Қисқа сатрларда

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ислоҳотлар юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинди

Президент Фармони билан 426 нафар шахс афв этилди

Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Хорижда ишловчиларга «ишчи виза»ни расмийлаштириш учун компенсация берилади

«Наврўз» маҳалласида замонавий хизмат кўрсатиш маркази фойдаланишга топширилди

18 April, 2024, 02:07

Технология

Ўзбекистон минтақавий IT марказига айлантирилади

  • 14.Апреля.2022
  • 609

Жорий йил 14 апрель куни Президент ҳузурида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг фаолияти ва 2022 йилдаги режалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

– Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги нафақат ўз таркибидаги корхоналар билан, балки барча тармоқ ва ҳудудларда рақамлаштириш ва ахборот технологиялари билан бевосита шуғулланиши шарт, – деди Президент.

Эндиликда вазирлик раҳбарияти ҳар ҳафта туманга, қишлоққа, маҳаллага, корхоналарга бориб, жойлардаги муаммоларни ўрганади ва ҳал этиб боради.

Ҳар бир вазирлик, идора ва ҳокимларнинг ITга масъул ўринбосари АКТ вазирига бўйсунади, уларнинг иши ҳар чоракда аниқ натижаларга қараб баҳоланади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонни минтақавий IT марказига айлантириш вазифасини қўйди. Бунинг учун:

– IT экспортини йил якунига қадар камида 100 миллион долларга етказиш;

– ички IT хизматлари ҳажмини йилига камида 50 фоизга ўсишини таъминлаш;

– жорий йилда қолган 6 та ҳудудда ҳам IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва малакали кадрлар таъминлаш, қолганларида камида 20 тадан компаниялар фаолиятини йўлга қўйиш ва 5 минг нафар ёшларни юқори даромадли иш билан таъминлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда биринчи ярим йилликда 6 та (Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, Жиззах, Сирдарё, Фарғона, Наманган), йил якунигача яна 8 та масофавий хизматлар марказини ташкил қилиб, хориждан буюртмалар олишни йўлга қўйиш топширилди.

Жаҳон IT бозорига чиққан камида 30 та йирик компанияларни мамлакатимизда фаолиятини йўлга қўйиш муҳимлиги айтилди.

Энг оғир ҳудудлар – Қорақалпоғистон, Андижон ва Сурхондарёда ахборот технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Икки ой муддатда хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий лойиҳалар орқали 1 минг нафар ёшларнинг IT-паркларда малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Йил бошидан хориждан 3 мингга яқин IT мутахассислар келган бўлиб, уларнинг асосий қисми шу ерда узоқ муддат қолиб ишлашни режа қилганлиги таъкидланди.

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурини амалга оширишни қатъий назорат қилиб боришга кўрсатма берилди.

Ҳозирги лойиҳаларни амалга ошириш муддатлари етарли даражада эмаслиги, АКТ вазирлигига бу борадаги иш услуби ва ёндашувларни ўзгартириш орқали:

– бир ой муддатда ҳамма вазирлик ва ҳудудлар билан лойиҳа режаларини қайта кўриб чиқиш;

–йил якунига қадар жами 404 та ҳудудий, 133 та тармоқ лойиҳаларни ишга тушириш топширилди.

Шунингдек, биринчи ярим йилликда 30 та, йил якунигача 40 та давлат хизматларини ягона порталга киритиш вазифаси қўйилди. Порталдаги хизматлар сони 376 тага етади.

Йил якунигача пенсияга ариза бериш, шахсий гувоҳнома олиш, суғурталаш каби 50 та хизматнинг мобиль иловаси яратилиб, уларнинг сони 150 тага етказилади.

Шу орқали давлат хизматидан онлайн фойдаланувчилар сони ҳозирги 1,5 миллиондан камида 4 миллионга етказилади.

Давлатимиз раҳбари телекоммуникация тармоғини кенгайтириш йўналишида ҳам қатор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, йил якунига қадар:

- 6 минг 800 та янги мобиль станцияни ўрнатиш ва 80 та олис қишлоқни алоқа тизимига улаш (яна 38 та қишлоқ 2023 йилда уланади);

- қўшимча 800 минг хонадонни юқори тезликдаги интернетга улаш; 

- республика бўйича оптик толали алоқа қамровини 80 фоизга етказиш;

- 60 фоиз магистрал йўлларни мобиль интернет билан таъминлаш топширилди.

Энг муҳими, 1 сентябрга қадар Тошкент вилоятида республикада илк бор юқори қувватли Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази ишга туширилади. 

Шунингдек:

- биринчи ярим йилликда 100 миллион, йил якунигача 300 миллион доллар инвестицияни ўзлаштириш;

- икки ой муддатда Абу Даби фонди билан “Ўзбекистон почтаси”ни трансформация қилиш режасини ишлаб чиқиб, киритиш вазифаси қўйилди.

Президент “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясини трансформация қилиш масаласига тўхталди. 

– Ўзбектелеком” жаҳоннинг нуфузли алоқа компанияларига ўхшаб, давлатга юқори даромад келтирувчи, сифатли хизматларни экспорт қилувчи, юқори технологик, даромадли ва намунали компания бўлиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Жорий йилда компаниянинг  операцион харажатлари ва таннархини 15 фоизга қисқартириш, июль ойида халқаро рейтинг олишини таъминлаш ва келгуси йил мартда компанияни IPOга чиқариш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда ҳозирги мураккаб вазиятда киберхавфсизлик масаласига эътиборни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Жорий йил биринчи чоракнинг ўзида ахборот тизимларига четдан 200 тадан ортиқ киберҳужум уюштирилган.

– Шунинг учун бугун киберхавфсизлик тўғрисида Қонунни имзоладим. Бу янги қонун ҳозирги замон таҳдидларига қарши курашиш учун ҳуқуқий асос бўлади, – деди Президент.

Йиғилишда барча вазирлик ва идоралар ахборот тизимларининг хавфсизлик даражасини ўрганишга кўрсатма берилди.

Бунда, биринчи ярим йилликда давлат идораларидаги 50 та, йил якунига қадар яна 120 та ахборот тизимлари танқидий кўриб чиқилади.

Ахборот хавфсизлигига эътиборсиз бўлаётган раҳбарлар масъулияти кўриб борилади. 

Соҳада илм-фан ва таълимни ривожлантириш устувор вазифа бўлиши кераклиги, бугунги кунда иқтисодиётни рақамлаштириш учун камида яна 12 минг нафар юқори малакали мутахассисларга талаб борлиги таъкидланди. 

АКТ вазирлигига икки ой муддатда Ахборот технологиялари университетини таянч илм-фан ва таълим кластерига айлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди. 

Замонавий “IT-парк” университетини ташкил этиш, Жиззахда 2-босқич талабаларини асосий мутахассислиги билан бирга қўшма таълим дастурлари орқали IT фанларига чуқур ўргатиш бўйича қарор лойиҳаларини киритиш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш якунида вазирлик раҳбарияти муҳокама қилинган масалалар юзасидан ахборот берди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь