Қисқа сатрларда

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

Қонунчиликдаги ўзгаришлар бўйича тарғибот тадбири ўтказилди

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

29 April, 2024, 01:43

Технология

Косонсойлик ўқувчи трактор ясаяпти

  • 04.Января.2024
  • 431

Косонсой туманида Жар деб аталувчи маҳалла бор. Вилоятимизнинг барча ерида бўлгани каби бу ерда ҳам меҳнатсевар, ҳар бир кунни ғанимат деб билгувчи, қадрига етгувчи  одамлар умргузаронлик қилиб, юрт равнақи, эл фаровонлиги йўлида яшашмоқда, меҳнат қилишяпти.

Бундай дейишимизнинг сабаби бор, албатта. Коронавирус пандемияси энг юқори чўққига чиқиб, кўпчиликни ваҳима остонасигача олиб бориб қўйган, дунёдаги аксарият давлатларда бўлгани каби юртимизда ҳам карантин эълон қилиниб, одамларнинг юриш-туришларига чеклов ўрнатилган бир пайтда ҳам жарликлар бу қийинчиликлар ўткинчи экани, эрта бўлмаса индинга ёруғ кунлар келишига ишонч билан қарашди.

Умаржон Йўлдошевлар оиласи ҳам мана шундайлар сирасидан бўлиб чиқди. Дарвоқе, аввало бу хонадон ҳақида икки оғиз. Умаржоннинг асл мутахассислиги ўймакор-наққош, ҳозирда қурувчилик касбини ардоқлаб келмоқда. Отаси Абдухалил ака узоқ йиллар колхозда тракторчилик қилган, ҳалол ризқ билан фарзандларини боқиб, вояга етказгани боис Умаржон ҳам фарзандларининг ўқимишли, эл-юрт корига нафи тегадиган инсон бўлишларига катта эътибор қаратяпти. Тўнғич фарзанд Нурмуҳаммад ҳозирда Наманган муҳандислик-технология институти талабаси. Бу оилада вояга етаётган қолган уч фарзанднинг ҳам ўқишга, илм олишга иштиёқи баланд.

Айнан ўша пандемия даврида Умаржоннинг иккинчи ўғли Муҳаммадсодиқнинг интилишлари-ю саъй-ҳаракатлари билан бугун Йўлдошевлар хонадонини бутун Ўзбекистон танийди.

 

– Муҳаммадсодиқ болалигиданоқ ҳамма нарсага ўта қизиқувчан эди, – дейди Умаржон. – Дарсдан бўш пайтлари тракторчи бобосининг ёнидан жилмас, таътил кунлари эса техниканинг маълум бир қисми қандай вазифани бажаришини сўрайвериб, тинчлик бермасди. Карантин сабаб ҳаммамиз уйга «қамалиб» қолганимизда эса у барчамизни анчадан бери ўйлаб юрган орзуси – қулай, ихчам трактор яратишга чорлади. 

Шу тариқа минитрактор тайёр бўлди. Иссиқхоналарда ишлашга мослаб яратилган мазкур техникага дарҳол ҳамқишлоқлардан харидорлар ҳам чиқди ва энди Йўлдошевлар буюртма асосида ишни бошлаб юборишди. 

– Ҳозиргача қирқдан ортиқ трактор ясаб сотдик, – дейди ёш ихтирочи. – Улар ёрдамида боғ ва ток ораларини, иссиқхоналарни шудгорлаш, агат олиш, дори сепиш, ўт ўриш мумкин. Шунингдек, ер ҳайдашда, культивация қилишда, экин экиш ва шунга ўхшаш турли қишлоқ хўжалиги ишларини бажаришда қўл келади. Энг муҳими, мазкур техникаларимизнинг ёқилғи сиғими беш литр ва бу билан икки гектардан ортиқ ерни ҳайдаш мумкин. 

Намангандан чиққан ёш ихтирочининг номи республикагача ёйилди ва у Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги ёшлар академияси кенгашининг 1-сонли қарорига асосан «Бўлажак олим» танловининг ғолиби деб топилди. Шунингдек, Муҳаммадсодиқ Абдухалиловга аъзолик сертификати ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 94 миллион сўм маблағ топширилди. 

Айни пайтда Муҳаммадсодиқ ободонлаштириш ишлари учун беназир ҳисобланган махсус ускуна яратиш устида ишлаяпти. Унинг ёрдамида куз мавсумида ортиқча куч ва вақт сарфламай хазонларни йиғиштириш мумкин бўлади. 

Йўлдошевлар хонадонида вояга етаётган учинчи фарзанд Муҳаммадзоҳир эса кўпроқ робототехника шайдоси. Ким билади дейсиз, яқин кунларда у яратган маҳсулотлар ҳам акасининг минитракторлари каби кўпчиликни лол қолдирар. Буни эса вақт кўрсатади.

Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ.

Косонсой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати суратлари.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь