Қисқа сатрларда

Анъанавий «Гуллар фестивали» ўтказилиш санаси маълум қилинди

Яшил ҳудудлар ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди

Пиллачилик: Норинда ҳосил учун илк қадам ташланди

Вилоят раҳбари "Янги Ўзбекистон" боғи қурилиши билан танишди

Наманган халқаро аэропорти имкониятлари кенгайтирилади

29 March, 2024, 06:08

Ҳужжатлар

БОЛАЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЖАМОАТ ФОНДИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

  • 05.Октября.2021
  • 714

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини, чин етимларни, оғир касалликка чалинган ва ногиронлиги бўлган болаларни даволаш, уларнинг таълим олишини, уй-жой билан таъминланишини ҳамда касб эгаллашларини қўллаб-қувватлаш мақсадида:

1. Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини (кейинги ўринларда – Болалар жамоат фонди) ташкил этиш ва унга муассислик қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Болалар жамоат фондининг энг муҳим вазифалари этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этиш ва молиялаштириш;

болаларнинг ҳаёти учун хавф солувчи оғир, сурункали ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва уларни республикада ёки зарур ҳолларда хорижий давлатларда даволаш учун тиббий, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча механизмларини жорий этиш;

эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болаларни бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминлаш;

жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни таълим олишларида кўмаклашиш, шу жумладан, махсус ўқув адабиётлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш;

ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш ва уларни уй шароитида ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар билан таъминлаш;

оғир ташхисли касалликлари бўлган болаларни парвариш қилаётган кам таъминланган оилаларни ҳомийликка олиш;

ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир, шу жумладан, уларга юқори технологик ихтисослашган реабилитацион тадбирларни ташкил этиш ва молиялаштириш.

3. Қуйидагилар:

Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Васийлик кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;

Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Васийлик кенгашининг ёрдамчи органи сифатида Экспертлар гуруҳи таркиби 2-иловага мувофиқ;

Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижро дирекциясининг бошқарув ходимлари чекланган сони 10 нафар бўлган тузилмаси 3-иловага мувофиқ;

Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижро дирекцияси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик ёрдамларини олиш бўйича мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш схемаси 4-иловага мувофиқ маъқуллансин.

4. Маълумот учун қабул қилинсинки:

Болалар жамоат фонди бошқарувининг юқори органи унинг муассислари умумий йиғилиши ҳисобланиб, ушбу йиғилиш ҳар йили камида бир марта ўтказилади;

Болалар жамоат фондининг Васийлик кенгаши Болалар жамоат фонди бошқарувининг умумий йиғилишлари оралиғидаги раҳбар органидир;

Болалар жамоат фонди ижрочи директори лавозимга Болалар жамоат фондининг Васийлик кенгаши томонидан муассислар умумий йиғилиши тақдимномасига мувофиқ тайинланади ва лавозимидан озод қилинади;

Болалар жамоат фонди ижро дирекциясининг штат бирликларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар унинг шакллантирилган маблағлари ҳисобидан қоплаб борилади.

5. Болалар жамоат фондининг асосий пул маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

Давлат бюджети ҳисобидан 2021-2022 йилларда маблағларни амалда ўзлаштирилишига қараб 100 миллиард сўм миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;

давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар, чет давлатлар ажратадиган грантлар;

краудфандинг механизмлари орқали келиб тушган маблағлар;

вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Молия вазирлиги (Т.Ишметов) Болалар жамоат фонди Васийлик кенгашининг (Б.Мусаев) асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ Болалар жамоат фондининг асосий вазифаларини амалга ошириш учун зарур маблағларнинг Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминласин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

Болалар жамоат фондига ҳомийлик қилинган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритилади;

Болалар жамоат фонди солиқларнинг барча турларидан озод этилади (ижтимоий солиқ бундан мустасно).

7. Белгилансинки, 2024 йил 1 январга қадар даволанишга муҳтож бўлган болалар учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Болалар жамоат фонди томонидан олиб келинадиган дори воситалари, тиббиёт ускуналари ва протезлаш воситалари божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

8. Болалар жамоат фондига:

ўз маблағларини олувчилар кесимида, шу жумладан, уларнинг шахсини очиқламаган ҳолда ёши, жинси, ижтимоий ҳолати ҳамда молиялаштириш манбаи кесимида, шунингдек, Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳисобот ойининг якуни билан кейинги ойнинг 25-санасига қадар расмий веб-сайтига жойлаштириб бориш;

ўз маблағлари харажатлари масалаларини муҳокама қилишга жамоатчиликни жалб этиш;

фаолиятининг аудиторлик текшируви натижалари ҳисоботини кенг жамоатчиликка, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва бошқа ташкилотларга тақдим этиб бориш тавсия этилсин.

9. Болалар жамоат фонди Васийлик кенгаши (Б.Мусаев):

а) 2021 йил 20 октябрга қадар Болалар жамоат фонди ижро дирекциясини юқори малакали кадрлар билан тўлдириш ҳамда Болалар жамоат фонди уставини тасдиқлаш чораларини кўрсин;

б) 2021 йил 15 ноябрга қадар манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда кенг жамоатчилик фикрини ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи “Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилишини таъминласин:

Болалар жамоат фондининг мақоми, фаолияти кафолатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

Болалар жамоат фондининг давлат органлари ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги;

Болалар жамоат фонди фаолиятини молиявий таъминлаш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби;

Болалар жамоат фондига ҳомийлик қилган шахсларга имтиёз ва преференциялар бериш ҳамда унинг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш тартиби;

в) 2021 йил 1 декабрга қадар Болалар жамоат фонди ҳисобидан унинг платформаси ва ягона электрон базаси фаолиятини йўлга қўйсин ҳамда Болалар жамоат фонди фаолияти тўғрисидаги батафсил маълумотларнинг платформада жойлаштириб борилишини ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этилишини таъминласин.

10. Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.Артикходжаев) Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ортиқов) билан биргаликда бир ой муддатда Болалар жамоат фондини текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида унинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун зарур шароитларга эга бўлган мақбул бинога жойлаштирсин.

11. Ёшлар ишлари агентлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.М. Хаджибаев, халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов, бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б. Хусанов ҳамда молия вазири Т.А. Ишметов белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2022 йил 1 мартга қадар ахборот берилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                         Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 4 октябрь

Энг кўп ўқилганлар

Календарь