ИШ БИЛГАНГА МИНГ ТАНГА, ЛЕКИН...
23.10.2019 34152
05 October, 2024, 04:00
Ҳурматли ички ишлар тизими ходимлари!
Қадрли офицер ва генераллар, сержант ва сафдорлар!
Муҳтарам фахрийлар!
Аввало, сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ушбу қувончли айёмда сизларнинг ўз зиммангиздаги ғоят муҳим вазифаларни масъулият билан адо этиб келаётганингизни алоҳида таъкидлашни истардим.
Сўнгги йилларда ички ишлар органларини чинакам халқчил тузилмага айлантириш, аҳоли учун барча шаҳар ва қишлоқларда хавфсиз яшаш ва меҳнат шароитини яратиш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг қуйи бўғиндаги вазият ва муаммоларни чуқур ўрганиш асосида ҳар қайси маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда 350 дан зиёд маҳаллада ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилди, 9,5 мингга яқин маҳаллада профилактика инспекторлари фаолияти йўлга қўйилди.
Ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилдан бошлаб “маҳалла еттилиги” тизими ташкил этилди. Энди профилактика инспектори ана шу тизимнинг энг фаол аъзосига айланиб, вазиятни хонадонлар кесимида ўрганади. Биринчи навбатда, ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабр кўриш эҳтимоли юқори бўлган фуқароларни аниқлаб, уларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини “маҳалла еттилиги” имкониятларидан фойдаланган ҳолда ҳал этиш чораларини кўради.
Энг муҳими, жойларда вояга етмаганлар ва ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларни соғлом турмуш тамойиллари асосида тарбиялаш орқали ижтимоий жиҳатдан хавфли хатти-ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш бўйича амалиёт йўлга қўйилади.
Биз Янги Ўзбекистон шароитида “Барча ислоҳот ва ўзгаришлар – инсон қадрини юксалтириш учун” деган эзгу тамойилга содиқ қолган ҳолда, шу йўлда бошлаган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур. Бу борада ўтган даврда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида яратилган мустаҳкам ҳуқуқий базага таянамиз.
Ички ишлар органлари соҳасига рақамли технологиялар, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларига асосланган замонавий иш юритиш воситалари, сунъий интеллект ёрдамида фаолият кўрсатадиган ахборот-маълумот тизимлари жадал татбиқ этилмоқда. Жамоат жойларида вазиятни онлайн кузатиш, фуқароларнинг мурожаатларини масофадан туриб қабул қилиш, ҳуқуқбузарликларни инсон омили иштирокисиз қайд этиш амалиёти бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Азиз дўстлар!
Барчамиз яхши биламизки, ҳамма соҳаларда бўлгани каби ички ишлар тизимида ҳам юксак малакали, замонавий фикрлайдиган, ўз касбига, Ватанимиз ва халқимизга содиқ кадрлар ислоҳотлар тақдирини белгилаб беради. Шу маънода, мамлакатимиз ўз тараққиётининг ҳал қилувчи босқичига кўтарилаётган бугунги шароитда ҳар бир ходимдан етарли билимга эга бўлиш, мулоқот ва муомала маданиятини ошириш, ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам тўғри қарор қабул қилиб, зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариш учун ўз устида тинимсиз ишлаш талаб этилади. Барчамиз учун халқимиз ҳаёти энг катта мактаб эканини ҳеч қачон унутмайлик. Шу мактабда билим олиб, тобланиб, эл-юрт манфаатлари учун курашиб яшаш – бу энг олий саодатдир.
Шунинг учун жорий йилда қабул қилинган “Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси”да айни шундай қоида ва тамойиллар соҳа ходимлари фаолиятининг бош мезони экани қатъий белгилаб қўйилди. Ишончим комил, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этадиган ички ишлар органи ходими эл-юрт ўртасида албатта муносиб обрў-эътибор топади.
Маълумки, кейинги йилларда ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилди. Жумладан, бўлажак ходимларни болалигидан бошлаб ватанпарварлик руҳида, юқори малакали ҳуқуқшунос сифатида тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳар бир ходим навбатдаги унвонни олиши учун мажбурий тарзда касбий малакасини ошириши, раҳбарлик лавозимига тайинланиши учун Ички ишлар вазирлиги академиясининг бошқарув магистратурасида таҳсил олиши белгиланган ва бундай тажриба ўз ижобий самарасини бермоқда.
Ҳурматли соҳа ходимлари!
Ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган ишларимиз бундан буён ҳам изчил давом эттирилади.
Хусусан, ички ишлар органлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларининг 80 фоизи электрон шаклга ўтказилиб, тизимда бюрократия ва фуқароларни сарсон қилиш ҳолатлари бартараф этилади. Ҳар бир фаолият йўналиши бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва жамоатчилик томонидан мониторинг қилиб бориш амалиётини “маҳалла – туман – вилоят – республика” тамойили асосида ташкил этиш чораларини кўришимиз лозим.
Мухтасар айтганда, ички ишлар тизимидаги ислоҳотларимизнинг амалий натижасини соҳанинг ҳар бир ходими, биринчи навбатда, халқимиз ўз кундалик ҳаётида сезиши шарт.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларга ўз бурчингизни чуқур англаб, амалга ошираётган фидокорона меҳнатингиз учун самимий миннатдорлик билдираман. Сизларнинг машаққатли ва шарафли фаолиятингизни муносиб рағбатлантириш бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг эътибор марказида бўлади.
Эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ходимларнинг хотирасини ҳурмат билан ёд этиб, уларнинг оилалари ва фарзандларига байрам табригимиз ҳамда эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, масъулиятли хизматингизда янги муваффақиятлар тилайман.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Copyright © 2024 Наманган хақиқати газетасининг расмий веб сайти