Қисқа сатрларда

Ҳамюртимиз «Тарих эътирофи» миллий мукофоти соҳиби бўлди

Хитой пойтахтида Наманган вилояти ваколатхонаси очилди

Марказ учун янги бино топширилди

Фаровон ҳаёт ва ривожланиш асоси

Наманганда фаол тиббиётчилар рағбатлантирилди

26 December, 2024, 08:59

Ҳужжатлар

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЮРИДИК ТАЪЛИМ ВА ФАННИ ТУБДАН ТАКОМИЛЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

  • 29.Апреля.2020
  • 1283

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ф а р м о н и

Сўнгги йилларда мамлакатда ўқув-педагогик жараёнга инновацион илғор ва халқаро таълим стандартларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва профессор-ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш, шунингдек, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашни назарда тутадиган юридик таълим тизимини такомиллаштириш бўйича бир қатор аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, миллий юридик таълимнинг самарадорлиги нисбатан пастлигича қолмоқда, бу юқори малакали мутахассис-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш ва мамлакатда юридик фанни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжудлиги билан изоҳланади.

Юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида рақобатнинг мавжуд эмаслиги миллий юриспруденция илмий мактабининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, ҳудудлардаги иқтидорли ёшлар учун тенг таълим олиш имкониятларини чекламоқда.

Ҳуқуқ соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалий жиҳатдан жорий этиш, ўқитишнинг илғор услубларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, замонавий талабларни инобатга олган ҳолда таълим стандартларини модернизациялаш ва ўқув дастурларини қайта кўриб чиқишга етарли эътибор берилмаяпти, бу эса юридик таълим сифати ва илмий салоҳиятнинг пасайишига олиб келмоқда.

Юридик таълим ва фан тизимини тубдан такомиллаштириш, уларнинг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини таъминлаш, юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, шунингдек, кенг юридик жамоатчиликнинг:

Тошкент давлат юридик университетини (кейинги ўринларда – ТДЮУ) “юриспруденция” мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш бўйича базавий олий таълим ва илмий-методик муассасаси этиб белгилаш;

Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар (кейинги ўринларда – юридик факультетлар) ташкил этиб, “юриспруденция” йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланган тартибда шакллантириладиган ва тасдиқланадиган квоталар бўйича қабулни, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабулни амалга ошириш;

давлат, ҳуқуқ ва сиёсий-ҳуқуқий таълимот соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институтини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар юридик таълим ва фанни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

замонавий талаблар, илғор халқаро юридик тажриба ва меҳнат бозори эҳтиёжлари асосида юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар тайёрлашни таъминлаш;

ўқитишнинг кредит-модуль тизимини ва талабалар билимини баҳолаш усулларини такомиллаштириш, ўқув жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш ҳамда ўқув базасини модернизациялаш;

клиник юридик таълимни ривожлантириш йўли билан ўқув жараёни ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўртасида узвий алоқани таъминлаш;

ривожланган хорижий давлатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни, қўшма ҳуқуқий тадқиқотларни, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўзаро алмашинувини фаоллаштириш;

ахборот ҳуқуқий технологиялар ва тизимларни (Legal Tech) ишлаб чиққан ҳолда давлат ва ҳуқуқ соҳасида илмий ва инновацион тадқиқотларни ўтказиш;

хорижий ҳамкорлар билан биргаликда юридик кадрларни тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини (double degree) амалга ошириш, ўқув-таълим жараёнига хорижий олимлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш;

“Электрон университет” (E-University) тизимини жорий этган ҳолда очиқ, шаффоф, субъективлик ва суиистеъмолчиликлардан холи бўлган таълим муҳитини яратиш;

ТДЮУ ва юридик факультетларни халқаро тан олинган таълим муассасалари рейтингига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш орқали миллий юридик таълим рақобатбардошлигини ошириш.

3. Юридик кадрларни тайёрлашга буюртма шакллантиришнинг шундай тартиби жорий этилсинки, унга мувофиқ:

ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларга қабул параметрлари юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни мониторинг қилиш ва прогнозлаштириш электрон платформасини яратган ҳолда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларида жорий ва истиқболдаги юридик кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ҳар бир ҳудуд, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳалар кесимида таҳлил қилиш асосида шакллантирилади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳар йили белгиланган муддатларда иш берувчиларнинг юридик кадрларга бўлган эҳтиёжлари ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим қилади;

мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташкилотлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектлари, юридик кадрларни тайёрлашга буюртмани шакллантиришда иштирок этишга, хусусан, ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларда кадрларни мақсадли тайёрлаш учун тўловни, улар томонидан ўқишни тугатганидан сўнг, шартномада белгиланадиган муддат давомида ташкилот-буюртмачида узлуксиз ишлаш мажбуриятини қабул қилган ҳолда, амалга оширишига ҳақли;

потенциал иш берувчилар билан биргаликда шартнома асосида мутахассислар тайёрлашни (таълим кластерлари) ташкил этган ҳолда юридик кадрларни тайёрлашга буюртма жойлаштириш учун юридик кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасаларини саралаш танлови жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда мунтазам равишда тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига, ўз юридик хизматларини ташкил этишда кўмаклашсин;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юридик маълумот зарур бўлган лавозимлар рўйхатини кенгайтирган ҳолда Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритсин.

4. Тошкент давлат юридик университети Васийлик кенгашининг янги таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Васийлик кенгаши зиммасига, қонун ҳужжатларида белгиланган вазифалар билан бир қаторда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, турли мулкчилик шаклидаги ташкилотлар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларида юридик кадрларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжни чуқур таҳлил қилиш асосида юридик кадрларни тайёрлашга буюртмани самарали шакллантиришни таъминлаш вазифаси юклансин.

5. Қуйидагилар:

ТДЮУда Нагоя университети (Япония) билан ҳамкорликда ташкил этилган япон тили ва ҳуқуқи ҳақидаги билимларга эга малакали юридик кадрларни тайёрлаш, академик алмашинув ва қўшма илмий ҳуқуқий тадқиқотларни ўтказишга кўмаклашувчи Япон ҳуқуқини ўрганиш маркази фаолият юритаётганлиги;

Регенсбург университети (Германия Федератив Республикаси) билан 2020 йилда ТДЮУда немис тили ва ҳуқуқини биладиган юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашга қаратилган Немис ҳуқуқи ва қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар марказини очиш тўғрисида келишувга эришилганлиги;

Буюк Британия ва Хитой Халқ Республикаси олий таълим муассасалари билан ТДЮУда инглиз ва хитой ҳуқуқини ўрганиш марказларини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ТДЮУга хорижий ҳуқуқни ўрганиш марказлари фаолиятини ташкил этишда ҳар томонлама кўмаклашиб борсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва ТДЮУнинг қуйидагилар тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

а) ТДЮУда Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети (кейинги ўринларда – Факультет) ташкил этиш, унинг зиммасига қуйидаги асосий вазифаларни юклаш:

халқаро хусусий ҳуқуқ, шу жумладан, халқаро арбитраж ҳуқуқини чуқур ўрганиш, шунингдек, миллий ва япон, немис ҳуқуқи ҳамда бошқа ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқ тизимларини қиёсий тадқиқ қилиш асосида юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш;

Япония, Германия ва бошқа ривожланган хорижий давлатлар ҳуқуқи ва ҳуқуқий тизимларининг қиёсий тадқиқотлари натижаларини ҳисобга олган ҳолда халқаро ҳуқуқ нормаларини имплементация қилиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

хорижий ҳуқуқ ва ҳуқуқий тизимларни қиёсий тадқиқ қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви ҳамда стажировкаларни тизимли асосда ташкил этиш;

конституциявий, фуқаролик, маъмурий, жиноят, жиноят-процессуал ва ҳуқуқнинг бошқа соҳаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

б) Факультетнинг асосий ҳамкорлари сифатида Япония томонидан – Нагоя университетини, Германия Федератив Республикаси томонидан – Регенсбург университетини белгилаш.

Белгилансинки:

хорижий ҳуқуқни ўрганиш марказлари Факультет таркибида фаолият юритади;

Факультет негизида хорижий таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳуқуқ соҳасида қўшма тадқиқот, ўқув-таълим ва бошқа лойиҳаларни ташкил этиш бўйича майдон яратилади;

Факультетдаги ўқув жараёнига хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари фаол жалб этилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч ой муддатда Нагоя ва Регенсбург университетлари ҳамда хорижий давлатларнинг бошқа олий таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар вакиллари билан музокаралар ўтказсин ва уларнинг натижаларига кўра қуйидагилар тасдиқланишини таъминласин:

2020-2025 йилларда етакчи япон, немис ва бошқа чет эллик олимларнинг юридик фанлар бўйича ўқув адабиётлари туркумини давлат тилига таржима қилиш ва чоп этишни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури;

2021-2022 йилларда хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви ҳамда стажировкаларни ташкил этиш жадвали.

Белгилансинки, ушбу бандда кўзда тутилган тадбирларни бажариш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда ҳомийлар ва донорлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Тошкент шаҳрида, инновацион ўқув жараёнини ташкил этиш учун зарур инфратузилмага эга ТДЮУнинг замонавий кампусини барпо этиш имкониятларини ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифлар киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ТДЮУ магистратурасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда – Давлат тест маркази) томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали қабул қилиш, базавий олий юридик маълумотга эга бўлган шахслар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурларини жорий этиш;

базавий олий юридик маълумотга ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви марказий органларида юридик йўналиш бўйича камида беш йил иш стажига эга бўлган раҳбар ходимларни магистратурага ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш дастурлари бўйича ўқиш учун қабулини тегишли давлат органининг биринчи раҳбари тавсиясига кўра, кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари амалга ошириш;

“юриспруденция” йўналиши бўйича бакалавриатни имтиёзли тугатган битирувчиларни ТДЮУ магистратурасига тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, ўқиш қийматининг 50 фоизини тўлаб, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУ, юридик факультетлар, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги лицейда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини юклаган ҳолда қабул қилиш тартибини жорий этиш;

ТДЮУ, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда пуллик асосда тайёрлов ва бошқа курсларни, ёзги ва қишки мактабларни, шу жумладан, чет эл фуқаролари учун ташкил этиш.

10. ТДЮУ ректорига бюджетдан ташқари (тўлов-контракт, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт) маблағлар ҳисобидан:

хорижий мутахассисларни консультант, маърузачи ва ўқитувчи сифатида жалб этиб, уларга меҳнат бозорининг амалдаги коньюнктурасини ҳисобга олган ҳолда иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаш;

ТДЮУ бакалавриат, магистратураси истиқболли битирувчилари ва ходимларининг хорижий таълим ва илмий муассасалари магистратура ва докторантурасида ўқиши қиймати ва у билан боғлиқ харажатлар учун тўловларни, улар томонидан ўқишни тугатгандан сўнг ТДЮУда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олиш шарти билан амалга ошириш;

ТДЮУ ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг иқтидорли талаба ҳамда ўқувчиларига стипендия ва грантлар ажратиш ҳуқуқи берилсин.

11. ТДЮУ молиявий барқарорлиги ва таълим хизматлари бозорида талаб юқорилигини инобатга олиб, 2020 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки, ТДЮУ ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтган олий таълим муассасаларига берилган ҳуқуқлар билан бир қаторда қуйидагиларни ҳам мустақил равишда амалга оширади:

таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг ўқув-услубий жараёнини мувофиқлаштириш, унинг тузилмасини, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, қабул параметрлари ва таълим йўналишларини белгилаш;

юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицей педагог ходимларининг меҳнатини меъёрлаштириш;

хорижий олий таълим муассасалари билан тузилган келишувлар асосида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда ТДЮУ, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда қўшма факультетлар ташкил этиш;

ўқиш учун тўлов миқдорини ўрнатган ҳолда ТДЮУ бакалавриат ва магистратурасига табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул параметрларини белгилаш;

бакалавриат ва магистратурага қабул қилишда тест синовлари фанлари мажмуасини, шунингдек, ўқиш муддатлари ва талабалар томонидан ўқув машғулотларига қатнаш тартибини белгилаш;

ТДЮУ ва ТДЮУ қошидаги академик лицейда номутахассислик фанларни ўқитиш ва факультатив машғулотлар ўтказишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги барча турдаги, шу жумладан, ТДЮУ ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг бино ва иншоотларини қуриш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича келишувларни тузиш ва амалга ошириш;

инновация ва илмий фаолиятни тижоратлаштириш ҳамда молиявий ресурсларни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилиш учун тижорат ва нотижорат ташкилотлар (стартап, жамғарма ва бошқалар) тузиш;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда молия йили учун ТДЮУ ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг даромадлар ва харажатлар сметасини, штат жадвалини, бизнес-режасини тасдиқлаш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш, ходимларига иш ҳақини тўлаш тизими ва тартибини белгилаш.

12. Тошкент давлат юридик университети фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч ой муддатда:

Коррупцияга қарши курашиш дастури, ходимлар ва талабалар (ўқувчилар)нинг одоб-ахлоқ кодексини, ходимларни коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этишга оғдириш мақсадида мурожаат қилиш ҳолатлари ҳақида хабардор қилишнинг шаффоф тартибини тасдиқлаш ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссияни тузиш;

ТДЮУни 2030 йилгача халқаро тан олинган ташкилотлар рейтингларидаги энг яхши олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш, шунингдек, унинг миллий рейтингдаги ўрнини юксалтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, Нотариал палата ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда адвокатлар, нотариуслар, ФҲДЁ органлари ходимлари, юрисконсультлар ва бошқа ходимлар малакасини ошириш тизимини замонавий талаблар ва халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

доимий асосда чоп этиладиган тақриз бериладиган талабалар юридик журналини таъсис этиш;

ТДЮУ қошида ТДЮУ ва юридик кадрлар тайёрловчи республиканинг бошқа олий таълим муассасалари талабаларини ихтиёрийлик асосида бирлаштирадиган ёш юристлар жамоат бирлашмасини ташкил этишга кўмаклашиш;

янги авлод дарсликлари ва ўқув қўлланмалари туркумини амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларни инобатга олиб, хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда тайёрлаш, шунингдек, мамлакатдаги ислоҳотларнинг замонавий босқичи эҳтиёжлари ва илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда ўқув режалари ва дастурларини янгилаш ва қайта кўриб чиқиш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқишни таъминласин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар фаолиятини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;

юридик факультетларни юқори малакали, замонавий таълим шакл ва услубларини эгаллаган, илмий салоҳият ва амалий иш тажрибасига эга бўлган педагог кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин;

юридик факультетларда ўқув жараёнини кредит-модуль тизими, замонавий таълим технологиялари, энг янги ахборот ва ўқув-лаборатория жиҳозларини кенг жорий этиш ва фойдаланиш асосида ташкил этсин;

юридик факультет ўқитувчиларининг ҳар йили Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатларнинг етакчи таълим муассасаларида, илмий-тадқиқот марказларида, қонунчилик, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органларида стажировка ўташи бўйича дастурлар тайёрланиши ва амалга оширилишини таъминласин;

уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига юридик факультетларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича асослантирилган таклифлар киритсин.

Юридик факультетлар ташкил этилаётган олий таълим муассасалари ректорларига юридик факультетлар профессор-ўқитувчилари учун уларнинг аниқ иш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, олий таълим муассасаларининг мазкур факультетларида талабалар ўқишидан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қўшимча устамалар белгилаш ҳуқуқи берилсин.

15. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларда:

номутахассислик фанлар сони қисқартирилиб, ўқув жараёни кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда ташкил қилинади;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилиб, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий этилади;

юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг қўшма таълим дастурларини ҳамда қўшма факультетларини тугатгандан сўнг ўқишни давом эттирган шахсларга берилган хорижий таълим муассасаларининг белгиланган шаклдаги дипломлари (бакалавриат, магистратура) Ўзбекистон Республикасида қўшимча маъмурий тартиб-таомилларсиз олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинади;

базавий олий юридик маълумотга эга, юридик техникумларда камида уч йил ишлаган педагог ва раҳбар ходимлар ТДЮУ магистратурасига кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари, ўқишни тугатгандан сўнг тақсимот бўйича адлия органлари ва муассасаларида, биринчи навбатда, юридик техникумларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини олган ҳолда, кириш ҳуқуқига эга;

б) 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ қошидаги академик лицейда қабул тартиби ва параметрлари, шунингдек, ўқиш учун тўлов миқдори ТДЮУ томонидан мустақил белгиланган ҳолда, тўлов-контракт, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қўшимча қабул тартиби жорий қилинади;

в) 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчилари ТДЮУга кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали, тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари кириш ҳуқуқига эга.

16. Белгилансинки:

“Ҳуқуқ” таълим соҳаси учун давлат таълим стандарти Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқланади;

ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумлар профессор-ўқитувчилари ва бошқа ходимлари вазирликлар ва идораларнинг ўқув, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий фаолияти, шунингдек, шартномалар доирасида кўрсатиладиган хизматлардан ташқари бошқа ишларга жалб этилиши мумкин эмас;

асосий воситалар ва товар-моддий бойликларни сотиш, пуллик курсларни ташкил этиш ва бошқа турдаги хизматларни кўрсатишдан тушадиган барча маблағлар, ТДЮУ ва юридик техникумларнинг ривожлантириш жамғармаларида тўпланади, улар мазкур маблағларни мустақил равишда тасарруф қилади;

2020 йил 1 майдан бошлаб ТДЮУ, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг мол-мулкини ижарага беришдан келиб тушадиган маблағлар электрон савдо майдончаси оператори тўловини чегириб ташлаган ҳолда, тўлиқ ҳажмда мазкур муассасаларнинг ривожлантириш жамғармаларига ўтказилади;

ТДЮУга масофавий, сиртқи ва кечки ўқитиш шаклларини ташкил этиш ҳуқуқи берилади;

ТДЮУ олий таълим муассасаларининг тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушган маблағлари ҳисобидан шакллантириладиган жамғармаларга ўтказиладиган барча ажратмалардан озод қилинади.

17. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қуйидаги ваколатлар берилсин:

юридик техникумларда тўлов-контракт асосида ўқиш қиймати ва уни тўлаш муддатларини, шунингдек, табақалаштирилган тўлов-контракт бўйича қўшимча қабул параметрлари ва ўқиш қийматини тасдиқлаш;

ТДЮУ, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицейнинг маъмурий-бошқарув, ўқув-ёрдамчи, муҳандислик-техник, хизмат кўрсатиш ва бошқа ходимлари намунавий штатларини (нормативларини), шунингдек, юридик техникумлар тузилмасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

ТДЮУ, юридик техникумлар ва ТДЮУ қошидаги академик лицей ходимлари иш ҳақи миқдорларини бюджетдан ташқари (тўлов-контракт, шу жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт) маблағлар ҳисобига мазкур муассасаларнинг раҳбар ходимлари ва ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига тенглаштириш;

илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, юридик техникумларда ўқиш муддатлари ва шаклини белгилаш;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг йиллик ва бошқа молиявий ҳисоботларини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш;

ТДЮУ ректори ва Кенгаши ваколатларини, шунингдек, юридик техникумлар ходимлари иш ҳақи тизими ва тартибини белгилаш;

адлия органлари ва муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларининг иқтидорли талабаларига (ўқувчиларига) стипендиялар ва грантлар, шунингдек, адлия органлари ва муассасалари ходимларига хорижий таълим, илмий ва бошқа ташкилотларда ўқиш, стажировка ўташ ва улар билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун грантлар ажратиш.

18. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

а) назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган маърузалар, маҳорат дарслари ва ўқув семинарларини ўтказиш учун вазирлик ва идораларнинг амалиёт ходимларини жалб қилиш орқали ўқув жараёнини самарали ташкил этишда ТДЮУ ва юридик факультетларга доимий равишда ҳар томонлама кўмаклашсин;

б) уч ой муддатда:

ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларнинг педагоглар таркиби томонидан адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан ҳамда ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларда асосий иш жойи сақланган ҳолда адвокатлик фаолиятини амалга ошириш тартибини ўрнатиш бўйича таклифларни киритсин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалий машғулот ва тадқиқотлар учун зарур шарт-шароитларни яратган ҳолда ТДЮУ ва юридик факультетлар кафедраларини ташкил қилишини таъминласин;

ТДЮУ, юридик факультетлар ва юридик техникумларга ўз идораларидаги статистик, архив ва бошқа маълумотларга тўсиқсиз киришни (ахборотдан фойдаланиш қонун билан чекланган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек, таълим тадбирларини ўтказиш имконини берувчи видеоконференц-алоқа тизимига уланишни таъминласин.

19. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида юридик кадрларни тайёрловчи таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўқишга қабул қилиш ва ўқув жараёнини ташкил этиш тартибини ушбу Фармон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича чораларни кўрсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилсин.

21. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 июндаги “Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–1990-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

22. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

23. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

24. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти           Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2020 йил 29 апрель

Энг кўп ўқилганлар

Календарь