Қисқа сатрларда

Ўзбекистон Президенти «Coca Cola» компаниясининг истиқболли лойиҳаларини қўллаб-қувватлади

Наманганда ноутбук ва планшет ишлаб чиқарилади

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

16 May, 2024, 03:48

Технология

Ўлчаш мезони – сифат қўрғони

  • 05.Марта.2022
  • 831

Одам дунёга келибоқ ўлчашлар объектига айланади. Янги туғилган жамият аъзоси – чақалоқнинг вазни, бўйи ва тана ҳарорати албатта, ўлчанади. Шунингдек, тарози, соат, линейка, термометр, ҳисоблагич ва бошқа ўлчаш воситалари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Қадимда ўлчовлар тахминий ва содда бўлиб, бунинг учун оёқ, қўл, бармоқ, тирсак узунлигидан фойдаланилган.
Инсоният ривожланиб, иш қуролларини ва яшаш тарзини янада такомиллаштирди. Моддий бўлмаган ўлчовлар билан ишлаш ноқулайлиги ва индивидуаллиги туфайли, уни моддийлаштириш йўлларини ахтарди, изланди. Шу тариқа турли ўлчаш бирликлари ихтиро қилинди, шакллантирилди.
Мозийга назар ташлайдиган бўлсак, Марказий Осиёда ҳам ўлчовлар ва уларнинг турғунлигини сақлаш, ўлчаш қоидаларига қатъий риоя этиш масалаларига жиддий эътибор берилган. Мос равишда назорат ишлари энг юқори амалдорлар томонидан амалга оширилган. Масалан, Ислом таълимотида тўғри ўлчаш, яъни харидор ҳақидан уриб қолмаслик масалаларига жуда жиддий қаралган. Бу борада халқимиз манавиятига сингдирилган: «харидорнинг ҳақи етти пуштига уради», «тарозидан уриб қолувчининг жойи дўзахнинг энг тубида бўлади», «харидор ҳақига хиёнат қилувчи Аллоҳнинг биринчи душманларидандир» каби иборалар, огоҳлантиришлар масаланинг нечоғли нозиклигига яққол далилдир. Бинобарин, тарихий манбаларда давлатлар орасида урушларнинг келиб чиқишида баъзан ўлчашлардаги келишмовчилик ҳам сабаб бўлганлигига доир   маълумотлар келтирилган.
Вақт ўтиши билан савдо-сотиқ ва ўзаро иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши мобайнида ўлчовларга аниқлик киритиш, янгиларини жорий қилиш, ўзаро солиштириш ва қиёслаш усулларининг  аввалгисига нисбатан мукаммалроқ ўлчаш бирликлари шаклланди.  Олимлар томонидан метрик тизим 1875 йил 20 майда Парижда 20 та мамлакат вакилларининг конференциясида қабул қилинди ва Метрик Конвенцияси номини олди. Мазкур Конвенция метрология бўйича илмий фаолият кўрсатувчи биринчи халқаро келишув ҳисобланади. Бу муҳим  ҳужжат  метрик эталонларни сақлаш ва текшириш учун илмий муассаса сифатида ўлчовлар ҳамда  тарозилар халқаро бюросини ҳам таъсис этади.
1923 йил 18 апрелда Туркистон Республикаси СНК қарори бўйича «Ўлчовлар ва тарозилар тўғрисида Низом» тасдиқланди ва ички савдони йўлга қўйиш бўйича қўмита ҳузурида ўлчовлар,  тарозиларнинг Туркистон бюроси тузилди.
Бугунги кунда метрология соҳаси тез ривожланмоқда. Чунки саноатнинг ривожланиши, замон талабларининг бажарилиши бевосита  назорат-ўлчаш асбобларига боғлиқдир. Яқин тарихда Ўзбекистонга асосан хомашё етказиб берадиган мамлакат сифатида қаралар эди. Бунга сабаб, юртимизда ишлаб чиқарилган ялпи ички маҳсулотнинг 70-80 фоизини  хомашё ташкил этган. 
Ўзбекистон Республикасида ягона ўлчовлар бирлигини таъминловчи ваколатли орган этиб «Ўзбекистон миллий метрология институти» давлат муассасаси белгиланган. Институтнинг Наманган филиалида 26 нафар малакали ходим  аҳолига метрологик хизмат кўрсатмоқда. 2021 йилда жами 42234 дона ўлчаш воситаси метрологик текширувдан, 112 та корхона ва ташкилотнинг 813 дона ўлчаш воситаси эса логистик хизмат орқали метрологик текширувдан ўтказилди. 
Муассасамизда халқаро стандартлар асосида хизматлар сифатини ошириш юзасидан  бир қатор ишлар амалга оширилди. Якунланган йилда 11 нафар ходим 7 та йўналиш бўйича Стандартлар институтида малакасини оширди.  2022 йилда 3 та йўналиш -  босим, ҳарорат ва масса бўйича ўлчаш воситаларини калибрлаш ишларини ташкил этиш режалаштирилган.
Республикамизда тадбиркорлик субъектларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва кўрсатилаётган хизматларнинг  рақобатбардошлигини таъминлаш бевосита  назорат-ўлчаш асбобларига боғлиқ. Шундай экан, барча тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ўлчаш воситаларини белгиланган муддатларда  даврий текширувдан ўтказишга алоҳида масъулият билан ёндошса мақсадга мувофиқ бўлади. Ахир бундан ҳам тадбиркор, ҳам харидор манфаатдор. Зеро, ўлчашлар бирлилигини таъминлаш метрологиянинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. 

Умархон ОБИДШОЕВ,
«Ўзбекистон миллий метрология институти» давлат муассасаси Наманган филиали етакчи мутахассиси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь