Қисқа сатрларда

Наманганда ноутбук ва планшет ишлаб чиқарилади

Экинингизни картошка куясидан эҳтиёт қилинг!

Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари чекланган ҳолда ўтказилади

Ўн бешта ҳудудда IT-шаҳарча ташкил этилади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди

15 May, 2024, 09:30

Жамият

500 МИЛЛИАРД СЎМ: 2020 ЙИЛДА МАНСАБДОР ШАХСЛАР ЖИНОЯТЛАРИ ОҚИБАТИДА ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ МАНФААТЛАРИГА АЙНАН ШУНЧА МОДДИЙ ЗАРАР ЕТКАЗИЛГАН

  • 23.Января.2021
  • 788

Коррупциянинг хавф-хатари шу даражада кучли ва давлат хавфсизлигига таҳдид солар экан, бу иллатга қарши кураш ҳам шу даражада кескинлик билан, кенг миқёсда ва изчил олиб борилиши лозим. Бу «ижтимоий офат» давлат амалдорлари, сиёсатчилар, тадбиркорлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини ҳам ўз комига олиб, миллий иқтисодни қўпоради, ижтимоий барқарорликни издан чиқаради, жамият аъзоларининг давлатга ишончини сусайтиради.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан ҳам коррупцияга қарши курашишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, коррупцияга қарши курашиш ишларини ташкил этишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамият аъзолари бўлган фуқароларимиз онгида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни мунтазам равишда шакллантириб бориш мақсадида ўтган йил давомида 217  марта тарғибот ишлари ўтказилди ва унинг 42 тасини ОАВ орқали чиқишлар ташкил этади.
Экспертлар томонидан жамиятда коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса сифатида намоён бўлиб, унга қарши курашишда алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмаслиги айтилади. Коррупцияга қарши курашишга қаратилган фаолият комплекс-мажмуавий тарзда, мунтазам равишда, изчил амалга оширилиши яхши натижа бериши мумкин.


Ҳар бир давлат коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционерга эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларни бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлади. Шу боис, давлатимиз раҳбари бу иллатга қарши курашишга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Дарҳақиқат, коррупция баратараф этилса, мамлакатда ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратилади, жамиятнинг барча тармоғи ривожланади.
Коррупцияга қарши курашишда ва унинг олдини олиш мақсадида фуқароларда коррупцияга муросасизлик маданиятини шакллантириш; 
фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш; 
давлат хизматчиларини ижтимоий ҳимоялаш норматив-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқиш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини ислоҳ қилиш;
мансабдор шахслар ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш; 
барча давлат органлари ходимларини мансаб вазифаларини ҳудудий ва соҳавий принцип асосида тизимли равишда ўзгартириб туриш (ротация) мақсадга мувофиқ. 


Коррупцион жиноятларнинг аксарияти маълумки, мансабдор шахслар томонидан содир этилади. Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2020 йил давомида республика бўйича жами 1.148 та жиноят иши бўйича 1.723 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 9 нафари республика, 45 нафари вилоят ва 1.669 нафари туман-шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган. Ачинарлиси, уларнинг 132 нафари пора олиш (бериш) ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш, 58 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, 31 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш жиноятларни содир этган. Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 500,1 млрд. сўм миқдорида моддий зарар етказилиб, тергов жараёнида зарарнинг 355,7 млрд. сўми ундирилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётига жиддий путур етказади. Қолаверса, фуқароларнинг ижтимоий адолат, ҳақиқат ҳамда давлат органларига бўлган ишончини йўқотади. Шунинг учун ҳам бугуннинг ўзида коррупцияга қарши кескин чоралар ишлаб чиқилмас экан, у демократик давлатнинг сиёсий ва ижтимоий институтларига салбий таъсир кўрсатади, мамлакат хавфсизлигига, умуман, жамиятга таҳдид солади.

Аслиддин БОЛТАЕВ,
Бош прокуратура бошқарма прокурори.
Дилмурод РАҲМАТОВ, 
вилоят прокурорининг
катта ёрдамчиси.

Энг кўп ўқилганлар

Календарь