Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

26 April, 2024, 05:29

Технология

Стартап нима учун керак?

  • 09.Августа.2022
  • 909

Ўзбекистонда бозор муносабатларига ўтиш жараёнида иқтисодиётимизда янги тушунчалар кириб келмоқда. Ана шулардан бири стартапдир. Ҳозирда стартап, стартапер, акселерация каби атамаларни кўп эшитяпмиз. Келинг, уларнинг маъноларини кўриб чиқайлик.

«Стартап» атамаси инглизча startup сўзидан олинган бўлиб, унинг луғавий маъноси «жараённи бошлаш», «ишга тушириш»дир. Мазкур атама илк бор 1939 йили АҚШда юқори технологиялар соҳасидаги ишланмаларга ихтисослашган Санта-Клара водийси (Калифорния)да пайдо бўлган. Ўша вақтда Стенфорд университети талабалари Дэвид Паккард ва Уильям Хьюлеттлар ўзларининг кичик лойиҳасини яратганлар ва уни стартап деб атайдилар. 

Кейинчалик эса мазкур стартап катта ва машҳур Хьюлетт-Паккард (HP) корхонасига айланган. «Стартап эгалари учун қўлланма» («Steve Blank and Bob Dorf. The Startup Owners Manual») китоби муаллифи америкалик тадбиркор Стив Бланк стартапни бизнес модели кенгайишини кўзлаган вақтинчалик тузилма, деб ҳисоблайди. Бир гуруҳ олимлар стартапларни кичик тадбиркорлик субъекти ва фақат юқори таваккалчилик сифатида қабул қилса, бошқа гуруҳ олимлари эса стартаплар ўзининг бизнес моделини кенгайтириш мақсадида инвестиция жалб қилишни мақсад қилган юридик шахслар деб биладилар. Анъанавий бизнесдан фарқли равишда у кам харажат ва инновацион ёндошув асосида бизнеснинг кичик синов моделини яратиш ва синовдан ўтказишга мўлжалланган бизнесдир. 

Стартап – бу бизнеснинг исталган тури, ундаги фарқ бозорга аввал фойдаланилмаган услубда (ўз-ўзидан қонун билан таъқиқланмаган) товарлар ёки хизматлар тақдим этишда ифодаланади.Унинг учун асос – бу ғоя, ижро ва молиялаштиришга кўпайтирилган унинг долзарблиги ва ўзига хослиги. Пировардида бу бизнес лойиҳанинг муваффақиятини таъминлаши мумкин. Масалан, стартаплар ватани бўлмиш АҚШда 24 ёшли  Роб Райнхарт таом ўрнини босадиган ҳамда организм учун барча зарур моддалар – ёғлар, оқсиллар, тузлар, микроэлементлар, углеводларга эга Soylent ичимлигини ўйлаб топган. 

Бугунги кунга келиб стартаплар ахборот технологиялари (IT), тадбиркорлик маҳсулотлари ва хизматлари (Business Products & Services), сунъий интеллект (AI), интернет дастурлар ва хизматлар (Internet Software & Services), мобил дастурлар ва хизматлар (Mobile Software & Services), интернет ашёлари (IoT), электрон тижорат (e-commerce), молия технологияси (Fintech), биотехнологиялар (Biotech), реклама технологияси (Adtech), 3D ҳажмли чоп этиш (3D Printing), логистик ташишлар (Supply chain & Logistics) каби соҳаларда динамик тарзда ўсишга эришмоқда. Ҳозирги пайтга келиб энг машҳур интернет стартаплар сифатида Facebook, видеороликлар базаси – YouTube, фотосуратларни сақлаш хизмати – Flickr, хабарлар алмашинуви платформаси – Twitter кабилар тан олинади.

Стартаплар  бўйича энг юқори тараққиётга эришган давлат АҚШ саналади. Фаолиятини айнан стартап сифатида бошлаган АҚШнинг Facebook, Youtube, Google, Apple компаниялари бугунга келиб катта гигант корпорацияга айланишга улгурдилар. 

Ўзбекистонда ҳам стартапларни яратишга кўмаклашиш учун амалий ҳаракатлар давом этмоқда. Бунда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонида ушбу тизимни ривожлантириш учун қатор ишлар, танловлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, ёшларнинг «Стартап ташаббуслари»ни қўллаб-қувватлаш дастури, IT Park ҳам стартапларни яратиш, акселерация (синовдан ўтказиш)дан ўтказиш ва жорий этишга кўмак бериб келмоқда. Ўзбекистонда ҳозирда «Стартаплар тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниши кутилмоқда.

Қонун лойиҳасида стартап-экотизимни давлат томонидан тартибга солиш, шунингдек, стартапларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, стартап-экотизим субъектлари фаолиятини амалга ошириш, кўмак дастурларида стартапларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш, сертификатланган бизнес-инкубаторлар ва акселераторлар ва стартапларни молиялаштириш ва уларни молиялаштиришда чет эл венчур капиталини жалб қилиш учун қўшимча чора-тадбирлар ҳақида қоидалар ишлаб чиқилган. 

Юртимизда амалга оширилиб келинаётган стартапларга мисоллар:

Bileton.uz – тадбирлар, кино ва театрга патталарни онлайн-сотиш. Ташкилотчилар учун қулай имкониятлар билан тадбирларни тез барпо этиш ва олға силжитиш учун  платформа.

Boomerang.uz – амалий хат-хабарларни курьерлик етказиб бериш технологик хизмати. Истиқболда–интернет-дўконлар учун тезкор етказиб бериш.

Oson.uz – шопинг бўйича шахсий гид. Ўзбекистон дўконларининг товар таклифлари агрегатори.  Дўконлар мижозлари билан персоналлаштирилган иш (лояллик дастури ва ҳ.к.). iBeacon технология ёрдамида савдо марказларида Indoor-навигация.

Rentme.uz – ашёлар прокати бўйича майдон. Бу ерда бекор ётган ашёларни ижарага бериб, ишлаб топиш мумкин.

Straxovka.uz  – онлайн суғурта. Полисни онлайн тарзда харид қилиш имконияти билан Ўзбекистон суғурта компанияларининг таклифлар агрегатори. Полисларни бепул етказиб бериш.

Gifty.uz – асосий вазифалари одамларга оригинал буюмларни танлашда ёрдам бериш ва шу билан бир вақтда қўлда ясалган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари учун сотиш бозорини барпо этишдан иборат сервис.

2019 йил 8 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»да олий таълим муассасалари таркибида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказларни ташкил этиш ҳамда уларни тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ қилиш ва прогнозлаштириш бўйича фаолият олиб боришларини таъминлаш, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига стартап лойиҳалари асосида тижоратлаштириш салоҳияти юқори бўлган янги маҳсулотлар ва техника-технологияларни яратиш орқали олий таълим муассасалари ҳузурида илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш билан шуғулланувчи «spin-off» ва «spin-out» корхоналарини ташкил этиш, академик тадбиркорликни ривожлантириш белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб олий таълим муассасалари, жумладан, Наманган муҳандислик-қурилиш институтида ҳам IT марказ, бизнес акселерация маркази ташкил этилган. Стартап ғоялари бор бўлган талабаларни қўллаб-қувватлаш учун танловлар ташкил этилмоқда.

Нигорахон АБДУЛЛАЖОНОВА,
Наманган муҳандислик-қурилиш институти ўқитувчиси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь