Қисқа сатрларда

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

Иссиқхоналарда цитрус меваларни парваришлаш

23 April, 2024, 09:54

Ҳужжатлар

Референдум тўғрисидаги қонунга қандай ўзгартишлар киритилди?

  • 05.Августа.2022
  • 897

2022 йил 16 июнда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни имзоланди.

«Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра, референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан ҳам кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. 

Манфаатдор ташкилотлар, фуқаролар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ комиссияларига референдум ўтказилишига кечи билан 10 кун қолганида маълум қилади (илгари 15 кун эди).

Шунингдек, кузатувчилар ҳарбий қисмларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган референдум участкаларига бориши ҳақида референдум ўтказувчи участка комиссиясини камида 3 кун олдин хабардор қилиши керак.

Сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ташаббускор гуруҳи таркибига кирувчи шахслар референдум ўтказувчи округ ва участка комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир харажатлар сметасида кўрсатилган миқдорда транспорт, овқатланиш харажатларининг ва бошқа харажатларнинг ўрнини қоплаш мақсадида компенсация тўланади.

Референдум ўтказувчи участка комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкинлиги белгиланди.

Қонун билан «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, сайлов округининг ҳудуди бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказилганда ёки унинг ҳудудида янги маъмурий-ҳудудий бирлик ташкил этилган тақдирда ушбу сайлов округидан сайланган депутатнинг ваколатлари сақлаб қолинади.

Шунингдек, Сайлов кодексига «Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови» ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги Қонунга «Маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари ҳал этилаётганда сайлов округларининг чегараларини ўзгартириш» моддалари киритилди.

«Ўзбекистон Республикасининг Референдуми тўғрисида»ги Қонуни ўзида референдум ва уни ўтказиш шакли ҳамда тартиб-таомилини мужассам этган муҳим ҳужжат ҳисобланади ва бу муҳим жараён Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз бериши бўлиб, у ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги лозим. Зеро, эркин ва демократик давлатда яшаётган ҳар бир фуқаро референдумда иштирок этишни ўзининг конституциявий ҳуқуқи ва бурчи деб билиши шарт.

Фароғат РАЗЗОҚОВА, 
Тўрақўрғон туман адлия бўлими бошлиғи.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь