Қисқа сатрларда

Қадимий объектга салкам 7 млрд. сўм зарар етказилганлиги аниқланди

Тожикистонда «Ахсикент археология парки» китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Баҳорги иссиқхоналарда помидор етиштириш

Гилос етиштириш ва мўл ҳосил олиш сирлари

Наманган-Хитой: инвестицион ҳамкорлик истиқболлари

25 April, 2024, 10:09

Ҳужжатлар

"ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН" УНИВЕРСИТЕТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

  • 23.Июня.2021
  • 659

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и

 

Кейинги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳа ва тармоқларини XXI асрнинг юксак демократик талаблари асосида янгилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини таъминлаш, жаҳон ҳамжамияти билан уйғун ва ҳамнафас бўлиб яшаш, миллий тикланишдан миллий юксалишга эришиш йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай стратегик мақсадларнинг энг муҳим узвий қисми бўлган илм-фан ва таълим-тарбия тизимини, жумладан, олий таълим тараққиётини янги босқичга кўтариш устувор масала сифатида кун тартибига қўйилмоқда.

Айни шу асосда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларидан бири бўлган билим олиш, замонавий касб-ҳунарлар, малака даражаларини эгаллаш бўйича катта имкониятлар яратилмоқда.

Қисқа муддатда республикамизда олий таълим муассасалари сони қарийб икки баробар ошгани, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, янги олийгоҳлар, хусусан нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари очилаётгани, тизимда ўқишнинг кундузги шакли билан бирга кечки ва сиртқи бўлимлар фаолияти йўлга қўйилгани, мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига қамрови 2016 йилдаги 9 фоиздан бугунги кунга келиб 28 фоизга етганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шу билан бирга, бугунги кунда биз ўз олдимизга қўйган, ҳар томонлама ривожланган янги Ўзбекистон давлати ва жамиятини барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек улкан вазифалар юртимизда юксак интеллектуал салоҳиятга эга бўлган, жаҳон меҳнат бозори, илм-фан ва технологиялар оламида рақобатдош, замонавий билим ва кўникмаларни чуқур ўзлаштирган, юқори малакали, мустақил фикрлайдиган, ватанпарвар кадрлар тайёрлашнинг умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосидаги инновацион тизимини шакллантириш борасидаги ишларимизни сифат жиҳатидан янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Бунда, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимиз олий таълим тизимининг байроқдори – флагмани сифатида республикамиз ва дунё тажрибасининг энг илғор ютуқларини ўзида мужассам этадиган, барча институт ва университетларимизга намунавий модель бўлиб хизмат қиладиган янги замонавий университетни ташкил этиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Халқимиз, аввало, ёшларимизнинг талаб ва истакларини ҳисобга олиб ҳамда мамлакатимизнинг олий таълим соҳасидаги кадрлар тайёрлаш салоҳиятини ошириш, бу борада фарзандларимиз учун янада кенг имконият ва шароитлар яратиш мақсадида:

1. Мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳрида "Янги Ўзбекистон" университети (кейинги ўринларда – Университет) ташкил этилсин.

Белгилансинки:

Университет давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади;

Университетда таълим жараёни нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилади;

Университетни тамомлаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига олинади ҳамда 5 йиллик иш тажрибасидан сўнг раҳбарлик лавозимига тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади;

Университет Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ва давлат тилида номи туширилган муҳр, банк ҳисобварақлари, штамп ва бошқа реквизитларига эга бўлади.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

нуфузли хорижий олий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак замонавий касбий билим ва малакага эга бўлган, халқаро миқёсда рақобатбардош, истиқболли кадрларни тайёрлаш;

ўқув-тарбия жараёнини илғор педагогик ва замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жаҳоннинг етакчи университетларида жорий этилган таълим технологиялари ва усуллари асосида ташкил этиш;

талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, билимини амалий тажрибалар орқали мустаҳкамлашга, ўқув материалларини самарали ва пухта ўзлаштиришга хизмат қиладиган ҳар томонлама қулай таълим муҳитини шакллантириш;

ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шунингдек, чет эллардаги нуфузли, тан олинган илмий марказлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, талабаларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш;

таълимнинг узлуксизлиги ва сифатини таъминлаш борасида Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга методик ёрдам кўрсатиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) Университет қуйидагиларни мустақил равишда амалга оширади:

Университетнинг тузилмасини ва штатлар жадвалини тасдиқлаш, шунингдек, бакалавриат ва магистратурада ўқиш тартибини белгилаш;

хорижий олий таълим муассасалари билан тузилган келишувлар асосида таълим йўналишларини белгилаш, ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлаш ҳамда педагог ходимларнинг меҳнатини меъёрлаштириш;

юқори малакали, жумладан, хорижий мамлакатлардаги етук мутахассисларни жалб этиш, уларга меҳнат бозорининг амалдаги конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда Университет ходимларининг иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорини белгилаш;

бакалавриат, магистратура ва докторантурага қабул қилиш шартларини, шунингдек, талабаларни қабул қилишда тест синовлари фанлари мажмуасини ва ўқиш учун тўлов миқдорини белгилаш;

инновация ва илмий фаолиятни олиб бориш, илм-фан ютуқларини тижоратлаштириш ҳамда молиявий ресурсларни жалб этиш учун тижорат ва нотижорат ташкилотлар (стартап, жамғарма ва бошқалар) тузиш;

хорижий таълим ва илмий ташкилотлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш ҳамда ўз фаолиятига оид молиявий-иқтисодий ва маъмурий бошқарув юзасидан қарорларни қабул қилиш;

б) Университетда таълим-тарбия жараёнлари миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида олиб борилади ҳамда талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат ва садоқат, халқ манфаатлари учун хизмат қилиш туйғуси билан яшайдиган баркамол авлод сифатида тарбиялашга хизмат қилади;

в) Университетда таълим жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади ҳамда давлат ва инглиз тилларида, кредит-модуль тизими асосида олиб борилади;

г) Университетда таълим жараёни давлат гранти ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади;

д) талабаларни қабул қилиш параметрлари Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) билан келишган ҳолда Университет томонидан ўрнатилади;

е) Университетда унинг илмий салоҳиятидан келиб чиқиб, илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;

ж) Университетда таълим жараёни “фан – таълим – ишлаб чиқариш интеграцияси” тамойили асосида ташкил этилиб, талабалар 1-курсдан ишлаб чиқариш ва илмий-тадқиқот марказларига бириктирилади ҳамда битирувчи курс талабалари учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан етакчи хорижий олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш ва битирув олди амалиётини нуфузли хорижий компанияларда ўташ имконияти яратилади;

з) Агентлик Университетга малакали профессор-ўқитувчиларни, жумладан, хорижий мамлакатлар мутахассисларини жалб қилишга яқиндан кўмаклашади;

и) Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университет томонидан белгиланган намунадаги диплом берилади;

к) Университетда талабалар бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун спорт тўгараклари, санъат студиялари, кутубхона ва экскурсиялар ташкил этилади, турли тренинг ва маданий учрашувлар ўтказилади.

4. Университетда иқтидорли талабаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш учун давлат гранти қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:

халқаро даражадаги тегишли дастурлар (International Baccalaureate, Advanced Placement, International Advanced Levels) дипломи ёки сертификатига эга Президент мактаблари битирувчиларига;

Агентлик тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ажратиладиган қабул параметрларига мувофиқ кириш имтиҳонлари асосида ушбу мактаблар битирувчиларига;

Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган Халқаро математика олимпиадаси (IMO), Халқаро физика олимпиадаси (IPhO), Халқаро кимё олимпиадаси (IChO), Халқаро биология олимпиадаси (IBO), Халқаро информатика олимпиадаси (IOI) ғолибларига;

Университетга кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;

Университетга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандларига.

Агентлик бир ой муддатда давлат грантини бериш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. “Янги Ўзбекистон” университетининг фаолиятини йўлга қўйиш бўйича “йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Агентлик томонидан Университетда таълим жараёнларини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш бўйича Америка Қўшма Штатларининг Массачусетс технология институти, Стенфорд университети, Буюк Британиянинг Кембриж университети, Германиянинг Мюнхен техника университети ва бошқа нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан музокаралар олиб борилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Агентлик:

а) бир ой муддатда:

Университет уставининг тасдиқланиши ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

музокаралар якуни бўйича ҳамкор хорижий олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли келишувга эришиш чораларини кўрсин;

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб жорий этиладиган таълим йўналишларини белгиласин;

б) икки ой муддатда Университетни чуқур билим, юқори касб маҳоратига эга, тажрибали раҳбар ва педагог кадрлар ҳамда малакали мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўрсин;

в) факультетлар ва таълим йўналишлари очилишидан келиб чиқиб, ўқув режалари ва фан дастурларини жорий этиш учун Университетни зарур моддий-техника воситалари, дарсликлар, ўқув ва методик адабиётлар, лаборатория асбоб-ускуналари, сарфланадиган лаборатория материаллари билан бутлаш чораларини кўрсин ҳамда илғор электрон маълумотлар базаларига доимий уланишини таъминласин;

г) Университетга ҳомийлик, грант ва бюджетдан ташқари маблағларни, техник кўмак ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағларни жалб этишга кўмаклашсин.

7. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Агентлик ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Университетда таълим жараёнини 2021/2022 ўқув йилидан ташкил этиш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

8. 2024 йил 1 июнга қадар Агентлик ва Университет томонидан олиб келинадиган ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари, сарфланадиган лаборатория материаллари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, мультимедиа маҳсулотлари, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, қурилиш материаллари, инвентарь ва моддий-техника ресурслари божхона божидан озод этилсин.

9. Ички ишлар вазирлиги Университетнинг буюртманомаларига биноан Университет хорижий профессор-ўқитувчилари ва маъмурий ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча яшаш жойида рўйхатдан ўтказилиши ҳамда рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини таъминласин.

10. Вазирлар Маҳкамаси:

Университет кампусини қуриш учун Тошкент шаҳрида зарур ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш чораларини кўрсин;

хорижий лойиҳа ва пудрат компанияларини жалб этган ҳолда Университет учун замонавий ўқув кампуси лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва халқаро стандартлар асосида қурилишини таъминласин;

янги бино қурилгунга қадар Университетни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг бўш майдонларида вақтинчалик жойлаштирсин.

11. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 23 июнь

Энг кўп ўқилганлар

Календарь