Қисқа сатрларда

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

Помидордаги вирус касаллигини биласизми?

01 May, 2024, 05:52

ИНСОН ЎЗ ШАХСИНИ ҚАНДАЙ ТОПАДИ?

  • 14.Мая.2020
  • 6546

Тажрибали психолог, оила ва болалар руҳияти бўйича мутахассис, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси Шоира ИСАҚОВА билан суҳбат

 

Коинот гултожи инсондир азал,
Ундадир энг олий тафаккур амал.
У ҳатто тубанлик ичра ҳам танҳо,
Ё, фалак, ижодинг бунча мукаммал.

Шоир Абдулла Ориповнинг ушбу сатрларини ҳар гал ўқиганимда инсоннинг ички дунёси, ҳиссиётларининг мураккаб жараёнлари ҳақида ўйлайман. Яхшиямки, психология фани бор, психолог мутахассислар бор.
Инсон ўзини, ўзлигини англаши учун қайси йўлдан бормоғи керак? Шахс билан боғлиқ муаммолар  инсон руҳиятининг англаб етилмаганида эмасми?  
Хуллас, суҳбатимиз худди шу мавзуда. 

 

– Шоира опа,  жамиятимиздаги кескин ўзгаришлар, тараққиёт жараёнлари замондошларимиз руҳиятига ҳам таъсир ўтказмоқда. Бу ҳолатлар ўз-ўзидан жамиятда психологларга нисбатан   эҳтиёжни кескин ошириб юборди. 


– Психологиянинг ривожланиши Ўзбекистонда  охирги ўн йилликларда жадаллашди. Бу ривожланишни дунёқарашнинг ўзгариши билан боғлаш мумкин. Шуни унутмаслигимиз керакки, XXI асрнинг ўзига хос психологияси бор. Интернетнинг ҳаётимиздан ўрин олгани, ахборотнинг кўпайганлиги туфайли мия фаолияти янаям жадалроқ ишлашига тўғри келади. Турли хил ахборот оқимларига ҳали тайёр эмаслигимизга қарамай улар онгимизни эгаллаб олишга улгурди. 
Чет элда психологиянинг 300 дан ортиқ соҳаси иш олиб бораётган бўлса, Ўзбекистонда ҳам кўплаб соҳаларга психологик хизматлар кириб келди. Мактабгача таълимдан бошлаб олий таълимгача психологлар фаолият олиб боради. Тиббиёт муассасалари, мудофаа, ички ишлар, прокуратура соҳаларида психологик хизматлар йўлга қўйилган. Психолог-лар нафақат таълим тизимида, балки,  «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказларида ҳам фаолият олиб бормоқда. 
Психология шахс руҳиятидаги бўшлиқни аниқлаб, уни тўлдиришга ҳаракат қилади. Жамият ривожи учун психологиянинг аҳамияти шу қадар каттаки, психология фақат муаммоларни ўрганибгина қолмасдан, шахсни ўз қобилиятига ишонтириш, олға ундаш (мотивация)га хизмат қилади.
Ўзбекистон психологлар ассоциацияси аъзоси сифатида маълум вақт Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар бўлимини бошқарганман. Ўн йиллик фаолиятим давомида психологиянинг тарғиботига кенг ўрин ажратилган. Учта республика конференцияси, иккита катта форум, семинарлар, симпозиумлар ўтказилиб, кенг аҳолига психолог ким, у қандай вазифани бажаради, қайси пайтда психологга мурожаат қилиш керак, деган саволларга жавоб бериш мақсадида катта аудиторияни жалб қилиб, учрашувлар ўтказганмиз. 

 

– Профессионализм ҳар бир соҳани ривожланиш босқичига олиб чиқади.  Сизнингча, бугунги давр профессионал психологи қандай бўлиши керак? 
 

– Биринчи навбатда психолог назарий билимларни амалиётда қўллай олишни пухта ўзлаштирган бўлиши керак. Чунки, билим амалиётда қўлланмаса, профессионализмга эришиб бўлмайди. Амалиётчи психолог бўлганим учун китобда ёзилмаган янгиликларни ҳам кузатиб бораман. Ўз касбини  яхши кўрган, одамларнинг руҳияти, қалби билан боғлиқ муаммоларни ечишга ёрдам берадиган, уларни ўзига ишонтира оладиган, тўғри йўлга бошлайдиган ва ўзлигини топишга ёрдам берадиган  психологгина олдига қўйган мақсадига эриша олади деб ўйлайман. 
Жамиятда психологлар сафи кенгайиб бормоқда, лекин уларнинг барчасини ҳам профессионал деб бўлмайди. Чунки, психолог якка тартибда ишлашни психологик методика-диагностикаларни тўғри ишлата билиши даркор. Ёки шахснинг муаммоларига психологик ёндошувларни билиш керак. Ва албатта, психологнинг билим,  кўникма ва малакаси, шахсий ҳаётий тажрибаси билан боғлиқ. 
Албатта, профессионал психологга қўйиладиган талаблар бор. Сир сақлай олиш, вазиятга тўғри баҳо бериш, муаммоли вазиятдан чиқишда методикаларни танлай билиш, унга тўғри ёндошувларни кўрсатиш муаммонинг ечимини топишда ёрдамчи-кўмакчи бўла олади. 


– Умумтаълим мактабларида психологлар  зиммасида масъулиятли вазифалар кўп. Минглаб ўқувчилар билан ишлаш осон эмас, боз устига уларнинг ҳужжатларини тўлдириш билан боғлиқ муаммолар ҳам бор. Бу соҳадаги муаммоларнинг ечими нимада деб ўйлайсиз? Психологларнинг яхши фаолият олиб бориши учун қандай шарт-шароитлар яратиб бериш керак?


– Аввало, мактабдаги психологларни ортиқча қоғозбозликдан қутқариш керак. Дейлик, психолог 40 ўқувчи таълим оладиган синфга кириб, гуруҳий диагностика ўтказди. Синфдаги ўн болада оилавий, ҳиссий-эмоционал ҳолатида, ўртоқлари билан муносабатида муаммо чиқиши мумкин. Аниқланган ҳолатларни бартараф этиш учун қандай ҳаракатлар қилинади? Психокоррекция айнан бартараф этиш бўйича ишлайди. Психолог ушбу ҳолатлар ҳақида ахборотларни тўлдириш билан боғлиқ ишларга эътибор қаратади-да, болаларнинг ҳар бири билан якка тартибда ишлашга вақти етмайди. Афсуски, ҳар бир қилинган иш учун ҳужжат тўлдирилмаса, психолог фаолияти яхши баҳоланмайди. Айрим мактабларда психологлар қўполроқ қилиб айтганда директорларнинг югурдагига айланиб қолган. Психолог йиғилишга бориши керак ёки раҳбар томонидан айтилган, ўзига алоқаси бўлмаган ишни ҳам бажаришга мажбур. 
Психолог доим ўқувчи ёнида бўлиши керак. Болалар ўзини қийнаётган ҳар қандай муаммо билан – оиладаги зиддиятлар бўладими, фанларни ўзлаштира олмаслик, руҳий стрессларми психологга тортинмай айта олиши керак.
Мактабларда психологлар томонидан олинаётган тестлар ҳам улар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳар бир олинган тестни таҳлил қилишга ҳам вақт етмайди, ҳам жисмонан улгуриб бўлмайди. Ҳужжатбозлик учунгина қилинаётган бу ишлар психологларни ишдан ҳам бездиради. 
Психологнинг бир бола билан гаплашиши учун камида  40-45 дақиқа вақти кетади. Кун давомида эса 8-10 ўқувчи билан гаплаша олиши мумкин. Энди ҳар кунги ҳужжат тўлдиришга сарфлайдиган вақтини ҳисоблайдиган бўлсак... муаммо янада ойдинлашади. Мактабларда психолог штати  кўпайтирилди, лекин бу ҳали етарли, дегани эмас. 
Мактабларда психологларнинг жуда кўпи номутахассис, яна кўпчилиги қайта тайёрловдан ўтиб олишган. Тўрт йил психологияни ўқиб-ўрганган мутахассис билан тўрт ойлик ўқув курсини битирган, умуман бошқа соҳадан келиб қолган психологнинг фарқи бор. У шахснинг психотипини, мойилликларини, майлларини ажратиб бера олмайди. Психосаматикани, патопсихологияни, клиник психологияни ўқиган бўлиши керак. 


– Кўп кузатяпмиз, аксар замондошларимиз тушкун кайфиятда, асабий... Сабабини суриштирсангиз, етишмовчилик ҳам эмас... Стресс ҳолатларни техника асри билан боғлашга уринишяпти.


– Бу ерда гап техника асри ҳақида эмас, шахснинг ўзини ўзи бошқариши ҳақида кетяпти. Агар инсон ўзини яхши англаган, ҳиссий-эмоционал ҳолатини назорат қила оладиган, мақсадларини тўғри қўйган ва унга етишиш учун астойдил ҳаракатда бўлса, унда ҳеч қачон тушкунлик кайфияти бўлмайди. Ҳар қандай шароитда ҳам иродали, шижоатли одамлар олдинга қараб интиладилар. Тушкунлик кайфиятидаги кишиларни кузатсангиз, улар ҳар қандай кичик муаммони ҳам катталаштириб  юборишади, беҳудага асабийлашишади. Чунки, бу тоифадаги шахслар ўзига берилган ҳаёт имко-ниятидан тўғри фойдалана олмайдилар.  Инсон ўзини янгитдан шакллантириш тўғрисида ҳам бош қотириши керак, деб ўйлайман. 
Биз мижозга айтамиз. «Ўзингизга савол беринг. Мен кимман? Нима учун яшаяпман? Қандай заиф томонларим бор? Нима қилсам ҳаётим яхшиланади? Атрофимдаги инсонлар учун қандай  ёрдам бера олишим мумкин? Ўзимдаги қайси нуқсонларни ўзгартиришим керак? Ўзимдан нима истаяпман?»  У ана шу саволларни ўзига бериши билан ҳаётга шунчаки келмаганини, олдида улкан вазифалар турганини англайди. Мана шу англаш унда фикрлашни, фикрлаш эса олдида турган вазифаларнинг ечимига олиб боради. 


– Сабабсиз тушкунликдан қутулиш учун қандай маслаҳат бера олган бўлардингиз? 


– Олдингизга келган мижознинг ҳаётини таҳлил қилсангиз, ўша одам ўзини тўлиқ намоён этолмаётган, ўзининг имкониятларини кўрсатолмаётган бўлади. Демак, у шахсий «мен»ини топа олмаяпти. Тушкун одамларда мақсадлар йўқ, ҳаётга бефарқ. Доимо ташқаридан эътибор кутадиган одамлар борки, улар ҳар бир қилган иши учун рағбатлантирилиб туришни хоҳлайди. 
Руҳият ўз-ўзидан руҳлантирилишга муҳтож. Руҳиятдаги бўшлиқни тўлдириш учун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Руҳий тарбия», Имом Ғаззолийнинг «Мукошафатул қулуб» асарларини ўқишни тавсия қилган бўлар эдим. Ҳар бир инсон ўзининг қалб кашфиёти  руҳиятининг тарбияси билан ишласа ва уни шакл-лантира олса, ўз руҳиятига барча яхши фазилатларни сингдира олса, унинг руҳиятида ҳеч қандай тушкунлик бўлмайди. Ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам хотиржам онг, ақл ва тафаккур билан ўзини бошқара олади. 


– Статистик маълумотларга кўра, кейинги пайтларда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Бу мактаб ўқувчилари орасида учраётгани ачинарли. Бунда айб кўпроқ психологларга тақалиб қолмоқда. Суициднинг олдини олиш учун ўқитувчилар ва ота-оналар нималарга эътибор қаратишлари керак?


– Фаолиятим давомида суицид тўғрисида жуда кўп маълумотлар берганман. Болаларга суицид ҳақида ахборот бергандан сўнг ундан чиқиш йўлларини ҳам кўрсатиб беришимиз керак. Суицид ҳақида очиқ мулоқотлар бўлганда психолог сифатида бунга қарши чиққанман. Чунки, мулоқотлардан сўнг суициднинг ортганини кузатганмиз. Бундан келиб чиқадики, суицид ҳақида камроқ тарғибот қилишимиз керак. Чунки ҳар бир ахборот маълумот сифатида мия нейронларида ишлаб, руҳиятни эгаллайди. Мактаблардаги психологлар суицидга мойилликни аниқлаб бера олмайдилар. Уни аниқлаш учун суицидолог, психотерапевт жалб этилиши керак. Прокуратура айнан бу борада психологларга талаб қўйиши нотўғри. 
Суицид инсоннинг ўз ҳаётига мослаша олмаслигидир. Яъни, у ўзида бўлаётган кечинмаларни ҳазм қила олмайди. Уни келтириб чиқарувчи юзлаб омилларни санаб ўтишимиз мумкин. Генетикадаги муаммолар, ахборот билан боғлиқ муаммолар, оиладаги носоғлом муҳит, руҳий мувозанатнинг бузилиши, ҳиссиётларига муносабати, ички оламида бўлаётган ғалаёнларни назорат қила олмаслик...
Ота-оналардан нима талаб қилинади? Бугунги кунда болалар психологиясини, ўсмирлик даврининг ўзига хос инқирозли вазиятлари ҳақида маълумот ва билимларга эга бўлишларини жудаям хоҳлар эдим. Сабаби, маълумотга эга ота-она ҳеч бўлмаганда боласини урмайди, ички кечинмаларини тўғри тушунади, тўғри қабул қилади. Менталитетимизда боланинг шахсий «мен»ини синдиришга уриниш, танқид қилиш жуда кучли. 
Бугунги даврда ҳар бир ота-она ва педагог руҳият билан боғлиқ билимларнинг ҳеч бўлмаганда 10 фоизини эгаллаган бўлиши керак.  Ҳар бир боланинг ўз дунёқараши, руҳияти, кайфияти, ҳолати, ҳиссиёти, темпераменти мавжуд. Шунга кўра ҳар бир болага ёндашувда ана шу жиҳатларга эътибор қаратиш керак. Таълим билан руҳий тарбия ҳам ёнма-ён ўсади, бола  кунининг  8 соатини мактабда ўтказади. Ўқитувчи синф хонасига кириб келганда боланинг кайфиятидаги ўзгаришларни сеза олиши керак. 


– Оила ва болалар психологи сифатида ўқувчини оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласи ҳақида ҳам фикрингизни билмоқчиман.


– Ҳар бир оиланинг яратилиш тарихи бор. Мирзо Бедил «Агар ғиштни қийшиқ қўйса меъмор, Юлдузга етса ҳам қулар бу девор» деб бежиз айтмаган. Ҳозир насиҳат ҳеч кимга ёқмайди, лекин айрим эслатмаларни айтиб ўтиш жоиз. Йигит ёки қизни оилага тайёрлаш ота-она томонидан тарбия орқали бериб борилади.  Оила қургандан кейин масъулиятни кўпроқ катталар зиммасига олишлари ҳам керак. Ахир бир инсоннинг бошқа муҳитга мослашиши учун йиллар керак бўлади. Кенглик, кечиримлиликда  айниқса, қайноналар ибрат бўлишлари керак. 


– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА суҳбатлашди.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь