Қисқа сатрларда

Фотожурналистларимиз нигоҳидаги Ҳиндистон

Халқ табобати маркази очилди

Институтда мeҳнат ярмаркаси ўтказилди

Наманганда энг яхши мактаб театр группаси сараланди

Наманганлик иқтидор соҳиблари Бўзатовга боради

04 May, 2024, 04:48

Жамият

Алимент олувчининг ҳуқуқлари — қонун ҳимоясида

  • 23.Июня.2023
  • 665

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болаларнинг маънавий ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ҳуқуқий кафолатлар яратилган. 

Соғлом оилани шакллантириш, маънавий-аҳлоқий муҳитни қарор топтириш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган, хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эмас, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (ўттиз кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини бермайди, алиментларни тўламаганлик учун жазо сифатида жарима солиниши янада кўпроқ молиявий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Жорий йилда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 

Қонунга асосан Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам ўзгартиш ҳамда қўшимча ва тўлдиришлар киритилди.

Жумладан, “Кодекс 281-модда билан тўлдирилиб, алимент тўлашдан бўйича товлаган ҳуқуқбузарларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш тартиби белгиланди, унга мувофиқ ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш ҳуқуқбузарни ижтимоий фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий равишда жалб этишдан иборат бўлиб, у судлар томонидан саккиз соатдан икки юз қирқ соатгача бўлган муддатга тайинланади. Агар ҳуқуқбузар ўқиётган бўлса, жамоат ишлари ўқишдан бўш вақтда бажарилиши, ҳуқуқбузарлар ҳақ тўланадиган жамоат ишларини ўташи мумкин бўлган жойлар (объектлар) ва ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг турлари мазкур жазонинг ижросини назорат қилувчи органлар — ички ишлар органларининг пробация бўлинмалари томонидан белгиланади. Ҳақ тўланадиган жамоат ишлари пенсия ёшига етган шахсларга, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, хомиладор аёлларга, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларга, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, доимий ишга эга шахсларга, ҳарбий хизматчиларга нисбатан қўлланилмайди. Ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар иш ҳақининг эллик фоизи алимент мажбуриятлари бўйича қарзни тўлашга йўналтирилади. Ҳуқуқбузар жазони ўташдан бўйин товлаган тақдирда, суд ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг ўталмаган муддатини ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг тўрт соати учун маъмурий қамоқнинг бир кунига тенг жазо билан ёхуд ҳақ тўланадиган жамоат ишларининг саккиз соати учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг жарима билан алмаштиради. Бунда маъмурий қамоқнинг муддати ўн беш суткадан, жариманинг миқдори эса базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ошмаслиги керак. Жазони ўташдан бўйин товланилган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди»; 291-модда қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди «Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юбориш Ўзбекистон Республикаси фуқаросига алимент тўлаш бўйича мажбуриятларга эга бўлган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилмайди» деб белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, алимент ундирувчиларнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 99, 140-моддаларига асосан ҳимояланган бўлиб, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини бажармаган ота ёки онадан алимент суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан мажбурий тартибда ундирилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда инсон қадри ва манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мустаҳкам ҳуқуқий асослар билан таъминланар экан, жамиятда “Инсон-жамият-давлат” тамойили мустаҳкамланиб, фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданияти юксалишига эришилади.

У. НИШОНОВА,

Наманган вилояти маъмурий суди судьяси. 
С. РАҲИМОВ,

Наманган туманлараро маъмурий суди судьяси. 
 

Энг кўп ўқилганлар

Календарь