунда ёритадиган олтмиш турдаги чироқларни ишлаб чиқараётганимиз айни муддаодир. Чунки, қайта тикланувчи энергия манбаси ҳам тежамкорлик, ҳам атроф-муҳит мусаффолиги – «яшиллик» нуқтаи назаридан жуда долзарб аҳамиятга эгалиги кундай равшан. Бир сўз билан айтганда, чўғламали ёритиш воситаларининг даври тугади. Истиқболли режаларни амалга ошираётганда эртанги тараққиётимиз талаблари даражасидаги импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратдик. Бунда албатта, рақобатбардошлик муҳим омил бўлмоқдаки, четдан келтирилаётган турдош маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариб, импорт ҳажмини кескин камайтиришга ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз. Бугун цехларимизда элликдан зиёд ишчи-ходим ва мутахассис астойдил ишлаяпти. Асосий харидорларимиз ички бозор – ўн иккита вилоятда шаклланган бўлса, шунингдек, қўшни Қирғиз ва Тожикистон Республикаларидаги буюртмачилар билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Шу кунларда янги лойиҳа устида иш олиб боряпмиз – Хитойдан янги дастгоҳларни келтириш бўйича шартнома имзоладик. Ички бозорда талаб бўлган электр қути (щит)ларни такомиллаштирилган ҳолатдагисини 2025 йилнинг I чорагидан бошлаб ишлаб чиқарамиз. Умумий ишлаб чиқариш қуввати (барча маҳсулотлар ҳисобига) йилига жами 50 минг донани ташкил қилади. Ва албатта, қўшимча мутахассисларни ҳам ишга жалб қилинади.
Дарвоқе, ташаббускор ва ишбилармон қаҳрамонимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 августдаги Фармойишига биноан «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланди. Унга бу мукофот мамлакат иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик ривожини янги босқичга кўтариш, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш борасидаги катта хизматлари, соҳага илғор инновацион, «яшил» ва рақамли технологияларни жорий этиш, сармоялар ҳажмини кўпайтириш, иш ўринлари яратишга қўшган муносиб ҳиссаси, шунингдек, бизнесда эришаётган салмоқли натижалари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун берилди.
– Мазкур мукофот биргина менга тегишли эмас, – дейди фаол тадбиркор А. Азизов. – Бундай юксак эътирофда шу номга лойиқ вилоятимиздаги, шаҳримиздаги дахлдор мутасаддиларнинг ва идора, ташкилот ҳамда соҳада сидқидилдан меҳнат қилаётган барча ходимларнинг ҳалол меҳнатлари самараси мужассамдир.
Муҳиддин МАҒЗУМОВ.
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти